Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган кун  (2-қисм)

 

– Улуғ ва қудратли Аллоҳдан сизга салом бўлсин. Гарчи Аллоҳ таоло аҳволингизни сиздан яхшироқ билгувчи бўлса-да, ўзингизни қандай ҳис қилаётганингизни сўради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом

– Ўзимни нимжон ҳис қиляпман, – дедилар. Жаброил алайҳиссалом:

– Аллоҳ таоло ўзи тайёрлаб қўйган неъматга сизни мушарраф қилмоқни ирода этди. Роббингиз сизга муштоқдир. Аллоҳга қасамки, ўлим фариштаси шу пайтгача биронтасидан ҳузурига кириш учун изн сўрамаган ва бундан кейин ҳам сўрамайди. Лекин сиздан изн сўради. Буларнинг барчаси шарафингизни комил даражага кўтариш учун Роббингизнинг сизга марҳаматидир, – деди.

– У ҳолда то ўлим фариштаси келгунча, мени тарк этма, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламЖаброил алайҳиссаломга. Сўнгра аҳли байтни ичкарига чорладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Эй Фотима, яқинроқ кел, – дедилар.

Фотима отасининг ёнига борди ва энгашди. Пайғамбар алайҳиссалом суюкли қизларининг қулоғига нимадир шивирладилар. Фотима бошини кўтарди, унинг кўзларидан ёш томди, сўзлашга мажоли йўқ эди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

– Бошингни менга яқинроқ тут, – дедилар. Фотима энгашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламунинг қулоғига ниманидир пичирладилар. Фотима жилмайиб бошини кўтарди. Биз бу ҳолдан ажабландик. Кейинроқ бу ҳақда Фотимадан сўраганимизда:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Бугун мен вафот этаман”, – деб қулоғимга шивирладилар, йиғладим. “Аҳлимдан биринчи бўлиб олдимга етиб келувчи ва мен билан бирга қолувчи сен бўлишингни Аллоҳдан сўрадим”, – деб пичирладилар, жилмайдим, – деди.

Сўнгра Фотима икки ўғлини Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнига олиб келди. Пайғамбар алайҳиссалом уларни ҳидладилар. Кейин ўлим фариштаси келди, киришга изн сўради. Пайғамбар алайҳиссалом унга изн берди. Ўлим фариштаси деди:

— Эй Муҳаммад! Бизга нимани буюрасиз?

— Энди мени Роббимга етказинг.

— Ҳа, бугун шу иш бўлади. Албатта Роббингиз сизга муштоқ...

Ўлим фариштаси чиқди. Жаброил алайҳиссалом келиб, деди:

– Салом сизга эй Аллоҳнинг расули! Мана шу келишим – ерга охирги тушишимдир. Ваҳий кесилди, дунёнинг поёни кўринди. Энди ер юзида Сиздан ўзга, Сизнинг ҳузурингизда бўлишдан ўзга ҳожатим қолмади...

Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васалламнинг пешоналаридан шу даражада кўп тер қуюлаётган эдики, ҳеч бир инсонда бунақасини кўрмаганман. Терларини арта бошладим, жуда ёқимли, бу дунёда мисли йўқ хуш бўй таралди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар сафар ҳушларидан кетаётиб: “Рафиқул аъло” (яъни, “энг олий рафиқим, дўстим Аллоҳни истадим”) дердилар. Қачон сўзлашга мадорлари бўлса: “Намоз! Намоз! Албатта намозни жамоат бўлиб адо қилар экансиз, бирлигингиз бузилмагай, мустаҳкам бўлгай”, дердилар.

Шу тариқа Набий алайҳиссалом то сўнгги нафасларигача “намоз”, “намоз” дея ибодатга буюрдилар» (Имом Табароний ривояти).

Ойша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам жон таслим қилганларида, одамлар саросимага тушишди. Дод-фарёдлар кучайди. Фаришталар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзининг кийимига ўрадилар”.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куни чошгоҳ ва пешин оралиғида дунёдан кўз юмдилар” (Ибн Абдулбар ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга охирги назар солганимда у зот пардани очдилар. Одамлар Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ортида сафда туришган эди. Абу Бакр ортига тисарилмоқчи бўлди. У зот “тураверинглар” деб ишора қилдилар ва пардани туширдилар. У зот ўша куннинг охирида вафот этдилар. У кун душанба эди».(Имом Муслим, Имом Насоий ривояти).

Одам боласининг афзали, Пайғамбарларнинг охиргиси, оламларнинг сарвари бўлган зот ана шу тариқа фоний дунёдан боқий дунёга ўтдилар.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анхудек зот пайғамбаримизнинг ўлимларини эшитганда, қиличини ялонғочлаб ҳовлида югириб юрардилар, ким Расулуллоҳни ўлди бўйнидан жудо қиламан дер эдилар.

Абу Бакр келиб: “Эй Умар, у зот вафот этдилар, кимки Аллоҳга ибодат қилса у харгиз ўлмайди, барҳаёт. Кимки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ёки бошқага ибодат қилса, ҳамма ўлади” деди. “Сиз ҳам бир куни вафот этасиз”, деган маънодаги оятни ўқиди.

Билол розияллоҳу анҳу муҳаббати туфайли Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин Мадинани тарк этиб чиқиб кетди.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу, Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ювиб, қабрга қўйдилар.

Абу Толҳа розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учун лаҳад қазидилар.

Марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ бундай ёзадилар[1]: “Бу ёзишга ёки айтишга осон гапга ўхшайди. Ҳа, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши танимаган, маълум тарбия кўрмаган, алоҳида севги билан боғлиқ бўлмаган, қадр-қийматларини тўлиқ тушуниб етмаган киши учунгина осон. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларини яхши таниган, маълум тарбия кўрган, У зотга алоҳида севги билан боғлиқ бўлган ва қадр-қийматларини тўлиқ тушуниб етган одам бунга ўхшаш гапларни оддий гап сифатида айтиб, ёзиб ёки эшитиб кета олмайди. Балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли ҳар бир гапни, хусусан, Рафиқи Аълога интиқол қилишларига тегишли ҳар бир сўзни алоҳида дард билан, алоҳида ҳис билан, алоҳида ҳол билан айтиш, ёзиш ёки эшитиш мумкин, холос.

Тажрибанинг кўрсатишича, қалбларнинг ҳабиби бўлмиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларидаги гаплар ва маълумотлар қайтадан эсланганда ҳар сафар янгича руҳоният, янгича шавқу завқ, янгича севги, янгича бир ҳолат касб этади.

Албатта, бу ҳолни қалам билан сатрларда ифода этиб бўлмайди. Ҳар нарсага қодир Аллоҳдан тилагимиз шулки, бу ҳис, бу туйғу, бу ҳолни яхшилик томон яна ҳам зиёда қилсин”.

Аллоҳумма солли ва саллим аъла Саййидина Муҳаммад ва аъла оли Муҳаммад.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

 

  1. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. Нубувват ва рисолат. «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти. Тошкент. 2006.
Read 2311 times

Мақолалар

Top