Мақолалар

Эъзоз ва эҳтиромга муносиб зотлар

1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”

Инсоннинг дунёга келиши ва яхши  ҳаёт кечириши учун моддий жиҳатдан ота-онанинг ҳиссаси катта бўлади. Лекин маънавий томондан баркамол бўлиши учун устозларнинг ўрни алоҳида. Шу сабаб халқимизда устоз отангдек улуғ деган ҳикматли гап бекорга айтилмаган. Инсоннинг икки дунёда саодатли бўлиши учун ҳам устозларнинг хизмати беқиёс. Устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдузлар. Улар туфайли инсонлар тўғри йўлни топади ва жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етишади.  

Ҳар йили 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни юртимизда кенг нишонланади. Қадимдан диёримизда устозга бўлган чуқур ҳурмат сақланиб қолган. “Домла”, “Муаллим”, “Устоз” каби улуғ номлар билан уларни эҳтиром қилишган.

Дунёда касблар жуда кўп, ҳар бирининг ҳаётда ўз ўрни ва аҳамияти бор. Лекин улар орасида бир улуғ касб борки, бошқа барча касблар унинг негизида шаклланади ва тараққий этади. Бу ўқитувчилик касбидир.

Устоз, муаллимлик касбларнинг энг машаққатлиси. Кимдир шифокор ва ҳарбий бўлиш ҳам қийин. Аммо шифокорни  ва ҳарбийларни ҳам мураббий тарбиялайди.

Юртимизда ўқитувчилар меҳнатини қадрлаш, уларга ҳар жиҳатдан ғамхўрлик кўрсатиш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда боғча, мактаб, коллеж-лицей ва олий таълим тизимида ишлаётган тарбиячи, ўқитувчи ва устозлар меҳнатини муносиб қадрлаш, уларнинг иш ҳақини, жамиятдаги нуфузини ошириш бўйича муҳим қадамлар қўйилмоқда.

Ҳар йили 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни юртимизда кенг нишонланиб келинади. Юртбошимиз бундай деган эди: “Бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз “Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак” деган ғояни амалга оширишга қаратилмоқда. Бунинг учун давлат ва жамият томонидан қанча маблағ, ресурс ва имкониятлар зарур бўлса, барчасини сафарбар этамиз”.

Давлатимиз раҳбарининг қатор фармонларига кўра, таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларнинг кўпчилиги Ватанимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланмоқда. Шунингдек, соҳада алоҳида ўрнак кўрсатган устоз ва мураббийлардан  бир қанчаси соҳага масъул вазирликлар томонидан қатор диплом ва совринлар билан тақдирланиб келинмоқда. Таълим соҳасида фаолият олиб бораётган педагогларга давлатимиз томонидан қатор имтиёзлар берилмоқда. Бу уларнинг руҳияти, меҳнатига бўлган муносабатнинг тубдан ўзгаришига сабаб бўлмоқда.  

 Маърифатпарвар аллома Абдулла Авлоний: “Ҳар бир муаллимнинг саодати, давлатларнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир”, деган эди.  

Диёримизда устозлар улуғланиб келинган. Мисол учун, соҳибқирон бобомиз Амир Темур ўз васиятида хокини устози Саид Барака қабри пойига қўйишларини айтган.

Дарҳақиқат, устоз буюклар ичра буюк. Зотан, Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Берунийларнинг ҳам илм оламига илк тетапоялари оддий ўқитувчи, устоз кўмагида ташланган.

Доно халқимиз устозларни эзозлаб: “Устознинг умри – мангу, чунки шогирдлар умри унга уланади”, дейди. Илм нури устознинг қалбидан шогирднинг қалбига ўтади. Агар устоз бўлмаса, бу нур қалбга кирмайди.

Машҳур олим, ватандошимиз Бурҳониддин Марғиноний бундай ҳикоя қилади: “Бир куни Бухоронинг олимларидан бири илм даргоҳида шогирдларига дарс бериб ўтирар экан, дарс асносида гоҳ-гоҳ ўрниларидан туриб, сўнг яна қайта ўтирарди. Бу ҳол бир неча бор қайтарилгандан сўнг, шогирдлари бунинг сабабини сўрашди. У зот: “Устозимнинг кичик ёшли ўғли болалар билан кўчада ўйнаб юрибди, гоҳида эшик олдига келяпти, ҳар келганида устозимга ҳурмат ўлароқ ўрнимдан туряпман,” деб жавоб берганлар”.

Олимларимиз ҳаёти биз учун нақадар гўзал ибратлар бор. Олимлик мақомига етиб, ўзининг илм ҳалқасига эга бўлган олим устозининг ҳали эсини танимаган фарзандини кўрганда ҳам устозга ҳурмат сифатида ўринларидан турган экан.

Минг афсуски, ҳозирда айрим талабалар илм даргоҳини битириб, дарров қалб қўрию кўз нурини сарфлаб илм берган устозларини писанд қилмай қўяди. Бундай ҳолатларни кўрганда беихтиёр улуғ устозларимизнинг пурҳикмат гаплари ёдимизга тушади: “Ким бирор мартабага эришган бўлса, батаҳқиқ, у ҳурмат туфайли эришган. Кимнинг мартабаси тушган бўлса, аниқки, ҳурматсизлик сабабли тушган”.

Юртимиздан қанчадан-қанча қомусий олимлар, муҳаддису фақиҳ, муфассир ва мутасаввифлар, донишманд ва мутафаккирлар, фан арбоблари етишиб чиққан. Уларни санаб адоғига етиш мушкул, уларнинг бизга қолдирган илмий меросларининг эса чек-чегараси йўқ.

Хўш, улуғ боболаримиз бу даражаларга қандай эришди?

Бунинг сабаблари жуда кўп, аммо уларнинг энг асосийларидан бири узтозларига қилган хизмат ва кўрсатган эҳтиромларидир. Чунки уларнинг кўпчилиги бу даражага қандай етганлари ҳақида сўралганда: “Устозимга қилган хизматим ва кўрсатган эҳтиромим туфайли”, дея жавоб берган.

Биз илм олиш истагида юрган эканмиз, буюк бобокалонларимиз изидан юрайлик, устозларга эҳтиром кўрсатайлик, аниқроқ айтганда, аждодларимизга муносиб авлод бўлайлик.

Устозлар ҳақида сўз кетганда беихтиёр ҳазрати Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.

 Ривоят қилинишича, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ҳазратлари Маккаи Мукаррамада таълим бераётган чоғда бир зиёратчи Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб келтиради. Бу хабарни эшитган Имом Бухорий Бухоро томонга юзланиб, саломига алик олганларича ҳурмат бажо келтиради, сўнг мактубни икки қўллаб олиб, табаррук қилиб, эҳтиром билан хатни ўқиган экан. 

Устоз мисли ёниб турган шамга қиёс. Ўзи ёниб, атрофга нуру зиё сочади. Бошқалар ана шу нурдан баҳраманд бўлади. Шу боис ҳар бир инсон ёши, мавқеи ва даражасидан қатъий назар, сабоқ берган устози олдида мудом таъзимда бўлиши керак.

Имом Нававий айтадилар: “Талаба илмга ҳам, муаллимга ҳам камтарин бўлсин. Зеро, муаллимига камтарин бўлса, илмга эришади. Биз барчага камтарин бўлишга буюрилганмиз. Устозга камтаринлик қилиш эса биринчи ўринда лозимдир. Талаба муаллимга бўйсунсин. Ишларида у билан маслаҳатлашсин. Сўнгра хаста одам билимдон, холис табиб кўрсатмаларига амал қилганидек муаллимнинг панд-насиҳатларига риоя қилсин”. Устозлар ҳурматини жойига қўймаган шогирддан келажакда инсонларга манфаат етадиган етук мутахассис ёки олим чиқишига умид қилинмайди.

Ўзининг кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини ёш авлод тарбиясига бағишлаган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати, жасорати ҳар қандай юксак баҳога муносиб. Барча устоз ва мураббийларни байрами билан муборакбод этамиз, доимо соғ-саломат ва офиятда юришини, илм нурини таратишда собитқадам бўлишини сўраб дуо қиламиз.

 Аллоҳ барчаларимизни устозларимизга итоатли бўлишга, уларни улуғлашдек  фахру-ифтихорга ва уларга тавозели бўлишдек обрў мартабага муваффақ қилсин.

Раҳматуллоҳ Усмонов

Қашқадарё вилояти бош имом хатиби

Read 2352 times
Tagged under

Мақолалар

Top