Мақолалар

Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам – имтиҳон

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ билан суҳбат

– Ассалому алайкум дом­ла. Айни кунларда бутун ­инсо­ният­ бир синовдан ўтмоқ­да. Юқумли касал­лик тарқали­ши­нинг са­бабла­рини ҳар ким ҳар хил тал­қин қилаётгани сир эмас. Хўп десангиз, шу ҳақда суҳ­батлашсак...

– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Дунёдаги барча яхшилик ва ёмонлик маълум ўлчовга биноан, Аллоҳ хоҳлаган сабабларга кўра содир бўлади. Инсонга бирор мусибат етса, бу аввалдан тақдир қилинган нарсадир. Инсон бунинг учун қайғу чекиб, ўзини қийнамасли­ги лозим. Чунки тақдирда бор нарса, у хоҳласа ҳам, хоҳ­ламаса ҳам, содир бўлиши муқаррар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осон­дир. Токи, сизлар қўлла­рингиздан кет­ган нарсага қайғурмагайсиз ва (Аллоҳ) ато этган нарса билан шод­ланиб (ҳаволаниб) ҳам кет­магайсиз...” (Ҳадид сураси, 22–23-оятлар).

Бошқа бир ояти карима­да: «Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имти­ҳон қилурмиз. (Кейин) Бизнинг ҳузуримизгагина қайта­рилурсиз” (Анбиё сураси, 35-оят), деб хитоб қилинган.

Демак, дунёдаги яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам, аслида, имтиҳон экан. Ҳақиқий мўмин қийинчиликларни сабот билан қарши олади, уни Аллоҳ тарафидан юборилган синов деб билади. Чуқурроқ ўйлаб кўрилса, албатта, ҳар бир қийинчилик ортида ажойиб ҳикматлар ётади. Шундай пайтда ғофил киши хафа бўлади, ўзини ҳар ёнга уради, ғам-ғуссага ботади. Бировларни айблайди. Аммо оқил киши Аллоҳ таоло тарафидан юборилган бу қийинчилик орасидан ҳам ўзига яхшиликни топишга уринади, сабр қилади. Шунинг учун Қуръон сабрга катта аҳамият бериб, уни мақтаган, обрўсини кўтар­ган ва сабрли кишилар­ни “жуда ҳам ажойиб кишилар” деб атаган. Сабр Қуръони каримнинг 70 жойида зикр қилинган. Бошқа ҳеч қан­дай фазилат бу миқдор­да зикр қилинмаган. Аллоҳ таоло сабрлиларни яхши кўради ва Қуръони каримда айтади: «Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур» (Зумар сураси, 10-оят).

– Шу йил март ойида юр­тимизда карантин чек­ловлари жорий қилинди. Бундай пайт­да муҳтож­ларга ёрдам бериш улуғ ва савобли амал­лардандир...

– Ҳа, бундай савобли ишларда муҳтарам Юртбоши­мизнинг ўзлари намуна кўрсатдилар. Азиз юртдошларимиз ҳам бундай синовли кунларда саховат ишларига янада мустаҳкам бел боғлашса, савоб устига савоб бўлиши шубҳасиз. Зеро, имкон бор пайтда хайр-саховат ишларини амалга ошириш зарур. Фурсат ўтганда бу савобдан маҳрум бўлиб қолиш хавфи ҳам мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам бундай деган­лар: «Садақа қилинглар! (ҳали бир вақтлар келади­ки), бир киши садақасини кўтариб юрса, у (садақа) бериладиган бўлган одам: “Буни кеча олиб келганингда, сендан олишим мумкин эди. Аммо энди менинг ун­га ҳожатим йўқ”, дейди. Шундай қилиб, уни қабул қиладиганни топа олмай­ди» (Ҳориса ибн Ваҳб розий­аллоҳу анҳудан).

Садақа, хайр-эҳсон қилиш тақво, зоҳидлик ва тариқат йўлида юрган банданинг ишидир. Айниқса, ўзи ўта бой бўлмай туриб, топганидан садақа қилиш катта савоб. Зеро, “садақа” сўзи тасдиқ маъносини англатиб, бан­данинг имонини тасдиқ­лаш­га хизмат қилади.

– Мўмин киши фаро­вонлик ва танглик дам­ларида қай мақом, дара­жада бўлмасин, ўзи­ни чин бан­далик йўлида ту­ти­ши керак. Бунинг бош омили нимада деб ўй­лайсиз?

– Муқаддас динимизда шукрга буюк ибодат сифатида қаралади. Бандаларини ҳа­миша ва ҳар қачон шукр қи­лишга буюрган Раббимиз “...албатта, Аллоҳ шукрни қабул этувчи, доно зотдир”, (Бақара сураси, 158-оят) дея эслатма беради. Бу эса банда қилган озгина амал­га ҳам кўп савоб бериш би­­лан уни мукофотлайди, дега­нидир. Биздан талаб нима экан, беҳисоб неъмат­ларга шукрона айтиш, бари Аллоҳдан эканини эъти­роф қилиш экан. Ўйлаб кў­райлик, ҳаётимиз чексиз-чегарасиз моддий-маънавий неъматлар билан ўралган. Илм-маърифат, соғлик, мол-давлат, фарзанд, қадр-қим­мат сингари инъомлар би­лан сийланганмиз. Буларнинг барчаси тафаккур ва тадаб­бур қилишга ундайди. Неъ­матнинг шукрини унутиш, мусибат етганда умидсиз­ликка учраб, туғ­ён­га кетиш заиф ва ирода­сизлар иши­дир. Мўмин­га хос бўлган хислат хурсанд­чиликда шукр қилиб, муси­бат етган­да сабр қилишдир. Инсон ҳаёти давомида дуч кела­диган ҳар қандай ҳо­латни ўзининг фойдасига буриши, ундан дунё ва охи­рати учун фойда олиши мумкин.

Суҳайб розийаллоҳу ан­ҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам бундай деган­­­лар: “Мўминнинг иши ажойиб. Унинг барча иши яхши­лик­дир. Бу фақат мўмин учун­гина хосдир. Агар унга хур­сандчилик етса, шукр қилади, бунинг учун унга яхшилик бўлади. Агар унга зарар ет­са, сабр қилади, бу­нинг учун унга яхшилик етади” (Имом Муслим ри­вояти).

«Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қил­сангиз, албатта, (уларни яна­да) зиёда қилурман. Бор­дию ношукрчилик қил­сан­гиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иб­ро­ҳим сураси, 7-оят). Демак, ях­шиликлар бардавом бў­лиши ҳам шукронамизга боғлиқ.

– Дарҳақиқат, Али ибн Абу Толиб розийал­лоҳу ан­ҳудан қуйидаги ўгитлар ривоят қи­линган: “Неъмат шукрга боғлан­ган. Шукр эса зиёда бўлиш билан ало­қадор. Ҳар иккиси тенг бириктирилган. Банда шукрни тўхтатмаса, Ал­лоҳ зиёда қилишни тўх­татмайди”.

– Шукр қилиш ҳам ўз-ўзидан бўлмайди, балки ўзидаги моддий ва маъна­вий неъматлар ҳақида кўп мулоҳаза қилиш, улар бе­рилган тақдирда қандай ҳолатда бўлишини тасаввур этиш, ўзидан қашшоқроқ, қийналганроқ кишиларни ёдга олиш инсонни ўзидаги неъматлар учун Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Бу иши инъом этувчига ҳам манзур бўлади. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Ак­синча, ношукрлик, нонкўр­лик каби ҳолатлар инъом этувчида ғазабига сабаб бўлиши мумкин.

Ҳасан Басрий айтади: “Аллоҳ хоҳлаганича неъмат бериши мумкин. Агар неъ­матга шукр қилинмаса, уни азобга айлантиради. Шунинг учун шукрни “сақловчи” деб номлашган. Чунки у бор неъматларни муҳофаза қи­лади. Яна уни “жалб” қил­гувчи ҳам дейишган. Чунки у йўқ неъматни жалб қилади”.

Шақиқ Балхий бир ки­шидан: “Эй биродар, менга кенгчилик ва тангликдаги ҳо­латингизни сифатланг-чи?” деб сўради. У: “Биз берилса, шукр қиладиган, тўсилса, сабр қиладиган қавммиз”, деб жавоб қай­тарди. Шақиқ: “Бу Балх итларининг ҳоли-ку”, деди. Ҳалиги киши ажабланиб: “Унда сизларнинг кенгчилик ва тангликдаги ҳолатингиз қандай?” деб сўради. Ша­қиқ бунга: “Биз тўсилса, сабр қиладиган, берилса, шук­­рини қилиб бошқалар­га ҳам улашадиган қавммиз”, деб жавоб қай­тарди.

Хулоса – шу, қазо ва қадарга имон келтирган ин­сон бош­қалардан айб, хато қи­дир­масдан неъматларга шукр, гуноҳига истиғфор айтиб, дуоларда бардавом бўлиши лозим.

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ

суҳбатлашди.

“Ҳидоят” журналининг 7 сонидан олинди.

Read 2067 times

Мақолалар

Top