Мақолалар

Бир савол сўрасам: 7. Мушук боқиш бефарзандликка сабаб бўлади-ми?

— Уйда мушук боқиш гуноҳми? Агар боқса, фарзанд туғилмас эмиш. Шу рост-ми?

— Мушук боқиш жоиз. Фақат ҳозирги кўп қаватли уйларда қийинроқ. Ҳожати учун жой излайди. Қум идиши бўлса ҳам бироз қийин. Баъзи мушуклар ҳожатга ташқарига чиқиши мумкин. Мушукнинг жунлари уйга, ҳатто ейдиган нарсаларга ҳам тўкилиши мумкин. Ювиб, тозалаш керак. Синчиклаб қараш лозим. Қишлоқ жойларда сичқон бўлгани учун мушук боқилади. Бетон уйларда сичқоннинг бўлиши қийин.

Мушук ифлос эмас. Юрган жойларида намоз ўқиш мумкин. Саҳобадан бир аёл гапириб берган: “Таҳорат олиш учун бир идишга сув қўйгандим. Мушук келиб, бу идишдан сув ичгач, тоғам Абу Қатада яна бироз сув ичиши учун идишни мушукнинг олдига қўйди. Менинг ҳайрат билан қараб турганимни кўриб: “Нимага ҳайрон бўласан. Пайғамбар алайҳиссалом “Мушук атрофингизда айланиб юради, нажас, ифлос эмас”, деб марҳамат қилдилар”, деди” (Имом Термизий ривояти).

Ифлос эмас экан деб, мушук боқиш шарт эмас. Мушуклардан касаллик ҳам юқиши мумкин. Агар қўшнилар безовта бўлса, уйга киритмаган яхши. Баъзи аёллар сичқондан қўрқади. Мушукдан, итдан қўрқадиганлар ҳам бўлади. Қўшнилар безовта бўлмаслиги учун мушукка бўлган севгимиздан воз кечиб, уйда мушук боқмаган яхши бўлади.

Аммо мушук боқса, фарзанд туғилмасмиш, деган гап асоссиздир.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Read 2496 times

Мақолалар

Top