Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: БОБУР МИРЗО – Саййидул-мурсалийннинг наътларида, соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Учинчи мавзу)

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари (3)

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

 

НАЗМ

*   *   *

Саййидул-мурсалийннинг наътларида,

соллаллоҳу алайҳи ва саллам

 

Вожиб ўлди бориға шукри Худой,

Мустафо бўлди бизга раҳнамой.

Йўлчисиз йўлда ким бора олғай,

Борса, аввал қадамда-ўқ қолғай.

Кимки Аҳмад* кибики бадрақадур,

Йўлда юз хавф бўлса, не боқадур!

Бўйиға чуст хилъати “Лавлок”,

Лот оғзиға илгидин тунчок.

Улдурур анбиё сарафрози,

«Қоба қавсайн» маҳрами рози.

Менга қилғил шафоъатинг ҳамроҳ,

Не дей ўзга: Алайка соллаллоҳ.

 

* ИЗОҲ-1. Аҳмад Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Тавротда келган номларидир. Қуръондан далил (оят маъноси): “Ёд этинг, Ийсо ибни Марям: «Эй Бани Исроил! шубҳасиз, мен Аллоҳнинг  сизларга  юборган  Расулиман.  Мен  ўзимдан  олдинги  Тавротни тасдиқ этувчи ва мендан кейин келадиган – Аҳмад исмли бир Пайғамбар  ҳақида  хушхабар  берувчи  бўлиб  келдим»,  –  деган  эди”  (61/ Сафф сураси, 6-оят).

 

 ИЗОҲ-2. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккани фатҳ этганларида Каъбадаги бутларни синдирган эдилар. Жумладан, бут эгаларининг талаби билан Лот деган бутни шахсан ўзлари йиқитганлар. Байтда шу воқеага ишорат қилинмоқда.

Зеро, Қуръони каримда айтилади (оят маъноси): “Менга хабар беринг, у Лот ва Уззони ва бошқа учинчи (бут бўлмиш) Манотни (уларда куч ва илоҳлик аломати бор эканми?)” (53/Нажм сураси, 19-20-оятлар).

 

НАСРИЙ БАЁН

 

Барча пайғамбарлар саййиди (улуғи ва имоми) ҳазрати Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг наътлари (мақтовли васфлари) ул зотга Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин

 

Бандаларнинг ҳаммаларига Аллоҳга шукр келтириш вожиб бўлди, чунки бизга ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам – Аллоҳнинг мумтоз танланган бандаси раҳнамой, яъни тўғри йўлни кўрсатувчи, ҳақ йўлдан бошловчи бўлдилар.

 

Ким йўлда  йўлчисиз, йўлбошчисиз, раҳнамосиз бора олади? Борса ҳам, биринчи қадамдаёқ қолиб кетади. Кимнинг  ҳазрати  Аҳмад (соллаллоҳу  алайҳи  ва  саллам)  каби йўлбошчиси – кузатувчи нигоҳбони бўлса, йўлда юз хавфу хатар бўлсаҳам, не парвойи бор (у зотнинг йўлидан юриб, суннатларига амал қилдими, бас, у, албатта, яхшиликка, саъодатга эришади).

 

Бўйига «лавлок» хилъати – шарафли либоси маҳкам ўралган, яъни жуда ярашган, Лотнинг – нодон инсонлар топинган бутнинг ва ҳар турли  бутларнинг  оғзига  у  зотнинг  қўлидан  тугун  солинган,  яъни Аллоҳдан бошқа ҳеч бир илоҳ йўқ, бирор кимсани ва нарсани худо қилиб олишга ҳеч кимда ҳадду ҳуқуқ қолмаган.

 

ИЗОҲ.  Бу  ўринда:  “Лавлок”  –  “Лав  лока  мо  холақтул-афлока”  – “(Эй Ҳабибим!) Агар сен бўлмасанг, фалакларни (коинотни) яратмас эдим” деган машҳур ҳадиси қудсийга ишорат қилинмоқда. Лот – аввалда пайғамбар шуъайб алайҳиссаломнинг қавми сиғинган,  кейинчалик Каъбатуллоҳга тиклаб қўйилган бутлардан бири.

 

Барча пайғамбарларнинг сарафрози – энг улуғи, энг устуни, юксаги, имоми у зотдирлар, (Қуръони каримда келган) «Қоба қавсайн» – “икки ёй” сиррининг сирдоши – билгувчиси ҳам у зотдирлар; яъни, меърож воқеаси билан шарафлангандирлар.

(Эй  Аллоҳнинг  Расули!)  Қиёмат  кунида  менга  шафоъатингизни йўлдош айланг! Бошқа не дейин: Сизга Аллоҳнинг салоту саломлари, раҳмат ва баракотлари бўлсин!».

 

ИЗОҲ. «Қоба қавсайн» – Қуръони каримда келган, меърож воқеасига далил қилинган, Аллоҳга ёки фаришта Жаброил алайҳиссаломга ўта яқинлик аломати бўлган оят иборасидир. Маъноси: “Ўртадаги масофа икки ёй миқдорича, ҳатто, янада яқинроқ бўлди, шу аснода (Аллоҳ) ваҳй этган нарсани (Жаброил орқали) бандасига ваҳй қилди (53/Нажм сураси, 9-оят).

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи

Мирзо КЕНЖАБЕК

Read 1888 times
Tagged under

Мақолалар

Top