Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Беш фарзнинг таъдоди (Олтинчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

 

НАЗМ

*   *   *

     Беш фарзнинг таъдоди

 

Уламо аксари деди бу мақол,

Чиҳл фарз ўлди мубтадии аъмол.

Илми фарз элга мисли қарздурур,

Талаби барча элга фарздурур.

Кимки аввал бўлса болиғу оқил,

Анга беш фарздур, муни билгил.

Бири иймондуру икинчи салот,

Бу икидин кейин учунчи – закот.

Рамазон рўзасию ҳаж ўтамак,

Фарзи айн ўлди ушбу беш, бешак.

Элдин ўлди бориға тоъат шарт,

Лек икида бор иститоъат шарт.

Ул ики, ҳажнию закотни дер,

Бўлса гар иститоъатинг бор, бер.

Эмди бир-бир қилай борин таҳрир,

Ҳақ таъолодин ўлса гар тақдир.

 

НАСРИЙ БАЁН

*   *   *

Беш фарзнинг саноғи баёни

 

Уламоларнинг кўпчилиги шу сўзни айтдиларки, амалларнинг бошланиши қирқ фарз(ни билиш)дан иборатдир. Фарз илмини, яъни буюрилган амалларнинг илмларини билиш эса халқ учун мисли қарздир, уни талаб қилиш ҳамма инсонларга фарздир. (Чунки ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом: “Илм талаб қилмоқ ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарздир”, деганлар.)

 

Шуни билгинки, аввало кимки балоғатга етган ва ақлини таниган бўлса, унга беш нарса фарздир:

 

биринчиси иймондир, яъни Аллоҳ бир, Расул барҳақ деб гувоҳлик бермоқдир; Аллоҳга, Раулуллоҳга ва Аллоҳдан келган нарсаларга ишонмоқдир;

иккинчиси беш вақт намоздир.

Бу иккисидан кейин учинчиси (моли нисобга етганда) закот бермоқдир.

Тўртинчиси, (йилда бир ой) рамазон ойи рўзасини тутмоқдир.

Бешинчиси (умрида бир бор) ҳажни адо этмоқдир. Бу беш нарса фарзи айндир.

 

ИЗОҲ. Фарзи айн – эътиқодда иймон билан куфрни, осийлик билан ҳидоятни ажратадиган миқдорда билиш зарур бўлган, ибодатда эса намоз, рўза, закот ва ҳажни адо этадиган миқдорда билиш зарур бўлган илм.

 

Халққа буларнинг барчасига бўйсуниш, яъни бу диний амрларни бажариш шарт бўлди, лекин иккитасида иститоъат, яъни қуввати, қудрати, имкони етиши шарт қилинди.

 

Бу икки нарса ҳаж ва закотдир, бу икки фарзни бажаришда иститоъатинг бўлса – кучинг-қудратинг етса, адо қил. (Яъни, озуқа, маблағ, жиҳатидан  йўлга  қодир  бўлсанг,  ҳажга  бор,  ҳожати  аслингдан  ташқари молинг нисобга етган бўлса, закотини ҳақдорларга бер.)

 

Энди  Ҳақ  таъоло  тақдир  этган  бўлса,  буларнинг  ҳаммасини  ёзиб баён қилайин.

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

Read 2070 times
Tagged under

Мақолалар

Top