Мақолалар

Суҳбатимиз зикр бўлсин!

Одатда кўпчилик ўзаро яхши нарсалар ҳақида суҳбатлашганидан сўнг қўлларини очиб: “Ё Аллоҳ, барчамизга дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ато эт”, деб чиройли дуолар қилишади. Лекин баъзи давра вакиллари борки, суҳбатларидан ўзлари ҳам уялиб: “Ер бориб етказмасин”, “Гапларимиз суҳбат бўлсин, ғийбат эмас”, дея қилмишларини оқлашга уринишади.

Ғийбат гуноҳи кабира экани, унинг салбий оқибатларидан каттаю кичик хабардор. Гуноҳ эканини тушуниб етмаганлар ҳам, лоақал бу иллатни ёқтиришмайди. Чунки ҳар ким ўзи ҳақидаги ножоиз гапни эшитганда, дили вайрон бўлади. Ачинарлиси, кўнгли оғриган ўша инсонлар ҳам ўзгаларни бот-бот ғийбат қилиб туришади. Афсус, бу иллат тобора қулоч ёзиб бормоқда. Ҳатто ғийбатнинг кўринишларидан бири – тақлид санъат турига ҳам айланиб улгурди.

Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Софиянинг мана бундай, мана бундай экани етарлидир”, деб айтдим. (Баъзи ровийлар: “Бўйининг пастлигини назарда тутган”, дейишган.) Шунда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Дарҳақиқат, сен бир калимани айтдингки, агар уни денгиз сувига аралаштирсанг, уни лойқалатиб юборарди. Гарчи менга мана шунча, мана шунча нарса ваъда қилинсада, бир кишининг камчилигини кўрсатиб, уни масхараламаган бўлардим”, дедилар».

Муҳаммад Муборакфурий “Туҳфатул Аҳфазий” асарида ушбу ҳадисни бундай шарҳлайди: «Олимлар: “Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) София онамизнинг бўйи пастлигига ишора қилиб, тақлидан кўрсатиб берган”, дейишади. Чунки матндаги арабча “ҳакайту” лафзи шуни билдиради.

“Гарчи менга мана шунча, мана шунча нарса ваъда қилинса-да, бир кишининг камчилигини кўрсатиб, уни масхараламаган бўлардим”, лафзини эса Имом Тибий (раҳимаҳуллоҳ): “Яъни, менга шунча миқдорда мол-давлат берилса ҳам, ҳеч кимнинг камчилиги кўрсатиб тақлид қилиб бермасдим, деганлар”, деб фикр билдирган. Мулла Али Қори (раҳимаҳуллоҳ): “Бунинг маъноси, бировнинг камчилигини кўрсатиб бериш билан шунча, шунча бойликка эга бўлишни истамасдим”, деганларидир. Яъни, “Бировни масхаралаш, унга тақлид қилиш шариатда гуноҳ ва қораланган амаллардан, шу сабаб асло бу ишга қўл урмаган бўлардим, демоқчи бўлганлар”, дея шарҳлаган. Имом Нававий (раҳимаҳуллоҳ): “Бировнинг чўлоқлиги, букрилиги каби сифатларини кўрсатиб масхаралаш ҳам ғийбат сирасига киради”, деб айтган».

Ушбу ҳадиси шарифдан хоҳ у сўз билан, хоҳ ифода билан бўлсин, ғийбатнинг барча тури ҳаром экани маълум бўлмоқда. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) одамлар енгил санайдиган, лекин Парвардигор ҳузурида катта гуноҳларнинг биридан огоҳлантирмоқдалар. Шояд, инсонлар ушбу қабоҳатдан сақлансаю дунё ва охират бахтсизлигидан омонда бўлса, деб умид боғламоқдалар.

Гуноҳлардан, хусусан, ғийбатдан тийилиш ҳар кимнинг ўз қўлида. Чунки Аллоҳ таоло ҳеч бир бандасини тоқатидан ташқари ишга буюрмаган. Бунинг учун шариат кўрсатмалари, Расулининг насиҳатларига амал қилишининг ўзи етарли. Зеро, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг, хусусан, ўзлари ҳам саҳобаларига гўзал тарбия бериб, уларни гуноҳдан огоҳлантириб:

“Саҳобаларимдан ҳеч ким менга биров ҳақида бирон нарса етказмасин. Мен сизларнинг олдингизга соғ қалб билан чиқишни истайман”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти).

Саҳобалар ғийбатдан тийилишни Аллоҳга яқин қилувчи энг катта амаллардан деб билишарди. Тобеинлардан бири: “Биздан олдингилар ибодатни рўза ва намозда эмас, балки одамлар обрўсини тўкишдан тийилишда деб билишарди”, деб айтган.

Мусулмоннинг обрўсини ҳимоя қилиш имон аломатларидан, биродарликнинг чинлигидир. Бу тўғрида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким мусулмон биродарининг обрўсини ҳимоя қилса, Аллоҳ таоло қиёмат куни уни дўзах ўтидан ҳимоя қилади” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти), дея марҳамат қилганлар.

Ғийбатдан буткул тўхташ учун тавба қилиш, илгари билиб-билмай ғийбат қилган кишиларнинг ҳақига истиғфор айтиш, инсон ўз айбларини аниқлаб, уларни тузатиш билан шуғулланиши, ўлим, охират, ҳисобни эслаши даркор. Шунингдек, жамият аъзоларини ғийбатдан огоҳлантириши, ундан қайтаришда фаол бўлиши, ғийбат бўладиган жойлардан узоқлашиши билан ўзини бу иллатдан муолажа этади.

Юлдуз КОМИЛОВА

Read 1996 times

Мақолалар

Top