Мақолалар

Тилимиз нуфузи ўзимизга боғлиқ

Давлат тили фақат Тил байрамида эмас, балки доимий равишда давлатимиз ва миллатимиз ардоғида бўлиши шарт.

Мустабид тузум даврида, узоқ йиллар давомида тилимизга эътиборсизлик, зуғум ва чеклашларни кўрдик, афсус ва надоматларни бошдан ўтказдик. Йиғинларда Европа миллатига мансуб бирор инсон қатнашса, ўзга тилда маъруза қилдик, сўзга чиққан миллатдошларимиз ғайри тилни билмаса-да, қоғозга ёзиб бериб ўқитдик.

Минг шукрки, мустақилликка эришиб, она тилимиз давлат тили мақомига эга бўлди. Лекин, очиғини айтсам, ҳали ҳам кўпгина расмий ҳужжатлар рус тилида юритилмоқда.

Олий таълим тизимида давлат имтиҳонларида биринчи бўлиб ўзбек тили эмас, инглиз тили қўйилганидан таажжубдаман. Ўз она тилини мукаммал билмаган инсон ўзга тилларни ҳам пухта эгаллаши амри маҳол. Нега чет тилини ўзбек тили қолиб, рус тили орқали ўрганамиз?! Оқибатда таржимон русча фикрлайдиган бўлади. Нега она тилимиз бу соҳада ҳам учинчи даражада қолмоқда?

Мустақиллигимизга қарийб ўттиз йил бўлаётганига қарамай, мамлакатимиз шаҳар ва туманлари у ёқда турсин, ҳатто чекка қишлоқларимизга ҳам ажнабий атамалар ва рекламалар кириб бормоқда. Ўзбек тилида ҳар қадамда хато ёзилган лавҳаларга кўзимиз тушаётир.

Тилимиз қадри, Президентимиз таъкидлаганларидек, умуммиллат ҳимоясида бўлмоғи керак-ку! Бу эса, айниқса, кекса авлоддан катта масъулият талаб этади, назаримда. Чунки фарзандлар ва набиралар дастлабки билим ва кўникмани сиз билан биздан, оиладан олишади.

Бундан ташқари, деярли ҳамма телеканаллар кўрсатувларида бошловчиларнинг ўзбекча ибораларга рус ва бошқа ажнабий тиллардаги сўзларни аралаштириб гапиришлари, беўхшов талаффузлари ғашга тегади.

Айрим ҳолларда эса туппа-тузук тилшунос олимлар ҳам адабий тил билан шеваларни қориштириб ишлатаверишади. Кўпгина кинолардаги қаҳрамонлар шевада гапиради, киносценарийлар наҳотки шундай ёзилган бўлса?

Она тилимизнинг нуфузини муттасил ошириб бориш ҳар биримизнинг доимий бурчимизга айланиши лозим.

 

Мансур ЗОИРОВ,

Сурхондарё вилояти

Read 2055 times

Мақолалар

Top