Мақолалар

Бир савол сўрасам: Қарзни қайтармаганларга қандай жазо берилади?

— Мен деҳқончилик билан шуғулланаман. Бундан 7-8 йил аввал деҳқончилигимдан олган йиллик даромадимни бир одамга қарз бергандим. Ҳалигача шу пулимни қайтиб ололмаяпман. Ҳар сўраганимда “ана бераман, мана бераман”, деб алдаб келади. Динимизда қарзни қайтармаганга ва қарздан воз кечганга қандай қаралади?

— Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَأْكُلُواْ أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ﴾

“Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг” (Нисо сураси, 29-оят).

Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик, қарзни инкор қилиш каби ишлар киради. Бир-бирининг молини ботил йўл билан ейиш одати бор жамиятлар ўзини ўзи ҳалокатга олиб борганини ва бораётганини ҳамма кўриб-билиб турибди. Шу билан бирга, қарздан тонаётган тараф билиб қўйсинки, охиратдаги ашаддий азобларнинг устига бошқа нарсалар ҳам мавжуд.

Муовиянинг мавлоси Қосимдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким адо қилиш нияти билан қарз олса, уни адо қилишга қатъиятли бўлиб туриб, қарзни адо қилмасидан олдин ўлса, албатта, Аллоҳ таоло унинг талабгорини Ўз ҳузуридаги истаган нарса билан рози қилишга қодирдир. Вафот этганни ҳам мағфират қилади. Ким адо қилмаслик нияти билан қарз олса ва ўша ҳолида, қарзини адо қилмай ўлиб қолса, унга “Сен фалончининг ҳақини сендан тўлиқ олиб бермаслигимизни гумон қилганмидинг?” дейилади. Унинг яхшиликларидан олиниб, қарз эгасининг яхшиликларига зиёда ўлароқ қўшилади. Агар унинг яхшиликлари бўлмаса, қарз эгасининг ёмонликларидан олинади ва қарздорнинг ёмонликларига қўшилади” (Имом Байҳақий ривояти).

Нияти бузуқнинг ҳоли шу бўлса, қарздан тониб ўтиб кетганнинг ҳоли қандай бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверсин.

Ҳар бир қарздор тезроқ қарзини узиш пайида бўлиши керак. Қарзни узмай туриб вафот этиб қолиш жуда ҳам оғир вазиятни юзага келтиради. Ўлган бандадан Аллоҳ таоло Ўз ҳақини кечиб юбориши мумкин, аммо қарз банданинг ҳақидир. Бу ҳақни қарз эгасининг ўзи кечмагунча, Аллоҳ таоло кечмайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган:

﴿وَإِن كَانَ ذُو عُسْرَةٍ فَنَظِرَةٌ إِلَى مَيْسَرَةٍ وَأَن تَصَدَّقُواْ خَيْرٌ لَّكُمْ إِن كُنتُمْ تَعْلَمُونَ﴾

“Агар ночор бўлса, бойигунича кутишдир. Садақа қилмоғингиз, агар билсангиз, ўзингиз учун яхшидир” (Бақара сураси, 280-оят).

Агар қарздор ночор бўлса, Аллоҳ таоло қарз берувчини сабр қилишга, қарздорни қийин-қистовга олмасликка, у ўзини ўнглаб олгунича кутиб туришга чақиради. Агар қайтаришнинг асло иложи бўлмаса, қарздорнинг камбағаллиги кундан-кунга ошиб кетаётган бўлса, берилган қарздан кечиб юбориш афзал экан. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам кўплаб иршод (кўрсатма)лар бор. Қарзнинг муддатини узайтириш олий фазилат бўлса, уни кечиб юбориш ундан ҳам каттароқ фазлдир.

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Read 1878 times

Мақолалар

Top