Мақолалар

Унутилаётган суннатлар (12-суннат): Қўл бериб кўришиш

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки мусулмон бир-бирларига йўлиқиб, қўл бериб кўришар экан, улар ҳали ажралмай туриб, албатта, уларнинг гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Саломлашганда бир-бирига яқин турган кишилар қўл бериб кўришишлари суннат ҳисобланади. Икки қўллаб кўришишнинг савоби кўпроқ, мукаммалроқ бўлади. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ Ислом аҳли қўл бериб кўришиш суннат эканида якдил фикрда бўлиб келганларини айтган.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сўрашишнинг тўлиқ бўлиши қўл олиш биландир", дедилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Қўл бериб кўришишнинг суннатини унинг икки қўл билан бўлиши мукаммал қилади". Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда алоҳида боб очиб, унга "Икки қўллаб кўришиш" деб ном қўйган ва унда Ҳаммод ибн Язиднинг Ибн Муборак билан икки қўллаб кўришганини ҳамда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ташаҳҳудни ўргатдилар, кафтим у зотнинг икки кафтлари ўртасида эди", деганини далил қилиб келтирган.

Аллома Ибн Баттол ушбу ҳадисларнинг шарҳида бундай дейди: "Икки қўллаб кўришиш қўл бериб кўришишни маромига етказишдир. Бу – уламолар наздида мустаҳабдир".

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 2401 times

Мақолалар

Top