Мақолалар

Мукаммал ахлоқ соҳиби

Инсон ҳаётда доимо кимдандир ўрнак олиб, кимгадир тақлид қилиб яшайди. Кимдир кучли спортчига, кимдир машҳур олимга ва ҳоказо. Лекин, ўйлаб кўрилса, бу инсонлар маълум бир соҳадагина бизга ўрнак бўлиши мумкин холос. Чунки ҳаммада бир камчилик топилади. Дунёда мукаммал инсонни учратиш қийин. Инсоният яралгандан буён ҳар томонлама мукаммал, жисмонан, ақлан ва маънан етук, сахий, одобли, адолатли, шижоатли, меҳрибон, умуман, барча ижобий хислатларни ўзида мужассам этган шахс бу коинотда яшаганми? Агар яшаган бўлса, ким у? Биз у шахсни таниймизми? Агар танисак, у зотнинг ҳаётидан ўрнак оляпмизми? Умуман, инсоният комолотга етиши учун кимдан ўрнак олиши керак? Мана шу саволларга жавоб изладим ва топдим. Ана шуларни сизлар билан баҳам кўрмоқчиман.

Сизу бизга мукаммал ўрнак була оладиган, ахлоқ чўққисининг энг юқори поғонасидан ўрин олган, дунёдаги барча ижобий хислатларни ўзида жамлаган, қандай ёмон сифатлар бўлса, уларнинг барчасидан холи бўлган зот бундан 1400 йил муқаддам, аниқроғи, 570–632 йилларда Арабистон ярим оролида яшаб ўтдилар. Ҳа, пайқаганингиздек, у зот пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи ва салламдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Қалам” сураси 4-оятда пайғамбаримизга қарата: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз”, дея марҳамат қилган.

Мана шунинг ўзи юқоридаги фикримизнинг далилидир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам қийинчилик онларида бардошли, йўқчиликда сабрли, доимо сахий, майдонда шердек жасур, оилада меҳрибон, раҳбар сифатида адолатли, жамият муомаласида жонкуяр ва инсонлар орасидаги энг ростгуйи эдилар.

Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам ташқи кўринишлари бениҳоя чиройли ва ҳушбичим эди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: "Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан чиройлироқ одамни кўрмадим. Қуёш гўё у зотнинг юзларида балқиб турарди. Кулганларида шуласи деворларга тушарди”, дея таърифлайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам камтар ва мулойим эдилар. Кераксиз бирон гапни сўзламас эдилар. Қаҳ-қаҳ отиб кулмас эдилар. Кулишлари табассум эди. Ўзларини оддий одамлардек тутардилар.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади : “Бир киши у зот саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келди ва ҳайбатлари босиб гапиролмай қолди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қўрқма, мен подшоҳ эмасман”, дедилар”. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонлар билан муомалада ҳам ажойиб ўрнак бўладилар.

Биров билан кўришсалар, у кичик ёшли бўлса ҳам аввал салом берардилар ва: “Сизларнинг биринчи салом берганингиз Аллоҳга итоатлироғингиздир”, дея бошқаларни ҳам шунга тарғиб қилардилар. Овқатни кам ер ва ниҳоятда кам ухлар эдилар. “Одам боласи қорнидаги ёмон идишни тўлдиролгани йўқ. Унга тўйиши учун бир неча луқма кифоя қилади. Шубҳасиз, ошқозоннинг учдан бири таом, яна бири сув, яна бири нафас учундир”, деб таъкидлар эдилар. Ахлоқлари мукаммал эди.

Ойиша розияллоҳу анҳу дан у зот ҳақида сўралганда: “У кишининг хулқлари Қуръон эди. Қуръон рози булган нарсадан рози бўлар, ғазабланган нарсадан ғазабланар эдилар”, деб жавоб берганлар. У зотнинг дуолари шубҳасиз ижобат эди.

Мушриклар у кишига мислсиз азиятлар берди. Мушрикларни дуоибад қилинг дейилганда: “Эй Аллоҳ, қавмимни ҳидоят қилгин, чунки улар билишмайди”, дея Яратганга ёлборганлар. Бундайин ҳалимликни дунё кўрган эмас! Мушриклар Расулуллоҳни туғилган шаҳарлари Маккадан қувиб чиқаради. Вақти келиб катта бир куч-қудрат билан Маккага қайтдилар ва ўзларига азият берган, жабр-зулм қилган инсонларга қараб: “Биласизларми, мен сизларни нима қиламан?” дедилар. Шунда мушриклар қўрқиб: “Сахий биродаримизнинг сахий ўғлисан”, дейишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: “Озодсизлар!”, дедилар. Йиллар давомида чексиз ёмонликлар қилган душманларга қилган муомалалари у зотнинг ниҳоятда кечиримли эканликларини кўрсатади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оилавий ҳаётдаги муомалаларидан барчамиз ўрнак олишимиз зарур. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳатто меҳмонларга ўзлари хизмат қилардилар. Ҳабашистондан келган меҳмонларга хизматкорлар “Қўйинг” дейишса ҳам, ўзлари хизмат қилганликларини бир неча саҳобалар ривоят қилишган.

Ойиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ йўлидаги жангдан бошқа бирор кимсани чертмаганлар ҳам. Умрларида на хизматкорни ва на аёлларни урмаганлар. Ўз юмушларини ўзлари бажарар, ҳатто оёқ кийимларини ўзлари тикар эдилар. Ҳеч ким у зотни одамлар орасида оёқларини узатиб ўтирганларини кўрган эмас”, деганлар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ниҳоятда сахий эдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Яхшиликка Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўллари жуда очиқ эди. Рамазон ойида янада сахий бўлиб кетардилар”, дея таърифлайди.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам болаларга ўзгача меҳр кўрсатар эдилар. Хавла бинти Ҳаким Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам набираларидан бирини қучоқлаб: “Албатта, сизлар одамни бахил қиласиз, албатта, сиз одамни қўрқоқ қиласиз, албатта, сизлар Аллоҳнинг райҳонларидирсизлар”, дея эркалаганликларини эшитганини ривоят қилади. Шаъбий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Албатта, эр киши боласининг бошини силашида ҳам ажр-савоб олади””, дедилар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламни халқлари “Ал-Амин”, яъни “ишончли”, “ростгўй” деб аташарди. Омонатга асло хиёнат қилмас эдилар. Ҳатто душманлари у зотга омонатини топширарди. У зотнинг ҳаё ва номуслари ҳам ўзгача эди. Ҳатто ҳаёлари юзлари қизариб кетишидан билинарди, деганлар баъзи саҳобалар.

У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида, у кишининг ахлоқлари ҳақида кўплаб асарлар, бир қанча китоблар ёзилган ва ёзилмоқда. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларини ўрганиш жараёнида биламизки, у киши жуда камтар булганлар. Кибрдан энг узоқда эдилар. Камбағалларни холидан кўп хабар олардилар ва улар билан бирга кўп ўтирардилар. Одамлар орасида аҳдга вафо қилишда энг намуналиси эдилар. Қариндошларга яхшилик қилишда барчадан ўзар эдилар. Бировга ёмонлик қилмаган эдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб бермас эдилар. Одамларнинг энг шафқатлиги эдилар. Ҳеч кимга “уфф” демаганлар. Ҳеч қачон ёлғон гапирмаганлар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларини ўрганиш улкан савобдир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Сизлардан бирингиз мени ота-онасдан, фарзандидан ва жамийки инсонлардан кўпроқ яхши кўрмагуча комил мусулмон бўлмайди”. Ҳамма ота-онасини, фарзандини яхши кўради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни у киши талаб қилганларидек яхши кўра олмаслигимизнинг сабаби, биз у кишини танимаслигимиздадир. Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмай туриб нега севамиз? Чунки у зот бизни кўрмай туриб умматим дедилар, кўрмай туриб биз ҳақимизда қайғурдилар. У зотнинг ҳаётларини ўргансак, у зотнинг биз умматларга, бутун инсониятга қилган хизматларини билсак, у кишига бўлган муҳаббатимиз мукаммал бўлади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари ҳадиси шарифларда мукаммал тарзда ёритилган. Аждодларимиз саҳиҳ ҳадислар орқали У зот саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларини ўрганишган ва ундан ўрнак олишган. Дунё тан олган буюк муҳаддисларнинг бир нечтаси айнан бизнинг диёрлардан етишиб чиққани Ҳадис илмига ва Пайғамбаримизнинг ҳаётларини ўрганишга юртимизда алоҳида эътибор берилганидан далолат беради.

Жамиятнинг ҳар бир аъзоси ҳадиси шарифларни ўрганиши ва у орқали Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ахлоқларидан ўрнак олиши лозим. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам биз ўрнак олишимиз мумкин бўлган ягона инсондир. У кишининг ҳаётларини ўрганиб ўз ҳаётимизга тадбиқ этишимиз даркор. Фарзандлар тарбиясида ҳам Пайғамбаримизнинг ҳаётлари дастурул амал бўлмоғи лозим. Халқимиз тинчлиги, жамиятимиз равнақи ва давлатимиз ривожи йўлида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олмасдан иложимиз йуқ. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари биз учун мукаммал ўрнакдир.

Муҳаммадсодиқ АБДУОЛИМОВ,
“Ҳидоя” ўрта-махсус Ислом билим юрти талабаси

 

Read 2805 times
Tagged under

Мақолалар

Top