Мақолалар

Гуноҳлар сабабли мусибат етар

Халқимиз орасида: "Бошга бало келса ҳўлу-қуруқ баробар ёнади", деган гап бор. Аслида бу гап хақиқатга яқин айтилинган.

Инсон Хаққа итоати ва ибодати шарофати ила  ишларида унум ва баракага эришганидек, маъсият ва исёнлари туфайли ҳам балога дучор бўлмоғи бор. Гуноҳлар ортидан келадиган мусибатлар эса эгасининг ўзигагина урмай ҳонадонига, қолаверса жамиятга ҳам салбий таъсир қилади. Демак, банда ёмон амаллари билан нафақат ўзини, оиласини, ҳатто атроф муҳитни ҳам зарарланишига, бошга турли офат ва балолар келишига сабабчи бўлиб қолар экан.

Мўминлар бир-бирларига ойнадирлар. Ҳато нуқсонларини ўзига айтиб яхшилик йўлига бошлаб ўрнак бўладилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Албатта кишиларда золимликни кўрсанглар-у, унинг қўлидан тутиб бу ишидан қайтармасанглар тез фурсатда Аллоҳ таоло барчангизни умумий бир азобга гирофтор қилади", деб айтганларини эшитдим", дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).

Демак, банда нафақат ўзини, қолаверса яқинлари, дўст-биродарларини юриш туришига ҳам ўз маъсуллигини ҳис қилмоғи зарур. "Менга нима" қабилида иш тутиш, бепарво ва лоқайд бўлиш мўминлик сифатига асло ярашмайди. Банданинг золим бўлиши, ўзгаларга озор ва азоблар бериши балога сабаб бўлар экан. Золимлик, исён ва туғёндир. Афсуски, бировга насиҳат қилсангиз, ёмонликдан қайтарсангиз "сенга нима" деган жавобни эшитасиз. Бу ачинарли ҳол. "Бир болага етти маҳалла ота-она", деган улуғларимиз панд-насиҳати қаерда қолди ?

Шундай экан, бир-биримизга амру маъруф қилиб тўғри йўлга чақирмасак, ёмонликдан қайтармасак мусибатлар гирдобида қолишимиз тайин. Бугун инсониятнинг бошига келган вирус балосидан тўғри хулоса чиқармаган инсонни ақл эгаси деб бўладими? Инсон бошига тушган бало ва офатларни мулоҳаза қилиб ўзини ислоҳ қилиб, имон йўлига ўтмоғи зарур.

Инсон гуноҳга ботиб яқинларининг юзини ерга қаратмасин. Маъсиятлари билан жамиятини булғамасин, омма бошига бало келишига сабабчи бўлиб қолмасин. Золим, зулмкор бўлмасин, Аллоҳдан қўрқсин!

Мулоҳаза шуки, хар бир банда Хақ йўлда юрмоғи, ҳаётини яхшиликлар билан ўтказмоғи, оиласи ва жамият олдидаги, энг муҳими Аллоҳ олдидаги масъулиятини унутмаслиги зарур.

 

Абдураҳмон АРТИҚОВ,

Андижон шаҳар "Уйғур" жоме масжиди имом-xатиби.

Read 2492 times

Мақолалар

Top