Мақолалар

Узукдаги ҳикмат

Шайх Фаридуддин Атторнинг “Илоҳийнома” асарида келтирилган “Подшо ва узук” ҳикояси гўё бир жавоҳирдир. Келинг, шу ҳикоят мазмунидан баҳраманд бўлайлик. 

“Бир пайтлар жаҳон қўрғонида бир комил шоҳ яшар эди. Бутун халқ унинг ҳукмига ҳозир турар, сабаби, ул шоҳ адолатда назири йўқ инсон эди. Мулки бисотининг эса ҳисоби ҳадсиз, яна атрофида илму ирфон аҳллари, номдор олимлар ҳам кўп. Кунларнинг бирида уларни олдига чақирди:

Чақирди бир куни олдига султон,

Деди: Шу кунлари ҳолим паришон.

Кўнгилга тушди орзу ногаҳондин,

Вале билмасмен ул келмиш қаёндин?

Яъни, шоҳ ҳолининг паришонлигидан шикоят қилди. Кўнглига келган орзуни баён қилди. Зеро, паришонлиги шунда тарқаса:

Ясанглар бир узук поку мукаррам,

Ки ҳар вақт ғам чекиб, қайғуга ботсам,

Анга кўз ташлабон, дилшод бўлай мен,

Аламдин, қайғудин озод бўлай мен.

Подшоҳ ҳакимларга бир узук ясашни буюрди, токи ул узукка кўз ташлаган дам кўнгли шодликка тўлиб, аламу қайғулардан озод бўлсин. Ёки иқболдан кўнгли шодликка тўлиб кетса, шу узукка боқиб маъюс бўлсин...

Ҳукмдорнинг талаби оғир эди. Олиму ҳакимлар ундан муддат сўрадилар. Узоқ фикрлашдилар, ўйладилар, бу мушкул ишни бажариш чорасини излаб “қон ютдилар”. Охири бир қарорга келдилар:

Ниҳоят бирлашиб, азм айладилар,

Узук бунёдига жазм айладилар.

Узукка бир ёзувни кўрдилар эп,

Анга нақл этдилар: “Бул ҳам ўтар”, деб...

Ҳа, оқилу доно ҳакимлар узукка “Бул ҳам ўтар” деган ёзувни нақш қилдилар.

Ҳар бир инсоннинг “келмоқ” ва “кетмоғ”и Яратганнинг измида. Келганлар ҳамиша кетмоқни эсда сақласинлар.

Ҳаётда бахту иқбол кулиб боқса – шоду хуррам кунларда бунинг ўткинчи эканини ёдда сақласинлар-да, ҳаддан ошмасинлар. Бойлик, бахт, иззату обрў топганда мағрурланиб, ўзларини йўқотиб қўймасинлар. Аксинча, қайғуга ботган, бошларига ғам-алам келган кунларда эса тушкунлик ботқоғига ботмасдан, сабр қилиб, яхши кунлар орзусида яшаб “бул ҳам ўтар” десинлар.

Подшоҳни тинчлантирган, бизни ўйлантирган ҳикматнинг интиҳоси қуйидагича: .

Магарким бул жаҳон ўтгувчидир, бас,

Ва барча ул жаҳон кетгувчидир, бас.

Тиларсен, ул жаҳонни, ғам-алам ют,

Бориб Иброҳим Адҳам илкини тут.

Хулосада Иброҳим Адҳамнинг ҳаёти мисол келтирилаётгани бежиз эмас. Маълумки, Иброҳим Адҳам дунё ҳақиқатини англаб етгач, подшоҳлик тожини ечиб, дарвешлик жандасини кийган эдилар.

Фаридуддин Аттор раҳимаҳуллоҳ ўз ҳикоясида инсониятга уқтирмоқни истаган “Бул ҳам ўтар” ҳикматига содиқ ҳолда яшаб ўтганлар.

Дилором КАРИМОВА,

филология фанлари номзоди, доцент

 

“Ҳидоят” журналининг 2020 йилдаги 1-сонидан олинди

Read 2101 times

Мақолалар

Top