Мақолалар

Рибохўрлик бор жойда ноҳақлик, иқтисодий зулм авжига чиқади

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: Молларини кечасию кундузи яширин ва ошкора нафақа қиладиганларнинг ажрлари Робблари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар (Бақара сураси, 274-оят).

«Кечасию кундузи» дейишдан мурод ҳамма вақт назарда тутилмоқда, «молларини» деган сўз замирида эса ҳамма турдаги моллар ва ҳамма турдаги эҳсон қилувчиларга ишора бор.

«Молларини кечасию кундузи яширин ва ошкора нафақа қиладиганларнинг ажрлари Робблари ҳузуридадир».

Уларнинг ажрлари энг олиймақом жойда – Робблари ҳузурида экани таъкидланмоқда. Бас, шундай экан, мўмин-мусулмонлар юқорида васф қилинган кишилардан бўлиш учун ҳаракат қилмоқлари лозим. Чунки:

«Уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар»

Ҳа, бундай кишиларга охиратда хавф йўқ ва бу дунёда қилган ишларига хафа ҳам бўлмайдилар.

Ислом тузуми, аввало, ишга қодир бўлган ҳар бир инсоннинг осонлик билан ҳалол ризқ топишини таъминлайди. Лекин инсон ҳаёти доимо бирдек кечавермайди, турли фавқулодда ҳолатлар, кутилмаган ҳодисалар оқибатида баъзи кишилар ноқулай иқтисодий ҳолатга тушиб қоладилар. Бундай ҳолатлар садақа, хайр-эҳсон йўли билан муолажа қилинади. Ўта бой кишилардан маълум миқдордаги молу мулк закот сифатида фарз ҳукми ила олиниб, ҳақдорларга тарқатилади.

Сўнгра қодир бўлган барча кишиларни ихтиёрий садақа қилишга тарғиб қилинади.

Шу билан бирга, муҳтожларни ҳам одоб доирасидан чиқмаслик, юқоридаги оятда айтилганидек, хиралик билан одамлардан тиланчилик қилмасдан, иффатли-қаноатли бўлишга чақирилади.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи қилган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадиларки, Пайғамбар алайҳиссолату вассалом: «Бир-икки хурмо ёки бир-икки луқмани олиб, қайтадиган мискин эмас, иффатли бўлиб турган мискиндир, хоҳласангиз, «Одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар» оятини ўқинг», – дедилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом:

– Ким ўзида етарли нарса бўла туриб, одамлардан тиланса, қиёмат куни тиланчилиги юзида тирналиш бўлиб келади, – дедилар. Одамлар:

– Эй Аллоҳнинг Расули, етарли нарса қанча? – дедилар. У зоти бобаракот:

– Эллик дирҳам, – дедилар.

Шундан келиб чиқиб, «Етарли нарсаси бор одамга тиланчилик қилиш ҳаром» деган ҳукм чиқарилган.

Садақа ҳақидаги оятлар нозил бўлганидан кейин молиявий муомалаларнинг яна бир тури, садақага қарама-қарши тури – рибо (судхўрлик) ҳақида сўз очилади.

Рибо (судхўрлик) бечораларнинг ночорлигидан фойдаланиб, уларнинг меҳнати эвазига бойлик орттиришдан иборатдир.

Бир инсон ночор бўлиб, иш юритишга, оила тебратиб, бола-чақа боқишга сармояси қолмай, пулдор кишининг олдига ҳожатини айтиб борса, унга садақа ёки яхши қарз бериш ўрнига судхўрлик юзасидан муомала қилади. Яъни, «Мен сенга маълум муддатга маълум миқдор пул бераман, сен бу пулни бунча фоизга кўпайтириб берасан», – дейди. Агар тайинланган муддатдан кеч қолса, яна устига фоиз қўшилади ва ҳоказо.

Шундай қилиб, бир тоифа одамлар бошқаларнинг ночор ҳолидан меҳнатсиз бойлик орттириш учун фойдаланадилар. Рибохўрлик бор жамиятда ноҳақлик, иқтисодий зулм авжига чиқади. Оқибатда мол-мулк бир гуруҳ судхўрларнинг қўлига ўтиб қолиб, жамият уларнинг хоҳишига биноан яшашга мажбур бўлади.

Ислом жоҳилиятдаги номаъқул ишлардан ҳеч бирига қарши рибога қарши ўт очгандек ўт очмаган.

«Тафсири Ҳилол» китобидан

Read 2399 times

Мақолалар

Top