Мақолалар

Жонингга қасд қилма

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг  “Бақара” сураси 195-оятида шундай огоҳлантиради: “... ўз қўлларингиз (бахиллик қилиш) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадиси шарифларида: “Ким ўзини-ўзи бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади ва ким ўзини олов билан ўлдирса, дўзах оловида ҳам худди шундай азобга қолади”, деб айтганлар.    Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ  ривоят  қилишларича, ҳазрати  Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:  “Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилади: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”.

Юқоридаги  оят ва ҳадисларда    ўз жонига қасд қилишнинг оғир гуноҳ эканлиги  таъкидланиб айтилмоқда.  Ўз жонига қасд қилиш Аллоҳ таолонинг қазойи қадарига  қарши чиқишдир. Ўзини ўзи ўлдирганлар охиратда оғир азоб қолишади, дунёда ота-оналарини, қариндошларини оғир ташвишга солиб қўйишади.

Қуйида  бир  воқеа  келтирамиз.

Акмал ота  масжиддан аср намозини ўқиб   қайтаркан, уйга кираётганида ўйга толиб қолди. Аёли Салима ая уни бу ҳолатини кўриб  саволомуз қаради.

Ота  аёлига  бугунги  жаноза намозига йигирма беш ёшлардаги  йигитнинг маййитини олиб келишганини гапириб берди.  Маълум бўлишича, йигит бир қиз билан  учрашиб, гаплашиб юраркан. Лекин уйланиш вақти келганида бошқа қизга совчи юбориб, унаштирилган. Бу ҳолга чидолмаган  аввалги учрашиб юрган қиз йигитни кўчада пичоқлаган ва ўзига ҳам пичоқ урган. Оқибатда йигит касалхонага етмай жони узилган. Қиз эса  оғир аҳволда касалхонага етказилган. Ҳодисанинг нақадар аянчли  эканини  ўйлаб, Акмал ота ва  Салима ая чуқур қайғуга ботди.

Бу каби ҳолатларга нима сабаб бўлмоқда?! Ёшларнинг тарбияси бузилиб кетяптими? Йигитларда  масъулият етишмаяптими? Қизлар тарбиясига етарлича аҳамият берилмаяптими? Ота-оналар  фарзандлар тарбиясига бефарқми?!

Маълумки, мустақилликнинг  дастлабки йилларидан  ёшлар учун кенг имкониятлар  эшиклари очилди.  Мамлакатимизда виждон эркинлиги кафолатланди.  Ёшлар   спорт,   маданият ва бошқа соҳаларда  улкан ютуқларга эришмоқда. Лекин, “гуруч курмаксиз бўлмайди”  деганларидек, баъзи ёшларимиз   жиноят кўчасига кириб қолаётганлиги ачинарли ҳол.  

Кейинги пайтларда интернет орқали  “Кўк кит” ва “Winx” каби  ўйинлар   тарғиб қилинаётганлиги   ҳақида маълумотлар тарқалди. Бу ўйин ҳам ёшларнинг онгини заҳарлаб, ўз жонига қасд қилишга бошлайди.  Бундан барчамиз огоҳ бўлишимиз лозим. Ёш авлодни баркамол вояга етказиш, уларни турли зарарли   таъсирлардан эҳтиётлаш  ҳозирги кунда энг долзарб масала ҳисобланади.

Бугунги тинч, фаровон ҳаётимиз, тўкин дастурхонимизга шукроналар келтиришимиз, дунёнинг айрим ерларида  бўлаётган воқеа-ҳодисалар, Яқин Шарқ давлатлари  ва Афғонистондаги  қўпорувчилик  ҳаракатлари, террорчилик ташкилотлари уюштираётган  ўзини-ўзи портлатиш орқали тинч аҳолининг умрига зомин бўлаётган ҳолатлардан  керакли хулоса чиқаришни ёшларга тушунтирмоғимиз  даркор. Ҳар қандай иқтисодий,   ижтимоий муаммоларни сабр  ва қаноат билан ҳал қилса бўлади. Аллоҳ таоло берган ҳаёт неъматини   савобли ишлар,  хайрли амаллар қилиш билан ўтказиш,    ҳаётий муаммоларни  чиройли тадбир билан ҳал этиш,  Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор  бўлиб  яшаш  ҳақиқий имонли кишининг  фазилатидир.

 Марям Абдуллаева,

ЎМИ мутахассиси

Read 6009 times

Мақолалар

Top