Мақолалар

Иймон қадрини биламизми?

Бир даъватчи домла ҳикоя қилади:
Америка вилоятларидан бирида қайсидир бир мавзуда маъруза қилаётган эдим, маърузам асносида бир киши ўрнидан турдида:
- Домла, бу кишига калимаи шаҳодатни айтдириб, талқин қилиб юборсангиз, деб, ёнида ўтирган америкалик - сариқдан келган кишига ишора қилди.
Мен хурсанд бўлганимдан: "Аллоҳу акбар" деб юбордим. Зеро, Ислом неъмати Оллоҳ ёрлақаган кишиларгагина насиб бўладиган бебаҳо бир гавҳар... Америкалик ёнимга келиб, одамлар рўбарўсида тургач, сўрадим:
- Сизни бу Динга киришга нима ундади, ундаги қайси нарса ўзига жалб қилди?
- Мен анчагина бой одамман, ширкатларим, бойликларим кўп, бироқ ҳеч вақт ич-ичдан қалбимда бахт туйғусини, саодат шуурини туймас эдим... Қўл остимда бир Ҳиндистонлик ишчи ширкатимда ишлар, озгина ойлик олар эди.. Қачон олдига бормай, уни доим жилмайган, хотиржам ҳолда кўрардим... Мен - миллионлар соҳиби эса ўша кўримсиз камбағалчалик ҳеч вақт жилмая олмаётганлигим мени жуда таажжубга солди.. Ўзимга-ўзим: Пуллар, ширкатлар эгаси мен бўлсаму, мана бу қашшоқнинг юзидан табассум аримаса?! дедим. Гўё бу ерда бир сир бордек туюлар, ҳар кўрганимда ўша сирни очишга, ҳақиқатидан воқиф бўлишга иштиёқ менда ортар эди... Охири бир куни олдига келдимда, ўтиришга таклиф қилиб, сўрадим:
- Нега доим жилмайиб юрасиз, бунда бирор сир борми?
У ўзининг одатдаги жилмайишида давом этиб, хотиржамлик билан, соддагина қилиб:
- Чунки мен мусулмонман, "Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммад Росуллуллоҳ" деб гувоҳлик берганман, деди...!
- Бу дегани – мусулмон доим бахтли, доим хотиржам деганими?
- Албатта!
- Қандай қилиб ахир?
- Чунки суюкли пайғамбаримиз бизга шу ҳадисни айтиб ўтиб кетганлар: "Мўъмин иши жуда ажойиб-да.. Унинг барча ишларида яхшилик бор, қандай аҳволда бўлмасин, яхшилик уни тарк этмагай: Қийинчилик, ғам-қайғу етадиган бўлса, сабр қилади, яхшилик кўради.. Енгиллик, хурсандлик етадиган бўлса, шукр қилади, яхшилик кўради.." Ҳаётимиз шу икки нарсадан холи эмас – ғам-қайғую хурсандлик.. Оғирлигу енгиллик.. Бахт устига бахт.. Айтинг, бахт бу – қалб сокинлиги, дил осойишталиги эмасми?
У гапини ўша одатдаги ширин табассуми ила тугатар экан, мен қатъий қарорга келиб улгурган эдим:
- Мен бу динга кирмоқчиман.
- Жуда осон, ўша юқорида мен айтган калимаи шаҳодатни келтирасиз..
Мана, ўша калимани айтиш учун ёнингизда турибман...

Юрагим бир тўлқинланиб, одамлар олдида унга шаҳодатни ўргатиб турдим, америкаликларга хос бузиб-бузиб, тили аранг келиб, шаҳодатни айтди-да, сўнг.. ич-ичидан келган йиғисини тутолмади, ҳўнграб юборди.. Юпатмоқчи бўлиб келганларга: "Қўйинглар, кўнглини бўшатиб олсин", дедим.
Йиғидан тўхтагач, бироз ўнғайсизликка тушиб, сабабини баён қилди:
- Шу вақтга довур қалбимга бу қадар осойишталик, сурур кирмаган эди, буни илк бор сезиш кишини жуда ҳаяжонга солиб юборар экан...

Ҳа.. Дил ороми, қалб лаззати ҳеч қачон фильмлар, телесериаллар, мусиқалар, шаҳвоний ҳирсни қондиришлар ила бўлмайди... Аксинча, булар фақат безовталик, юрак сиқишни орттиради, холос.. Қалб осойишталиги эса, Қуръон тиловати, намоз, рўза, садақаю эҳсонлар, бир сўз билан айтганда Иймону Ислом билан бўлади.. Билмаганлар, тажриба қилмаганлар маҳрум ўтмасинлар, тажриба қилсинлар, синаб кўрсинлар..

Сайфуллоҳ Носир

Read 2161 times

Мақолалар

Top