Мақолалар

Саждадаги дуо мустажоб

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банданинг Роббисига энг яқин пайти у сажда қилганидадир. Бас, дуони кўпайтиринглар», дедилар».

Шарҳ: Намоз банданинг ўз Роббиси билан яккама-якка муножотидир.

Намоз мўминнинг меърожидир, у банданинг Аллоҳнинг ҳузурида ўзини энг хор ва энг паст тутган ҳолидир.

Сажда эса намознинг бандалик энг равшан намоён бўлиб, хорлик ва зорлик зоҳир бўладиган жойидир. Банданинг зорлиги қанчалар ошса, Аллоҳга шунчалар яқинлашади. Шунинг учун ҳам банда саждада Роббисига энг яқин ҳолда бўлади. Роббисига яқин турганда сўрагани қабул бўлиши шундан. Шунинг учун ҳам саждада кўпроқ дуо қилиш керак.

Имом Муслим ва Аҳмадлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Огоҳ бўлингким, мен рукуъда ва саждада турган ҳолимда Қуръон қироат қилишдан наҳйи қилиндим. Аммо рукуъда Аллоҳни улуғланглар, саждада эса дуо қилишга ижтиҳод қилинглар. Ижобат бўлиши аниқдир», деганлар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Read 2181 times

Мақолалар

Top