Мақолалар

Унутилаётган суннатлар (20-суннат): Азондан кейин шаҳодат калимасини айтиш

 

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким муаззинни эшитганида «Ашҳаду алла илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу ва анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу, розийту биллаҳи Роббан ва би Муҳаммадин Расулан ва бил Ислами дина» деса, унинг гуноҳи мағфират қилинур», дедилар» (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ривояти).

"Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқ. У ёлғиз Ўзидир. Унинг шериги йўқ ва албатта, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир, деб гувоҳлик берурман. Аллоҳни Робб, Муҳаммадни Расул ва Исломни дин, деб рози бўлдим".

Ушбу ҳадисда ким азонни эшитганидан кейин мазкур дуони ўқиса, гуноҳлари мағфират этилиши ваъда қилинмоқда.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Келинг, биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ азондан сўнг шаҳодат калимасини айтишга одатланайлик.

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 2712 times
Tagged under

Мақолалар

Top