Мақолалар

Исроф жаҳолатдандир

Халқимиз маблағ топса, яхши ният билан тўйга жамғаради. Лекин бу одат одамларнинг жаҳолати боис иллатга айланиб бормоқда. Бугунги кунда тўй, маърака ва маросимларда меъёр, миллий урф-одат ва динимиз белгилаб берган чегарадан чиқиб, риёга, исрофга йўл қўйилмоқда. Очиқ-сочиқ либослар, турнақатор тўй кортежлари ижараси, келин-куёвлар маънавиятимизга умуман тўғри келмайдиган вальс, турли “каш­фиёт”ларга ружу қўйиши, маъракаларга ҳаддан зиёд меҳмон таклиф этилиши... Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.

Бу иллатлар жамиятни таг-тубидан емиради, тараққиётга тўсиқ бўлади. Агар шу дабдаба, ҳашамат, ичкиликбозлик кабиларга сарфланаётган миллиардлаб маб­лағларни таълимга ёки ишлаб чиқаришга йўналтирсак борми? Қандай нати­жаларга эришган бўлардик?! Ажри улуғ ишга сарф қилинган молнинг то қиёмат­гача соҳибига савоб келтириб туриши ҳақида ҳадислар ворид бўлган.

Аъроф сурасининг 31-оятида: “...Еб-­ичинг ва исроф қилманг. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас”, дея марҳамат қилинган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исроф­гарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ича­вер”, де­ганлар (Имом Бухорий ривояти).

Банданинг вазифаси Аллоҳ берган неъматларнинг шукрини қилиш, уларни исроф қилмай ишлатишдир. Эҳтиёждан ортиқ еб-ичишни баъзи уламолар ҳаром деган бўлса, айримлари макруҳ санаган. Бу неъматлардан қай тарзда фойдаланганимиз, уларни қаерга сарфлаганимиз, шукрини қандай қилганимиз ҳақида сўра­ламиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: “Мусулмоннинг мусулмон зиммасида олтита ҳақ бор: бир-бирингизга йўлиқсангиз, салом беринг; сизни (меҳмонга) чақирса, боринг; маслаҳат сўраса, тўғри маслаҳат беринг; акса уриб Аллоҳга ҳамд айтса, унга жавоб қайтаринг (“Ярҳамукаллоҳ” денг); бетоб бўлиб қолса, уни бориб кўринг ва вафот этса, (жанозасига) боринг”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ислом шариати мусулмонларга ҳаргиз қийинчиликни раво кўрмайди. Маҳалла-­кўй олдида хижолат бўламан деб, қарз олиб ё борини сарфлаб, “худойи” қилиш шариатимизда номақбул иш саналади. Чунки Қуръони каримда: “Аллоҳ таоло сизлар учун бу динда ҳаргиз қийин­чилик яратмади” (Ҳаж сураси, 78-оят), деб айтилган.

Мусибатхоналарда “пайшанбалик”, “якшанбалик” номи билан қилинаётган, дафндан кейин маълум кун ёки ойни санаб, ай­ниқса, икки ҳайит кунларида ўтказилаётган худойи маросимларининг диний асоси йўқ.

 

Хайруллоҳ САТТОРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Самарқанд вилоят вакили ўринбосари

“Ҳидоят” журналининг 3-сонидан олинди

Read 2240 times

Мақолалар

Top