Мақолалар

Кўз тегиши бор нарсами? (биринчи мақола)

Гоҳида одамлар орасида “фалончини кўзи тегди. У келиб-кетганидан кейин аҳволим оғирлашиб қолди” деган гап-сўзлар қулоққа чалиниб қолади. Айни воқеъликда ҳам бу каби ҳодисаларга кўп бора тўқнаш келамиз. Халқимиз орасида кўз тегиши ва унинг аянчли оқибатлари хақидаги ҳодисалар зарбулмасал бўлиб кетган. Шунинг учун бўлса керак, одамлар кўз тегишидан сақланиш мақсадида турли чора-тадбирларни қўллайдилар. Кимлардир хонадонининг кириш йўлакларига тақа қоқиб қўяди, кимлардир бошқа алланималарнидир осиб қўяди.  Айримлар исириқ илиб қўяди ва ҳоказо.  Айрим оналар ширинтой болачаларнинг бешигига ояти карималар ёзилган қоғозларни тумор қилиб осиб қўядилар. Ёки уларнинг юз ва пешоналарига қандайдир чизиқлар чизиб қўядилар. Булардан мақсад ушбу ширинтойларни кўрган одамнинг илк нигоҳи мана шу чизиқларга тушиши учундир. Ундан ташқари халқимиз орасида “кўзи бор одам бир енгини орқага қайириб юрсин” деган сўз ҳам маълум ва машҳур.

Бу масала қадим-қадимдан давом этиб келаётган жараён бўлгани учун ҳам ҳеч кимга сир эмас. 

Бу каби ишлар орасида бола бешигига тумор ёки кўзмунчоқ  тақиш масаласи анча ихтилофлидир. Умуман олганда тумор,  исириқ, кўзмунчоқ каби нарсаларни осиб қўйиб айнан шулардан нажот кутиш, мана шу нарсалар бизни бало-қазолардан сақлайди, деб эътиқод қилиш ширк амали ҳисобланади.

Масалан дори ичган одам ҳам дорини “Аллоҳ таолонинг изни билангина шифо бўлади” деган эътиқод билан истеъмол қилиши керак. Акс ҳолда бу иш ҳам исириқ масаласига ухшаб ширк томонига айланиб кетиши мумкин. Айрим одамлар мозорларга бориб у ерни тупроғидан олиб келиб нималардир қилишлари, турли ёлғончи азайимхонларнинг эшигига зир югуришлари, қора товуқ, қизил хўроз суйиш керак дейишлари, “ҳафтанинг фалон куни у ишни қил, фалон куни бу ишни қил” қабилидаги ёндашувларнинг барчаси бидъат хурофотлардир. 21-асрнинг маданиятли кишиси учун уятли тушунча эмасми!?  

Бу айтганларимиз айрим одамларни кўз борасидаги бугунги  ёндашувлари бўлиб у каби ишларни ҳаммасини ҳам шаръан тўғри деб бўлмайди, албатта. Аслида бошқа масалаларда бўлгани каби кўз тегиши борасида ҳам  Китоб ва Суннатда шариатимизнинг аниқ кўрсатмалари ворид бўлган. Кўз тегишига оид  ҳодисалар саҳобаларнинг  ҳаётида ҳам тез-тез содир бўлиб турар эди. Аммо саҳобалар уларни муолажаси учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожат қилар ва бу борадаги кўрсатмаларига қатъий амал қилар эдилар. Уламоларимиз мавзуга оид барча далилларни ўрганиб чиқиб, кўз тегиши ҳақиқат эканини такидлайдилар. Унинг муолажаси борасида ҳам Китоб ва Суннатда бир қатор кўрсатмалар ворид бўлган бўлиб уламоларимиз уларни батафсил баён қилганлар. Демак кўз тегиши шариатда тан олинган ҳолат бўлиб айни пайтда ундан сақланиш чоралари, борди-ю тегиб қолса уни бартараф қилиш йўллари ҳам аниқ кўрсатиб ўтилган. Биз қуйида,  мазкур кўз тегиши борасида ворид бўлган шарий далилларни ўрганиб чиқамиз.

Кўз тегиши ҳақиқат эканига Китоб ва Суннатдан далиллар 

Қуръони каримнинг хабар беришича, Ёқуб алайҳиссалом ўғилларини Мисрга жўната туриб уларга шундай насиҳат қиладилар:

“У: «Эй ўғилларим, битта эшикдан кирманглар, турли эшиклардан киринглар. Мен сизлардан Аллоҳнинг ҳеч нарсасини қайтара олмайман. Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир. Унгагина таваккал қилдим. Таваккал қилгувчилар фақат Унгагина таваккал қилсинлар», деди.

Оталари амр этган томондан кирдилар. Зотан, бу улардан Аллоҳнинг ҳеч бир нарсасини қайтара олмас эди. Магар Яъқубнинг кўнглидаги эҳтиёж бўлиб, уни қондирди, холос. Албатта, у Биз таълим берганимиз туфайли билим соҳиби эди. Лекин кўпчилик одамлар билмаслар (Юсуф, 67-68).

Муфассирларимиз жумладан Ҳафиз ибни Касир роҳимаҳуллоҳ ушбу икки ояти карима ҳақида  Ёқуб алайҳиссаломнинг бу ердаги насиҳатлари уларга кўз тегишидан қўрққанлари учун. Чунки Ёқиб алайҳиссаломнинг ўғиллари кўркам ва кўзга ташланиб турар эди. Зеро кўз отлиқни отдан йиқитиши ҳақдир” дейдилар.     

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Кўз тегиши ҳақдур” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Кўз одамни қабрга, туяни эса қозонга туширади”.

Бухорий ва бошқа муҳаддисларимизнинг келтиришларича, Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам неваралари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларнинг ҳақига қуйидаги лафзлар билан дуо қилар эдилар:

“Ҳар иккалангиз учун ҳам Аллоҳ таолонинг мукаммал сўзлари билан шайтон ва унинг барча ёмонликларидан ва барча ҳасадгўй кўздан паноҳ сўрайман”. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони қилиб бўлиб шундай дедилар: “Иброҳим (алайҳиссалом) икки ўғли Исмоил ва Исҳоқ (алайҳимаҳассалом)лар ҳақига ушбу сўзлар билан дуо қилар эди”.

Анас ибни Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади:

“Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам кўз тегиши, заҳарли ҳашоратларнинг чақиши ва яра-чақалар пайдо бўлишида руқяга рухсат (махсус оятларни териб ўқиб дам уриш) бердилар”.   

Кўз ҳақида булардан ташқари ҳам бир қанча мутавотир даражадаги хадиси шарифлар ворид бўлган бўлсада биз айтиб ўтилганлари билан кифояланамиз. Келгусида Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ундан сақланиш ва халос бўлиш борасидаги кўрсатмаларини ҳам ўрганиб чиқамиз.  

(давоми бор)

Тошкент шаҳридаги

"Умар ибн Хаттоб" масжиди имом ноиби

Тоҳир Воҳид

Read 5145 times
Tagged under

Мақолалар

Top