Мақолалар

Аллоҳ тавбангни қабул қилди

Абу Саъид ривоят қилади: «Зоҳидлардан бири шундай ҳикоя қилади: «Абулҳорис Улосий мендан «Менинг тавбам қандай бошланганини биласанми?» деб сўради. «Йўқ» дедим. У шундай ҳикоя қилиб берди: «Мен жуда келишган йигит эдим. Ғафлатда юрган пайтларим эди. Бир куни йўлнинг ўртасида бир касалнинг йиқилиб ётганини кўриб, унга яқинлашдим. «Бирор нарса хоҳлайсизми?» десам, анор сўради. Анор топиб келиб, олдига қўйдим. У кўзини мен томон кўтариб, «Аллоҳ тавбангни қабул қилсин», деди. Кеч кирмасидан қалбим ўйин-кулгидан иборат барча нарсага нисбатан ўзгарди, ўлимдан қўрқиб қолдим. Бор-будимни олиб, ҳаж қилгани чиқдим. Фитнадан қўрқиб, кечаси йўл юриб, кундузи беркиниб олар эдим. Кечаси йўл юриб бораётиб, ичиб ўтирган бир давранинг олдидан ўтиб қолдим. Улар мени кўриб, хижолат бўлишди, сўнг ёнларига ўтқазишди, егулик беришди. Бироздан сўнг бавл қилишим кераклигини айтдим. Халони кўрсатгани бир хизматкорни тайинлашди. Улардан узоқлашгач, хизматкорга: «Нарироқ бориб тур, уяламан», дедим-да, ўрмоннинг ичига кириб кетдим. Бир пайт қарасам, қаршимда бир шер турарди. «Аллоҳим, нималарни тарк қилганимни, нима мақсадда йўлга чиққанимни биласан. Мендан мана бу шернинг ёмонлигини даф қил», дедим. Шер менга ҳеч нарса қилмади. Йўлга қайтиб, Маккага бордим ва у ерда ўзим манфаат оладиган кишилар билан учрашдим».

«Солиҳлар гулшани» китобидан

Read 1970 times

Мақолалар

Top