Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорат анбиёнинг фазилатлариға ва ҳазрати Муҳаммаднинг афзаллиғиға алайҳимуссалом (Йигирма иккинчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

 

Анбиё – Тенгри танлағонлардур,

Барча эл – тан, бу хайл – жонлардур.

Бордурур борча элга фазллари,

Хоҳ бўлсин фаришта, хоҳ парий.

Борчанинг афзали Муҳаммаддур,

Борчанинг акмали Муҳаммаддур.

Борчанинг фазлини йиғиштурсанг,

Бир кишида борин сиғиштурсанг,

Фазли Аҳмадча бўлмағай ул ҳам,

Бўлғай Аҳмад фазилатидин кам.

Ҳар набийнингки ҳужжати бордур,

Бир бўлак хайлу уммати бордур.

Лек, билким, Муҳаммади Арабий

Бордурур коффаи улусқа набий.

Жумлаи анбиёға ул хотим,

Борча маҳкуму улдурур ҳоким.

Хатм ўлубдур анга пайғамбарлиқ,

Келмас эмди кишига бу ёрлиқ.

Осмондин Масиҳ чун келгай,

Шаръи – шаръи Муҳаммадий бўлғай.

Даъват эткай улусни бу динға,

Саъй қилғай бори бу ойинға.

Шаръича шаръ бўлмағай тансух,

Қилди, ҳар шаръники бор, мансух.

 

НАСРИЙ БАЁН

Пайғамбарлар алайҳимус-саломнинг фазилатлари ва ҳазрати Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) афзалликлари ҳақида

 

Пайғамбарлар  Аллоҳ  таъоло  танлаган  зотлардир,  барча  халқ  тан бўлса, бу жамоа жонлардир. Хоҳ фаришталар, хоҳ жинлар (хоҳ инсонлар) халқи бўлсин, у пайғамбарларнинг барча халқдан афзалликлари – устунликлари бор.

 

Барчасининг афзали ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар, барчасининг акмали – энг мукаммали ҳам ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар.

 

Барчаларининг фазилатини йиғиштириб, бир инсонда жамласанг, бу ҳам ҳазрати Аҳмад (яъни, ҳазрати Муҳаммад) алайҳиссаломнинг фазилатича бўла олмайди, барча-барчасининг фазилати ҳазрати Аҳмад алайҳиссаломнинг фазилатларидан кам бўлади.

 

ИЗОҲ:  Қуръони  каримдан (оят маъноси):  “Биз  ушбу  (номи  ўтган)  пайғамбарларнинг баъзиларини  (Ўзимиз  ато  этган  хислатлар  билан) баъзиларидан  устун қилдик” (Бақара сураси, 253-оят).

Яна: Исро сураси, 55-оятида ҳам шу маъно бор.

 

Ҳар бир пайғамбарнинг ҳужжати (Аллоҳ юборган китоби ёки саҳифаси, ёхуд мўъжизаси) бор бўлиб, ҳаммаларининг бир бўлак жамоаси  –  бир  қавмдан  уммати  бор,  яъни  ҳар  бирлари  маълум  бир қавмга пайғамбар қилиб юборилганлар.

Лекин билгинки, арабий (зотлари араб бўлмиш) ҳазрати Муҳаммад  алайҳиссалом  бутун  халққа,  яъни  бутун  инсониятга    (ва  жин қавмига) пайғамбар қилиб юборилгандирлар.

Ул зот барча пайғамбарларнинг тугалловчиси – сўнггисидирлар, барчалари ҳукмга тобедир, у киши ҳокимдирлар.

Пайғамбарлик у зот билан тугаган – охирига етгандир, энди бирор кишига бу ёрлиқ – бу фармон, бу мақом, бу вазифа, бу шараф берилмайди.

 

Ҳазрати Ийсо Масиҳ алайҳиссалом осмондан тушганларида, у зотнинг (тутган ва ҳукм юритадиган) шариъати ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломнинг шариъатлари бўлади. У зот бутун халқни – инсониятни шу динга (ислом динига) чақирадилар ва шу диннинг қонун-қоидаси билан саъйу ҳаракат қиладилар.

(Чунки) ул зотнинг шариъатларига тенг келадиган тансух – ажойиб, нодир, камёб шариъат бўлмайди, қанча шариъат бор бўлса, бу шариъат барчасини мансух қилди – бекор қилиб, ҳукмини тўхтатди. (Ислом шариати эса то Қиёмат кунигача давом этади.)

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

Read 1917 times
Tagged under

Мақолалар

Top