Мақолалар

Ҳизбчиларнинг “Исматул анбиё” масаласидаги хатолари

Исматул анбиё деб Пайғамбарларнинг катта ва кичик гуноҳлардан омонлиги, Аллоҳ таоло уларни гуноҳлардан сақлаб қўйишига айтилади.

Уммат бирдамлигига футур етказишда дин душманларидан қолишмайдиган тоифа—ҳизбчиларнинг навбатдаги бузуқ ақидаси Аллоҳ таоло танлаган пайғамбар алайҳимуссаломлар билан боғлиқдир. Пайғамбар алайҳимуссаломлар Аллоҳ таолонинг суюкли бандаларидир. Энг аввалгиси ҳазрати Одам алайҳиссалом ва энг сўнггиси ҳазрати Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Аллоҳ таоло одамлар орасидан энг солиҳларини танлаб пайғамбар тайинлайди. Пайғамбар алайҳиссаломларнинг вазифаси умматларига шариат аҳкомларини етказишдан иборатдир.

Ҳизбчиларнинг тасаввурларига кўра пайғамбарлар қачонки пайғамбарлик вазифасини олгач, Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ ишда бардавом бўлишади. Пайғамбарликдан олдин эса улар ҳам ҳамма қатори оддий иносн бўлиб, турли ношаръий гуноҳ ишлар қилиши мумкин эмиш. Қаранг, уларнинг раҳнамоси нима деяпти:

«إلا أن هذه العصمة للأنبياء والرسل، وإنما تكون بعد أن يصبح نبيًّا أو رسولا بالوحي إليه، أما قبل النبوة والرسالة فإنه يجوز عليهم ما يجوز على سائر البشر، لأن العصمة هي للنبوة والرسالة»

..бироқ бу исмат пайғамбар ва расулларга қачонки улар илоҳий ваҳий билан пайғамбар ва русуллик мақомига эришсаларгина берилади. Ундан олдин эса уларда ҳам бошқаларда содир бўлган ишлар бўлиши мумкин. Чунки исмат бу пайғамбарлик ва рисолат туфайлидир”. (Тақийюддин Набаҳоний. “аш-Шахсийят-ул-исломия”. 1-Ж. 1-Қисм. 120-Б.).

Йирик ҳанафий олими шайх Мулла Али ал-Қори ҳазратлари Ўсмон Ўший қаламига мансуб “Бадъул-амолий” қасидасига ёзган “Завъул-маъоли” номли шарҳида шундай ёзади:

“Аҳли сунна вал-жамоа уламоларининг иттифоқига кўра, пайғамбарлар энг содиқ, омонатдор, ҳалол, ростгўй ва маънавий етук баркамол инсонлардир. Зеро Аллоҳ таоло рисолат ва нубувват учун ёлғончи, каззоб, пасткаш, қаллоб ва хоинларни асло танламайди. Пайғамбарлар куфр иллатидан пайғамбарликдан олдин ҳам кейин ҳам омонда бўлишига салафи-солиҳларнинг ижмоъси бор. Шунингдек, катта гуноҳи кабираларни қасддан қилишдан ҳам сақланган соф инсонлар эканига мўътабар уламоларнинг иттифоқи мавжуд”. (Шайх мулла Али ал-Қори. “Завъул-маъоли”. 80-Б).

Ҳизбчиларнинг эътиқодига кўра, илгарги ҳаётида ўғри, фирибгар, қароқчилик каби разиллик белгиси бўлган ишлар билан шуғулланганлар ҳам пайғамбар бўлишлари мумкин эмиш. Аллоҳ таоло бу каби бузуқ тоифаларга қўшилиб, гумроҳ бўлиб қолишдан барчамизни паноҳида Ўзи асрасин!

 

Ботиржон домла ТОЖИБОЕВ,

Андижон шаҳар “ҒИШТЛИ”

жоме масжиди имом-хатиби

Read 1946 times

Мақолалар

Top