Мақолалар

Уламолар бир овоздан қабул қилган ақида

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар”

Ислом уммати алломалари бир овоздан қабул қилган “Ақидат-ут Таҳовий” китобида аллома Абу Жаъфар Таҳовий шундай дейдилар:

“Қибла аҳлидан бўлган ҳар бир солиҳ ва фосиқ одамни орқасидан намоз ўқишни жоиз деб биламиз. Улардан ким вафот этса ҳам уларга жаноза намозини ўқиймиз. Улардан бирор кишини жаннатий ёки дўзахий деб ҳукм қилмаймиз. Улардан куфр, ширк ёки нифоқ белгилари очиқ-равшан кўринмагунча бирортасига мазкурларни ҳукмини бермаймиз. Уларни ботинлари, қалбларини Аллоҳ таолога ҳавола қиламиз”.

Имоми Нававий шундай дейдилар: “Билгинки бу масалада аҳли ҳақнинг (тўғри йўл)мазҳаби шундайдир. Қилган гуноҳи сабабидан қибла аҳли бўлган бирор кишини кофир демаймиз. шунингдек бидъат ва ҳаво аҳлини ҳам кофир демаймиз”.

Муҳаммад ибни Ҳазм раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ҳақиқат шуки, қайси бир одам Ислом аҳдини қилган бўлса у одам ушбу иймони устида давомлидур. Уни ушбу аҳддан(иймондан) чиқди дейиш учун аниқ далил ёки уламолар ижмоси керакдир. Аммо кимнингдир даъвоси ёки иғвоси билан бундай ҳукм қилинмас. Шунинг учун ҳам ҳеч кимни айтган сўзидан келиб чиқиб кофирга ҳукм қилинмас. Аммо бир одам Аллоҳ таолонинг ёки  Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатган ҳукмини аниқ билиб туриса-да шу масала ҳақида Аллоҳ ва расулига хилоф гапни (ўзи билиб туриб қасддан) гапирсагина куфрга кетган бўлур”

Аллома Ибни Обидин ҳам бу мавзуда қуйидаги фикрни келтирадилар: “Мусулмон одамни сўзини чиройли (иймоний) томонга йўямиз.  Токи  имкон мавжуд экан, унда куфр аҳлининг хилофи бўлар экан зинҳор у одам ҳақида куфр ҳукмини бермасмиз. Гарчи бу ҳақида заиф ривоят бўлса-да уни қабул қиламиз”

Ҳанафий мазҳабининг эътиборли китобидан ҳисобланган “Баҳрур роиқ” да бу ҳақида шундай дейилади: “Имоми Таҳовий “Жомиул фусули” китобида уламоларимизнинг ушбу сўзларини баён қиладилар: «Мусулмон одам ҳақида, уни куфрга киритадиган инкори бўлмагунича ёки унинг муртадлигини аниқ билдирадиган асос бўлмагунича диндан чиқди, дейилмас. Унинг муртадлиги ҳақидаги шубҳали гаплар қабул қилинмас. Чунки Ислом собит ҳукм бўлиб у шубҳа билан зойил бўлмагай. У (шубҳалардан) олийдир. Шунинг учун ҳам уламолар Ислом аҳлини кофир дейишга шошилмасликлари даркор. Бу худдди куфрга мажбур қилинган одамнинг иймони саҳиҳликни лозим тутгани кабидир (куфр келтиришга мажбур қилинган одам куфр иборасини талаффуз қилса ҳам иймондан чиқмаган, мўмин-мусулмон ҳисобланаверади). Мен айтаманки, алломаларимизнинг ушбу битикларни бу мавзудаги нақлларимга мезон бўлиши учун келтирдим. Чунки уларнинг айримларида бу нав одамларни куфрга кетган дейилса, айримларида юқоридагиларга қиёсан куфрда эмас деб баён қилингай. Шу боис уни бир мулоҳаза қилиб кўр. 

“Фатавои сағир”да шундай дейилади: «бир мўминни куфрга нисбат бермоқ оғир ишдир. Шу боис унинг кофир эмаслигига бирор асос топсам уни асло кофир демас эрдим”.

Ибни Таймия роҳимаҳуллоҳ бу борада шундай дейди: “Кимнинг иймонда собит эканлиги аниқ бўлса, у шу иймони устида давомлидир, гарчи айрим гумонларга борса ҳам. У давомийлик куфрга кетганига аниқ ҳужжат келтирилганича сақланиб туради” 

Имом ибни Дақийқул Ийд ўзининг “Иҳкамул аҳкам” китобида шундай дейди: “Аслида кофир бўлмаган мусулмон  одамни кофир деб  айблашда улкан хатар бордир. Бу иш ўзларига «биз аҳли суннатмиз, аҳли ҳадисмиз» деб нисбат бераётган кўпгина мутакаллим уламолар аралашиб қолаётган муаммодир. Улар ақида бобида ҳам ўзаро хилофларга борганларидан сўнг ўз мухолифларини куфрга ҳукм қилдилар. Оқибатда Ислом умматининг ҳайбат пардасини йиртиб қўйдилар. Масаланинг хатарли томони борди-ю уларнинг мухолифатларида улар айтаётган куфр атамаси мавжуд бўлмаса, бу ном уларнинг ўзларига талуқли бўлиб қолишидир”.

Имоми Шавконий роҳимаҳуллоҳ “Сайлул жирор” китобида шундай дейдилар: “Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган одам бошқа бир мумин-мусулмон одам ҳақида  «исломдан чиқиб куфрга кирди» деган сўзи учун қуёшдан ҳам ёрқинроқ далил тақдим қилмоғи даркор. Чунки жуда куп саҳобалардан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадиси шарифларда “Кимки бир биродарига «эй кофир» деса, у иккисидан бири ҳақиқатда шундайдир” ёки яна бир ҳадиси шарифда “Кимки бир мўминни куфр билан чақирса ёки унга қарата «эй Аллоҳнинг душмани» деса-ю у одам ундай бўлмаса, бу ном унинг ўзига қайтади” дейилгандир”. Худди шу мазмундаги бошқа бир ҳадиси шарифда “У иккисидан бири ҳақиқатда кофирдир” дейилган.

Мазкур ҳадиси шарифлар ва келтирилган хабарларда мўмин-мусулмонларни кофирга чиқаришга ўч бўлаётганларга нисбатан қаттиқ зажр(огоҳлантириш) ва катта насиҳат бордир. Зеро бу масалада (юзаки томондан қаралганида) мўмин-мусулмон одам томонидан кофирликка далолат қиладиган ишни амалга оширилишининг эътибори йўқдир. Ёки у одам томонидан куфрга олиб борадиган сўзни талаффуз қилинишини ҳам эътибори йўқдир. Яъни у одам амалга оширган мазкур куфроний иш ёки куфроний гап унинг қалбида бўлмаса у одамга асло куфр нисбати берилмайди.

Мана шу ергача баён қилганларимиз етук алломаларимизнинг такфир ғояси ҳақидаги илмий ҳулосаларидир. Такфир ғоясини ўзлари учун эътиқод ва маслак қилиб олган экстремистик оқимлар ва бидъат аҳли жамоаларининг ботил тушунчалари қаерда-ю юқоридаги илмий таҳлилларни келтирган буюк алломаларимизнинг талқинлари қаерда?!

(Давоми бор)

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан.

Таржимон: Тоҳир Воҳид

Read 1942 times

Мақолалар

Top