Мақолалар

Саҳоба ва тобеъинларнинг Аллоҳдан қўрқинчдаги аҳволлари

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қушга қараб: “Кошки эди эй қуш, мен сендек қуш бўлганимда, инсон бўлиб яратилмаганимда”,- деган муборак сўзлари ривоят қилинган.

Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳу  «кесиб ташланадиган дарахт мисоли бўлишни хушлайман»,- дер эканлар. Таҳовий ҳазратлари ҳам худди шунга ўхшаш гапни айтганлар.

Усмон розияллоҳу анҳу «ўлгандан сўнг қайта тирилтирилмасликни хоҳлайман», деган эканлар.

Оиша розияллоҳу анҳо: «мутлоқ эсдан чиқариб юбориладиган киши бўлишни хоҳлардим»,- деган эканлар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Қуръондан бир оят эшитсалар, қўрқинчдан беҳуш бўлиб йиқиларканлар. Инсонлар у кишининг касаллигида бир неча кун зиёрат қиларканлар. Бир куни Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ердан бир сомонни олиб: “Қани эди сомон бўлсам, зикр қилинадиган нарса бўлмасам эди. Қани эди мен унутиб юбориладиган нарса бўлсам эди. Кошки эди мени онам туғмаганида эди”,- дедилар.  Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг юзларида кўп йиғлайверганларидан иккита қора чизиқ пайдо бўлиб қолган экан. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтган эканлар: “Ким Аллоҳдан қўрқса, Аллоҳнинг ғазабидан кўз юммайди. Яна ким Аллоҳдан қўрқса, хоҳлаган нарсасини қилмайди. Агар қиёмат куни бўлмаганда одамлар бузилиб хоҳлаган ишини қилиб кетган бўлар эди”. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг “Изаш шамсу куввирот”дан то “Ва изас суҳуфу нуширот”(Таквир сураси 1-10оятлар)ини ўқиганларида хушидан кетиб йиқилдилар. Бир куни Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бир кишининг ҳовлиси олдидан ўтиб кетаётганларида, у кишининг намозда Тур сурасини ўқиётганларини эшитиб қолиб тўхтадилар. У киши Аллоҳ таолонинг: “Инна азаба Роббика лавақиъ. Ма лаҳу мин дафиъ”(Тур сураси 7-8 оятлар)ига келганида эшакларидан тушдилар ва деворга суяниб, анча вақт ўзларига келиб олгунча, туриб қолдилар. Кейин уйларига қайтдилар ва бир ой касал бўлиб ётиб қолдилар. Кишилар у кишининг зиёратига келдилар. Лекин улар у кишининг касали сабабини нимадан эканлигини билмадилар.

Али каррамаллоҳу важхаҳу бир куни бомдод намозининг саломини берганларидан сўнг, у кишига бир машаққат, қийинчилик етди. У киши қўлларини тепага ва пастга қаратиб сўзладилар: Мен  Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаламнинг саҳобаларини кўрганман. Мен уларга ўхшаш бу кунда уларга ўхшаган бирор-бир нарсани кўрмадим. Улар ҳорғин, ранглари сарғайган, кўзлари орасида чанг, ғуборли ҳолда эдилар. Дарҳақиқат, улар Аллоҳга сажда ва қиём қилган ҳолда Аллоҳнинг каломини тиловат қилиб кеч қилардилар. Улар пешоналари ва қадамлари ораларида бориб келардилар. Агар тонг оттирсалар, яна Аллоҳни зикр қилардилар. Улар ҳудди шамолда дарахт тебрангани каби тебранардилар. Кўзлари ёш билан тўларди. Ҳатто кийимлари ҳўл бўлиб кетарди. Аллоҳга қасамки, мен бугун ғафлат билан кеч қиладиган бир қавмга ўхшаб қолдим, деб туриб кетдилар. Ибн Мулжам алайҳил-лаъна Ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни ўлдиргунча, у кишини кулганини ҳеч ким кўрмаган. Жаннат башорати берилган Расулуллоҳнинг энг яқин саҳобалари бўлган зотлар кулмаган бўлса, биздай нотавон кишилар кулиши мумкинми? Бизлар аслида хорғин, рангларимиз сарғайган, кўзларимиз орасида чанг, ғубор бўлиб ибодат амалида ҳаммадан устун турмоғимиз керак.

Имрон ибн Ҳусайн айтадилар: “Мен шамолли кунда шамоллар тўзғитиб юборадиган қум бўлсайдим”.

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Қани эди, мен бир қўй бўлсам, аҳлим мени сўйиб гўштимни  шўрва қилиб еб юборишса”.

Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу агар таҳорат қилсалар ранглари сарғайиб кетарди. У кишидан унинг аҳли: “Нимага сизга таҳорат вақтида бундай ҳолат етади ?”- деб сўради. Сизлар биласизларми? Кимнинг олдида туришлигимни хоҳлаётганлигимни, деб жавоб берган эканлар.

Мусо ибн Масъуд айтади: биз агар Саврийнинг олдида ўтирадиган бўлсак, у кишининг қўрқинчи ва жазбасидан худди олов атрофимизни ўрагандай ва куйдираётгандек бўларди. Ўзи ҳис қилган нарсани бошқаларда кўрсата олиш осон. Лекин, ўзи кўрмаган ва ишонмаган ва ҳис қилмаган нарсани бировларга айтиш, айни нодонликдир. Маърузачи шошилмасдан, аввал ўзини баҳраманд этиши,  айтадиган нарсаси  қозонда овқати пишган киши мисоли бошқаларга ҳам улашишидек бўлади. Кўплар мана шу жойда адашишади. Ўзи кўтара олмаган юкни бошқа бир заиф одамга кўтаринг, нима кучингиз етмаяпдими деган сўзга ўхшаш бўлади. Айниқса, бу каби ишларда китоблардан тўлиқ маълумотга эга бўламиз, иншааллоҳ. Мисол қилиб Ҳазрати Ҳизр алайҳиссалом Мусои калимуллоҳ бўлган улуғ пайғамбарга қарата сўзлади: “Эй Мусо, сен илмни одамларга гапириш учунмас, балки, амал қилиш учун ўрган”,- деганлар. Бу гапларни яхши тушуниш керак. Кўпгина кишилар юқорида айтганимиздек, ўзлари ғафлат ботқоғида юриб бошқаларни ғафлат уйқусидан уйғотмоқчи бўлади. Қаранг! Эътибор беринг! Тушунинг, фаҳмланг, бу кишиларнинг сўзларини. Уларнинг сўзлари кам, амаллари эса денгиз томчиларидан кўпдир. Суфён ас-Саврийда ўзи ҳис қилган нарсани бошқаларда ҳам кўрсата олиш ҳолатлари бор бўлган. Кўп ҳолларда ўзини олим санайдиган баъзи бир инсонлар булбулдай олди- орқасига қарамасдан ҳар бир гапига исбот тариқасида далиллар келтириб ташлашади. Ваҳоланки уларнинг бу ҳолатини кўпгина мутааххир уламоларимиз кариҳ кўришган. Яхши бир олим бўлсангиз, мутақаддим олимларга ўхшаб бир оят билан ўз таъсирингизни ўтказинг. Агар билсангиз бир оятнинг олтмиш минг маъноси борлиги тўғрисида кўпгина уламоларимиз келтириб ўтишган. Бизлар улардан илмга амал қилишни ўрганайлик, гапиришга шошилмайлик. Сўзимиздан амалимиз кўп бўлсин. Оят ва ҳадисларни ўз жойи ва мақомида ишлатишни улардан ўрганайлик. Билсангиз, агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Аллоҳ бирор-бир нарсани билдирмаса бир оғиз ҳам гапирмаганлар. Мисол қилиб: “Вала йантиқу анил ҳава илла ваҳйуй йувҳа” -“Ҳаводан гапирмади фақатгина ўзига ваҳий қилинган нарсадан сўзлади”.

Бир куни Музорулқори: “Ҳаза китабуна йантиқу алайкум билҳаққи” -“Бизнинг китобимиз сизларга ҳақ билан сўзлайди”(Жосия сураси, 29 оят)ини ўқиганда Абдулвоҳид ибн Зайд йиғлади ва ҳушидан кетди. Ҳушига келганида, айтди: “Иззатингга қасамки, кучим етганича абадий сенга исён қилмайман. Менга тавфиқинг ила тоатингга ёрдам бер”,- деди. Бу оятлардан таъсирланиш аслида бутун мусулмон кишиларда пайдо бўлиши керак. Бу ҳолат бизларда мавжуд бўлмаганда афсусланишимиз керак.

Мисвар ибн Миҳрима деган киши хавфининг қаттиқлигидан Қуръондан бир нарсани эшитишга қуввати йўқ эди. У кишининг ҳузурида Қуръондан бир оят ва ҳарф қироат қилинса, қаттиқ қичқириб, бир неча кун ҳушидан кетарди. Хасъам қабиласидан бир киши у кишининг ёнига келиб, Марям сурасининг 85-86 оятлардаги “Йавма наҳшурул муттақийна илар-роҳмани вафдан. Ва насувқул мужримийна ила жаҳаннама вирдан” - “У кунда муттақинларни Раҳмоннинг ҳузурига тўда-тўда қилиб ҳайдаб борамиз. Ва мужримларни олов ичадиган жойга қувиб борамиз”. Шунда у киши айтдики: “мен мужримларданман муттақинларданмасман”,- деди. “Эй қори, қайтар менга ўша сўзни”,- деди. Иккинчи маротаба унга қайтарди, бас ҳушидан кетди ва охиратга рихлат қилди. Бир олимдан мавъиза қилишини илтимос қилишди. У қавм мавъизага бепорволик қилишди. Кейин олим қандилга қараб оҳисталик билан Аллоҳнинг муҳаббати ҳақида сўзлай бошлади. У қандил сувдек эриб ерга тушди. Яна бир марта шу ҳолат кузатилганда, осмондаги қушга сўзлай кетди. У қуш воизнинг олдига келиб қўнди ва бошларини қимирлатиб-қимирлатиб ҳушидан кетиб питирлаб-питирлаб ўлиб қолди. Аллоҳнинг ошиқлари ўз ошиқларига сўйлайди, унга тайёр қалб керак бўлади. Шундай қалб эгалари ўзларининг Аллоҳга бўлган муҳаббатларини у зотлар мисоли катта майдон - дунё ҳаётида синаб кўрсин. Агар у ҳосил бўлмаса, ўзини унга тайёрласин ёки ҳеч бўлмаса, бу дунёда Ҳазрати Алидек ўлгунга қадар кулмасликка куч ғайрат йиғсин. Ҳар бир келтирилган нарсаларни ёдингизда тутинг ва амалини ҳар куни ўзингизда синаб кўринг. Шояд охирги умримиз шу билан тамом топса.

Йиғлоқи Яҳёнинг хузурида “Агар кўрсанг ўз Роббиларининг ҳузурида тўхтатилганини” (Анъом 30 оят) ўқилганда қаттиқ қичқириб юборди ва тўрт ой касал бўлиб қолди. У кишини Басра атрофидан кўришга келадиган бўлиб қолишди. Қаранг! Улар ўз қалбларини шундай ҳолатга тарбиялаб борганлар. Қалблари оғриқли гапларни эшитса, жигарлари эзилиб кетадиган даражага етиб келган. Қуръони каримнинг қанча жойларида ҳатто жонингизни ҳам суғуриб оладиган даражадаги сўзлар тўлиб тошган. Аллоҳ огоҳлантирмоқда, эслатма бермоқда, тушунтирмоқда, “ақли ҳушингларни йиғинглар” демоқда. Билингларки! Неъматлар қанча кўп бўлса, шунча жавоби ҳам кўп бўлади. Бунга мисол: Оиша онамиз олдиларида бор йўғи икки таом бўлганда қаттиқ маюсланиб, Расулулллоҳнинг қоринлари бир умр тўймасдан ўтдилар. Неъматнинг кўплиги яхшилик аломати эмас, деган маънодаги сўзни айтганлар. Пайғамбарлар, саҳобалар, тобеъинлар, тобаъ-тобеъинлар ва барча Расулуллоҳ йўлларини маҳкам ушлаган олимлар биронтаси қоринлари тўймасдан кунларини ўтказган ва шу сабабли улуғ мартабаларни босиб ўтишган. Биз оддий рўзайи рамазонда рўза тутамизу, қорнимиз қаппайиб чиқамиз. Қайтага рўзадан олдин вазнимиз ундан анча кам бўлади. Нимага, чунки биз рўзада тушдаги овқатимизни кечки ифторликда ортиғи билан еб тўлдирамиз, яна камини саҳаргача тўлдирамиз. Қарабсизки, очиқиб қоламан деган қўрқув сизга ўз меъёридан ҳам кўп овқатни истеъмол қилишга ундайди. Бир киши мусулмон бўлганида, Расулуллоҳга ҳабар берилди. У киши олдин меъёридан кўп овқат истеъмол қиларди. Ҳозир қорни тўймасдан тўхтатаяпди, деб хабар беришганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон киши бир қорин билан, кофир инсон етти қорин билан таомланади”,- деганлар. Сиз агарчи мусулмон бўлсангизда, лекин кофирларнинг сифати сизда топилса, нима бўлади буни ҳам ўйлаб кўриш керак.

Молик ибн Динор айтади: мен Байтуллоҳни тавоф қилаётган эдим, ёнимда Каъбапўшнинг астарига осилиб олиб, ибодат қилаётган бир кичкина чўри қизчани кўрдим. У айтарди: “Ё Роббим, қанчадан-қанча шаҳватлар бор улар ўз ўрнига кетдию лекин, унинг машаққатлари қолди (унинг ҳисоблари қолди). Бу ерда катта ҳикмат яширинган. Оддийгина бир чўри қиз катта маъноларни келтирадиган ва инсоннинг танасини ғафлатдан уйғотадиган сўзни айтди, - Ё Роббим, Сенинг учун одоб ва уқубат ҳам бор. Агар одоб ҳам уқубат ҳам бўлмаса, дўзах ҳам бўладими?” - деб йиғлади. Шу туришида то бомдоднинг қуёши чиққунича дуо қилиб турди. Шунда Молик ибн Динор мен ўша ҳолатни кўрганимда қўлимни бошимга қўйиб кичқириб дедимки: “Эй Молик, онанг сени йўқотсин. Сен шунча маълумотларга эга бўла туриб, илмларнинг асл мағзини шу қиз орқали тушундинг, билдинг”.

Бу келтирилган маълумотларни бутун танангизга сайр қилдиринг. Танангиз яйраб, иймон ҳаловатини топганингизда, улуғлардек яшаш мақсади сизда пайдо бўлса, уларнинг ҳақларига дуойи хайр қиларсиз. Аллоҳим, бу маълумотларни барча кишилар учун фойдали қилгин.

Аллоҳумма солли ва саллим ва барик ала набиййина Муҳаммад.

 

Тошкент ислом институти “Ижтимоий фанлар”

кафедраси кабинет мудири

Ўрол Назар Мустофо тайёрлади

Read 4981 times

Мақолалар

Top