Мақолалар

Тафсир илмида Имом Табарийнинг ўрни

Улуғ имом ва мужтаҳид олим, кўплаб машҳур асарлар муаллифи Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Язид ибн Касир ибн Ғолиб ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ 224 ҳижрий санада Табаристонда туғилганлар. Ёшлигидан илмга муҳаббат қўйган олим  ўн икки  ёшларида илм талаби билан Миср, Шом, Ироқ диёрларида бўладилар. Сўнг Бағдодда қолиб таълим оладилар, бир қанча талабаларга устозлик қиладилар. Умрларининг охиригача шу ерда истиқомат  қиладилар. У кишининг ёзган машҳур китоблари:

  1. Жомеъул баён фи тафсирил Қуръон;
  2. Китобут-тарих;
  3. Китобул-қироот;
  4. Вал-адад ват-танзил;
  5. Китоб ихтилофил-уламо;
  6. Тарихур-рижал минассаҳобати ваттобеъин.

Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ ўз асрининг тенгсиз илм соҳиби эдилар. У киши тафсир, ҳадис, фиқҳ, тарих ва бир қанча илмларнинг билимдони эдилар. Қуръон оятларининг маъноларини дақиқ жойларигача тушунган, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини билувчи, унинг саҳиҳ ва заифи, носих ва мансухини  ажратувчи олим эдилар.

Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ тафсир илмида “Тафсир илмининг отаси” деган номга сазовор бўлганлар. Худди шунингдек, тарих илмида ҳам ушбу улуғ номга мушарраф бўлганлар.

“Тафсири Табарий” ҳақида

“Тафсири Табарий” китоби тафсир китобларининг ичида энг машҳур китоблардан бўлиб, тафсир илмида мукаммал ёзилган китоблардан биридир. Муҳаммад Ҳусайн аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ  айтадилар: “Ибн Жарирнинг тафсири тафсир китобларининг энг буюк ва  машҳурларидан ҳисобланади. Ушбу китоб муфассирлар наздида нақлий тафсирларининг биринчиси, аҳамиятга ақлий тафсир манбаларидан биридир”.

“Тафсири Табарий” китобининг дастлабки нусхаси (ўттиз минг варақ) ҳозирги нусхасидан (уч минг варақ) анча катта ва кенг бўлган, сўнгра муаллиф уни қисқартириб, ҳозирги кўринишга келтирганлар.

Имом Табарий раҳимаҳуллоҳнинг Қуръони каримни тафсир қилиш усуллари ҳар жиҳатдан очиқ-равшанлиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Ҳар бир оятни тафсир қилишда: “Бу сўз Аллоҳ таоло каломининг таъвилида мана бундай ва бундай”, – дер ва ундан сўнг оятни тафсир қиладилар ва далил сифатида саҳоба ёки тобеъиндан қилинган ривоятларни санади билан келтирадилар.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ушбу китобнинг шаъни ҳақида сўз юрита туриб, жумладан, қуйидагиларни айтганлар: “Бу уммат  Имом Табарийнинг тафсиридек тафсир китобини ёзмаганига ишонч ҳосил қилдим!”.

Аллоҳ таоло бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират қилсин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмасин.

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли

Read 7634 times

Мақолалар

Top