Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорат ангаким, аҳли қибла такфири жоиз эрмастур (Йигирма тўққизинчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ

ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур

хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА

НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

 

Ҳар неким Тенгридин кетурса Расул,

Ҳар кишиким аларни қилса қабул,

Ул киши аҳли қибладур, билингиз,

Они кофир демакни бас қилингиз.

Гарчи кўб зулму кўб хато қилса,

Мубтадиъ бўлса, юз ҳаво қилса,

Ҳукм қилманг анинг шақоватиға,

Дўзахийлиғ битимангиз отиға.

Гар киши бўлса солиҳу обид,

Туну кун бўлса қойиму сожид,

Амрлар тарк қилмаса ҳаргиз,

Наҳйлар зоҳир этмаса ҳаргиз,

Ҳукм қилманг ани саъодатлиғ,

Демангиз ани жазм жаннатлиғ.

Магар ул ўнки, дўстдори Илоҳ,

Жаннатликларига бўлди гувоҳ.

Яна жамъени Ҳазрат олидин,

Бил мубашшар Набий мақолидин.

        

НАСРИЙ БАЁН

 Аҳли қиблани куфрда айбламоқ

жоиз эрмаслиги ҳақида

 

Ҳазрати Расулуллоҳ (алайҳссалом) Аллоҳ таъолодан нимаики келтирган бўлсалар, ҳар кишики уларни қабул қилса (яъни, иймон келтирса), билингки, у киши аҳли қибладир, уни кофир дейишни бас қилинг.

 

ИЗОҲ.  Демак,  бу  маънога  кўра,  эътиқоди  бузуқ  бўла  туриб, қиблага қарайдиган ҳар қандай кимса аҳли қибла эмас, балки ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳдан келтирган ҳамма нарсани чин иймон билан қабул қилган, аҳли суннат вал-жамоат йўлида бўлган киши аҳли қибладир.

 

(Насрий баён.) Гарчи кўп зулму кўп хато қилса ҳам, бидъатчи – ҳаддан ошувчи бўлса, юз кибру ҳаво қилса ҳам, уни шақоватга – бадбахтликка  (яъни  куфрга)  ҳукм  қилманг,  унинг  номини  дўзахий деб атаманг.

Агар  бир  киши  солиҳ  ва  обид  –  яхши  ва  ибодатли  бўлса, кечаю кундуз намозларда туриб, саждалар қилувчи бўлса, ҳаргиз  Аллоҳнинг  амрларини  (намоз,  рўза  ва  бошқа  амалларни) тарк этмаса, ҳаргиз манъ этилган ишларни содир қилмаса, уни ҳам (охиратда) саъодатли деб ҳукм қилманг ва қатъий жаннатлик деб айтманг.

Фақатгина Аллоҳнинг ҳабиби – севикли бандаси (ва Пайғамбари ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом) жаннатий деб гувоҳ бўлган (яъни, башорат берган) ўнта зот (ашараи мубашшара) қатъиян жаннатий деб айтилади (ва эътиқод қилинади).

Яна ул Ҳазрат (Пайғамбар алайҳиссалом)нинг хонадонларидан иборат жамоатни ҳам ҳазрати Пайғамбар алайҳиссаломнинг сўзлари билан жаннатий дея башорат берилган, деб билгин.

ИЗОҲ. Ашараи мубашшара, яъни жаннатий деб башорат қилинган ўнта зот қуйидагилардир: 1. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ. 2. Ҳазрати Умар-ул-Форуқ. 3. Ҳазрати Усмон Зиннурайн. 4. Ҳазрати Алиййул-Муртазо. 5. Ҳазрати Талҳа. 6. Ҳазрати Зубайр ибн Аввом. 7. Ҳазрати Саъд ибн Абу Ваққос. 8. Ҳазрати Саъид ибн Зайд. 9. Ҳазрати Абдурраҳмон ибн Авф. 10. Ҳазрати Абу Убайда ибн Жарроҳ (розияллоҳу анҳум).

Аҳли байтларидан жаннатий бўладиган жамоат эса қуйидаги зотлардир: ҳазрати Ҳадича онамиз, ҳазрати Оиша онамиз, ҳазрати Фотима, ҳазрати Ҳасан, ҳазрати Ҳусайн, жаноб Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг бошқа жуфти ҳалолллари (розияллоҳу анҳунна).

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

            Мирзо КЕНЖАБЕК

Read 1934 times
Tagged under

Мақолалар

Top