Мақолалар

Шоазим Миноваров: Ислом цивилизацияси маркази – миллатни бирлаштирадиган ғоя

Президент Шавкат Мирзиёев 29 январь куни пойтахтимизда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. ЎзА мухбири ташрифдан сўнг ушбу марказ директори Шоазим Миноваров билан суҳбатлашди.

– Президентимизнинг Ислом цивилизацияси марказига келиши – яхши анъана. Давлатимиз раҳбари бу иншоотга алоҳида эътибор берадилар.

Бу даргоҳ дастлаб Ислом маданияти маркази номи билан ташкил этилган. Президентимиз 2017 йил 1 сентябрь, Рамазон ҳайити куни Ҳазрати Имом мавзесида диний уламолар, жамоатчилик вакиллари билан учрашув жараёнида уни Ислом цивилизацияси маркази деб аташ ташаббусини илгари сурдилар. Чиндан ҳам маданият билан цивилизация атамалари ўртасида катта фарқ бор. Маданият цивилизациянинг бир қисмини англатади, цивилизация сўзи эса жуда чуқур, кенг маънога эга бўлиб, унинг ривожланган шакли ренессанс деб аталади.

Мусулмон оламида ушбу сўз араб тилидаги “ҳазора” билан таржима қилинади. “Ҳазора” атамаси “жуда кўп”, “тараққиётнинг юксак чўққиси” каби маъноларни ҳам билдиради.

Шу боис марказ номи ўша йилдан бошлаб, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, деб тасдиқланди. Дунёнинг етук олимлари, исломшунос ва санъатшунослар иштирокида илмий-тарихий концепцияси ишлаб чиқилди.

Қурилишга тайёргарлик ишлари якунлангач, 2018 йил 15 июнь куни давлатимиз раҳбари марказнинг бўлажак биносига тамал тоши қўйди ҳамда унинг жаҳолатга қарши маърифат билан курашувчи ва буюк аждодларимизнинг илмий меросини тарғиб қилувчи етакчи муассаса бўлишига умид билдирди.

Президентимиз ҳар сафар бу ерга келиб, қурилишнинг янги босқичи билан танишади. Бинони чиройли ва сифатли қилиб қуриш, мазмунини бойитиш бўйича тавсиялар беради. Бугунгиси – тўртинчи ташриф, лойиҳанинг ҳам янги босқичи.

Давлатимиз раҳбари ҳозир маҳобатли бинолар қуриш осон бўлиб қолди, унинг ичидаги мазмуни, ғояси, у бажарадиган вазифа муҳимроқ ва мураккаброқ эканини таъкидладилар.

Марказда тўртта таркибий қисмдан иборат музей, илмий ихтисослашган кутубхона, Халқаро ислом академияси ва Конгресслар зали жойлашади. Уларнинг ҳар бирини, шунингдек, музейнинг ҳар бир таркибий қисмини алоҳида муассаса дейиш мумкин. Шу боис давлат раҳбари ҳар бир музейнинг ҳар бир таркибий қисмига ва Конгресслар залига алоҳида директор-бошқарувчилар тайинлаш керак деди. Чунки музейда аждодларимиз меросига оид жуда катта кўламдаги ва мазмундаги илмий материаллар тўпланяпти.

Биз ташриф чоғида Президентга Илм-фан бўлимининг тақдимотини ўтказдик, унинг тузилмаси ва мазмуни билан таништирдик. Бўлим намуна ҳудуд сифатида ташкил этиляпти. Маълумки улуғ аждодларимиз Бухорий, Термизий, Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Улуғбек ва бошқалар илм-фаннинг турли йўналишларида оламшумул кашфиётлар яратиб, ислом ва инсоният цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшганлар. Бу ерга келган одам ушбу бебаҳо мерос тўғрисида истаган маълумотини тез, бир неча тилда олиши мумкин бўлади. Шу жиҳатдан олимларимиз ҳали жуда кўп иш қилишлари керак.

Давлатимиз раҳбари ўз фикрларини давом эттириб, Ислом цивилизацияси маркази илмий-маърифий муассаса, ақл марказига айланиши кераклигини яна бир бор таъкидлади. Бугунги ёшлар аждодлар меросини ўрганиш билан бирга, уларга муносиб бўлишлари, бунинг учун зарур муҳит яратиш, энг илғор технологиялардан фойдаланиш кераклиги қайд этилди.

– Бу ерда миллий ғоя жўш уриб туриши зарур. Марказга келган одамларда, ёшларимизда янги ва мустаҳкам руҳий куч, руҳий ишонч, буюк аждодлардан ғурурланиш, уларга муносиб бўлиш истаги пайдо бўлиши керак, – дея таъкидлади Президент.

Марказ музейини шакллантиришда Ёшлар академияси аъзолари билан ҳамкорлик бошладик. Улар музей экспозициясида ўз ғоя ва ишланмалари билан иштирок этади.

Read 1994 times

Мақолалар

Top