Бизда таҳорат деб ўрганиб қолинган маълум ва машҳур амал арабчада «вузуъ» дейилади. «Вузуъ» сўзи луғатда «гўзаллик» ва «ялтираш» маъноларини билдиради. Шариатда эса Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш нияти билан баъзи аъзоларни ювиш «вузуъ» деб айтилади.
Таҳорат энг аввало, Аллоҳ таоло томонидан амр қилинган ибодатдир. У мусулмон инсоннинг гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлади. Таҳорат поклик демакдир. У инсонни гўзал қилади. Соғлом бўлишини таъминлайди ва яна бошқа кўплаб фойдалар келтиради.
Аллоҳ таоло мусулмонларни ҳар бир ибодатга таҳоратли ҳолда киришига буюрган. Таҳоратсиз намоз қабул бўлмайди. Бир кунда беш вақт намоз ўқийдиган одам доимо таҳорат билан покланиб юриши керак.
Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلاةِ فاغْسِلُواْ وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ إِلَى الْمَرَافِقِ وَامْسَحُواْ بِرُؤُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَينِ
«Эй иймон келтирганлар! Намозга турсангиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила, бошларингизга масҳ тортиб, оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар» (6-оят).
Ушбу ояти каримадан ҳанафий мазҳаби уламолари таҳоратда тўртта фарз борлигини олишган. Булар қуйидагилардан иборат:
- Юзни ювиш.
- Қўлларни чиғаноқлари билан қўшиб ювиш.
- Бошга масҳ тортиш.
- Оёқларни тўпиқлари билан қўшиб ювиш.
Уламоларимиз таҳорат борасида келган ҳамма ҳадис ва манбаларни ўрганган ҳолда ишлаб чиққан таҳорат одобларига, бу борадаги қоидаларга назар соладиган бўлсак, бу ҳақиқатни яна ҳам тўлароқ тушуниб етамиз.
Таҳорат одоблари қуйидагилар:
- Қиблага қараб ўтириб таҳорат қилиш зарур. Таҳорат ибодат бўлгани учун уни қиблага қараб қилиш керак бўлади.
- Баланд жойда ўтириб таҳорат қилиш лозим. Ишлатилган сувлар бадан ёки кийимларга сачрамаслиги учун шундай ва бундан бошқа қулайликларга эга бўлиш талаб этилади. Мисол учун, совуқ ўлкаларда офтобда таҳорат қилиш қулай бўлса, ўта иссиқ ўлкаларда офтобда таҳорат қилиш кўп ноқулайлик ва қийинчиликлар туғдиради. Шунинг учун таҳорат қиладиган жой ва шароитлар қулай қилиб олинса, яхши бўлади.
- Таҳорат қилишда узри бўлмаса, бировнинг ёрдамидан фойдаланмаслик керак. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аксар ҳолларда шундай қилганлар. Ибодатда мутавозелик, ҳамма нарсани ўзи бажариши афзал саналади.
- Таҳорат пайтида гапирмаслик даркор. Балки Аллоҳнинг зикри ва дуо билан машғул бўлиш мақбулдир.
- Узуги бор одамлар уни бир қимирлатиб остига сув етказиши лозим.
- Оғзига ва бурнига ўнг қўл билан сув олиб, бурунни эса чап қўл билан тозалаб қоқиш керак.
- Шошилиб қолмаслик учун намоз вақти кирмасидан таҳорат қилишни бошлаш керак.
- Сувни исроф қилмаслик талаб этилади.
- Ишлатиш осон бўлиши учун таҳорат суви солинган идишни ўнг томонига қўйиб олса қулай бўлади.
- Қалбдаги ният билан тилдаги гапни бирлаштириш.
- Ҳар бир аъзони ювганда «Бисмиллаҳ»ни айтиб, дуо ўқиш.
- Таҳорат қилиб бўлгандан кейин «калимаи шаҳодат»ни ва ривоятда келган дуони ўқиш.
- Таҳорат қилиб бўлгач, икки ракат намоз ўқиш.
Мусулмон инсон кундалик ҳаётида доимо баданининг маълум қисмлари пок ҳолда юриши учун таҳорат етарлидир. Исломда таҳоратнинг ўзи билан кифояланиб қолинмайди. Балки мусулмон инсонга бутун баданини пок тутиш учун Аллоҳ таоло ғуслни ҳам фарз қилган.
«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди