Мақолалар

Бирники мингга, мингники туманга…

Лоқайдлик инсон умрига ўхшайди. Фарқи, у ўз ниҳоясига етганда, бутун борлиқни ҳалок қилади. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, жамиятдаги одамларни бир хил ижобий сифатлай олмаймиз. Ўзининг қусури билан нафақат ҳаёти, балки борлиқ, бутун инсоният учун хавф туғдирадиган кимсалар ҳам талайгина. Улар ичида энг ёмони лоқайд одамлардир.

Хўш, лоқайдлик ўзи нима? Унинг кўринишлари қандай?

Бу иллатнинг энг кўзга ташланарлиси – бефарқлик. Ўз ҳаёти ва оиласига бефарқ одамдан Ватан, халқ, миллат тақдирига хайрихоҳликни кутиб бўлмайди.

Лоқайдликнинг қандай оқибатларга олиб келишига кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Пандемия сабаб юртимизда одамлар соғлигини ўйлаб бир неча соҳа мутасаддилари тин олмади, кечаю кундуз меҳнат қилди. Касалларга минглаб ўринлар тайёрланди. Одамлар у ерда текширувдан ўтиб, даволанди. Кўчаларда одамлар огоҳлантирилди. Шунга қарамай, ўз жони ва оиласини ўйламаган лоқайд кимсалар карантин ҳудудларидан қочишга уринишди. Улар қочиб қаерга ҳам борарди. Яқинларининг олдига бориб, уларга ҳам касал юқтиргани қолди, холос! Бу ҳолатни қандай изоҳлаш мумкин?

Тўйларга рухсат берилмаган пайтда қанчалаб яширин тўйлар ўтди. Рухсат берилганда, бошқалар кўз ўнгида гўё 30 кишилик қилиб, аслида кун бўйи тўй ўтказганлар қанча бўлди. Ана шундай лоқайдлик оқибатида битта тўйда 70–80 киши касалга чалинганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Яна бир ачинарли ҳолат. Кўча-кўйда ёш йигит ва қизларнинг турли алфозда “гаплашиб” турганига кўп бор дуч келамиз. Лекин бирортамиз уларни одобга чақирмаймиз. Таниш ёки қариндош эмаску, дея лоқайд бўламиз. То ўша муаммо билан ўзимиз рўбарў бўлмагунча. Аллоҳ сақласин!

Ҳар доим ҳар нарсага жиддий муносабатда бўлайлик. Юқоридаги каби лоқайдликлар оқибати яхшиликка олиб бормайди. Доно халқимиз бежиз бирники мингга, мингники туманга уради, демаган.


Собир ҚЎШБОҚОВ,
Бахмал тумани “Мулла Умар” жоме масжиди имом-хатиби.

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 11-сонидан

Read 1979 times
Tagged under

Мақолалар

Top