Мақолалар

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда гўёки “жиҳод” барча мусулмонларга фарз қилингани, шу сабабли ҳақиқий мусулмон ёшлар Сурия каби уруш кечаётган заминларга боришлари ва “кофирлар”га қарши уруш олиб бориши зарур экани ҳақидаги даъватлар тарқатилаётгани сир эмас.

Хусусан, ўзи Туркия каби қуролли тўқнашувлар кетмаётган ҳудудга беркиниб олиб, ёшларни эса Суриядаги уруш ўчоғида “ўтин” бўлишга даъват қилаётган “Абдулла Зуфар” каби шахслар фуқароларимизнинг, ўсмир-гўдакларимизнинг умрларига зомин бўлмоқда.

Шу кунларда ҳам ушбу фитначининг гўёки “ушбу умматга жиҳодсиз ҳаёт йўқ” каби даъволарига алданаётган айрим ёшлар “жиҳод” -уруш олиб бориш экан” деган тор тасаввурлар билан Суриядаги террорчилар сафига бориб қўшилмоқда. Охир-оқибатда эса ушбу алданганлар жангу-жадалларда ўлиб кетмоқда ёки ҳукумат ёки бошқа кучлар қўлига тушиб, умрлари қамоқхоналарда ўтмоқда. Ўзлари билан Сурияга эргаштириб борган ёш турмуш ўртоқлари, опа-сингиллари насл-насаби номаълум жангари кимсаларга хотин бўлиб, норасида гўдаклари оч-наҳор, тарбиясиз ҳолда сарсон-саргардон бўлмоқда.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, яна бир бор дунё уламоларининг фикрларига таянган ҳолда “жиҳод” тушунчасининг ислом таълимотидаги соф мазмун-моҳиятини эслаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Маълумки “жиҳод” арабчада “жидду жаҳд”, “ғайрат қилмоқ” маъноларини англатиб, ислом таълимотида дастлаб динни ҳимоя қилиш сифатида вужудга келган тушунча ҳисобланади. Жиҳод уруш маъносида эмас, Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган. Араб тилида асли “уруш” маъносини “қитол” сўзини англатади.

Жиҳод ислом ҳуқуқшунослари томонидан “қалб жиҳоди” (инсоннинг ўзининг нафси ва ёмон ҳулқи билан курашуви), “тил жиҳоди” (яхшиликка чақириш, ёмон ишлардан қайтариш), “қўл жиҳоди” (жиноятчиларни жазолаш) ва “қилич жиҳоди” (душман билан қуролли кураш) каби кўринишларда бўлиши эътироф этилади.

Жалолиддин Суютийнинг “Ал-Фатҳул кабир” китобида (2-жуз, 280-б.) келтирилган ҳадисда Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичик жиҳоддан катта жиҳодга, банданинг ҳавойи нафсига қарши қиладиган жиҳодига хуш келингиз!” деганлар. Ушбу ҳадисдан энг афзал жиҳод инсоннинг ўз нафсини енгиши экани келиб чиқади. Жиҳод масаласида Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда “Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таолонинг йўлида ҳавойи нафсингга қарши жиҳод қилмоғингда”, дейилган.

Илм ўзлаштириш учун бор имкониятларини ишга солаётган ўсмирни маърифат йўлида, ота-онасининг розилигини олиш учун астойдил киришган инсонни эса ота-онаси хизматида жиҳод қилмоқда, деса бўлади. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, у зотдан жиҳод қилишга изн сўради. Шунда у зот: Ота-онанг тирикми? дедилар. У Ҳа, деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ундай бўлса, ана ўшаларнинг йўлида жиҳод қил! дедилар(Имом Бухорий, 3004-ҳадис). Бошқа ҳадиси шарифда эса қуйидагилар баён этилган: Аллоҳнинг йўлида қиличи билан урушишнинг ўзи жиҳод эмас, балки ота-онаси, фарзандларини боқиши ҳамда ўзини одамлардан тиланишдан тўхтатиши ҳам жиҳоддир”.

Дунё уламоларининг хулосаларига кўра, исломда қуролли жиҳод ҳукми шароитга қараб ўзгариб туради ва икки қисм: талаб ва мудофаадан иборат эканини таъкидлайдилар. Талаб жиҳоди ҳозирги кунда йўқ эканига уламолар ижмо қилганлар. Чунки мусулмонлар ҳозир турли мамлакатларда истиқомат қилиб, мамлакатлар орасидаги муносабатлар ҳозирда ўзаро урушмасликка ва элчихоналар орқали алоқаларга асосланган.

Мудофаа жиҳоди душман мусулмон юртига бостириб кирса, ҳимоя учун зарур бўлиб, у ҳеч қачон ички фитна шаклида бўлиши мумкин эмас. Исломда қонуний ҳокимиятга қарши фитна қилиб, боғийларча қурол кўтариб чиқиш эмас, аксинча, қонуний ҳокимиятни ҳимоя қилиш буюрилган. Имом Бухорий келтирган ҳадисда айтилади: “Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга итоат қилса, Аллоҳ таолога итоат қилган бўлади. Кимки амирга итоат қилса, демак менга итоат қилибди ва кимки амирга осийлик қилса, демак менга осийлик қилибди. Чунки амир – орқасидан, яъни уни ҳимоя қилиб жанг қилинадиган ҳамда у билан душмандан сақланадиган қалқондир” (Имом Бухорий, 2957-ҳадис).

Уламоларнинг хулосасига кўра, агар душман мусулмон юртига уруш қилиб, бостириб кирса, барча мусулмонларга қуролли жиҳод фарзи айн, бундай ҳолат бўлмаса, фарзи кифоя ҳисобланади. Қуролли жиҳод ҳокимият раҳбари қўли остида амалга оширилади. Жиҳод ҳеч қачон қотиллик, босқинчилик, одамларни гаровга олиш, мажбуран эътиқодини ўзгартириш ёки тинч мусулмон жамиятида фитна чиқариш учун жорий қилинмаган.

Ислом оламининг энг етук уламоларидан бири, марҳум Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ўзининг “Исломда жиҳод тушунчаси, уни қандай тушунамиз ва у билан қандай муомалада бўламиз” асарида қуйидагиларни таъкидлаган: “Бирор юртга жиҳод қилиш, даъват қилиш ёки улар билан сулҳ тузишни мусулмонларнинг имоми белгилаб беради. Мусулмонларнинг бошлиқлари халифа, имом, подшоҳ, президент каби турли-хил номлар билан аталиши мумкин. Уларнинг рухсатларисиз, ўзбошимчалик билан бу ишларни амалга ошириб бўлмайди”.

Шу нуқтаи назардан, уламолар жиҳод фақат мусулмонларнинг қонуний ҳукмдорлари томонидангина умматнинг хавфсизлиги, мол-мулки ва эътиқодини ҳимоя қилиш йўлида эълон қилиниши мумкин экани таъкидланади.

Аксинча, исломда ҳақли равишда ҳукмдорлик қилаётган мусулмон раҳбарлар қўли остида халқ тинч яшаб келаётган вақтда исён кўтариб фитна чиқарганлар, тоифаси “боғийлар” деб аталади. Одамларни ўлдириш, портлатиш, ўғирлаб кетиш, ўз давлатига қарши чиқиш каби қабиҳ ишлар орқали фитна чиқариш, халқнинг хавфсизлиги ва хотиржамлигини бузиб, таҳликага солиш, бегуноҳ одамларни ўлдириш, мулкига эга чиқиш, аёлларини эса ўзларига ҳалол деб эълон қилиш Қуръони карим кўрсатмасига кўра катта гуноҳ ҳисобланади. Мусулмонларга боғийларнинг фитнасида қатнашиш Қуръони каримда қатъий ман этилган: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб) дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир” (“Анфол” сураси, 25-оят).

Мусулмон оламида “Ислом динининг далили” деб эътироф этилган Бурҳониддин Марғинонийнинг машҳур “Ҳидоя” асарида ҳам боғийлар ҳақида тўхталиб, динда исёнчи кишилар ўлдирилса, жаноза ўқилмаслиги таъкидланган.

Экстремистик ва террорчи ташкилотлар тарғиботчилари жиҳод ғоясини сохталаштирилаётгани мазкур масалага мантиқан ёндашилган тақдирда ҳам ойдин бўлади. Масалан, куни кеча ижтимоий тармоқларнинг рус тилидаги манбаларида Сурия ҳудудида “Ҳайъат Таҳрир Аш-Шом” террорчилик ташкилоти аъзолари “Абу Дуджон Доғистоний” исмли, Доғистондан келган жангарини йўқ қилганликларини эълон қилди. Ўз навбатида ўтган йилнинг май ойида “Абу Дуджон Доғистоний” томонидан Суриянинг Идлиб вилоятида доғистонлик бошқа жангари, “Кавказ амирлиги” гуруҳи раҳбари “Абдулла Цумади” (Залимхон Кадиев)ни ўлдирилгани ҳақида маълумотлар тарқатилган эди.

Кўриниб турибдики, гўки “жиҳод” қилиш учун Сурияга бир юртдан келган жангарилар ўз хўжайинларининг манфаатлари йўлида нафақат ҳукумат қўшинлари билан, балки ўзаро жанг қилмоқда, бир-бирини ўлдирмоқда. Буни қандай қилиб “жиҳод” деб аташ мумкин?

Бунинг устига, бугунги кунда ёшларни ўз сафига чорлаётган Суриядаги дала қўмондонлари жангарилар ҳисобига бойлик тўплаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Масалан, 2019 йил сентябрь ойида “Ҳайъат Таҳрир Аш-Шом” ташкилоти етакчиларидан бири Абу Абд Ал-Ашда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган видеомурожаатида ушбу гуруҳ ҳарбий раҳбариятини ҳомийлар бераётган маблағни ўзлаштиришда айблаган. Мурожаатда ўғрилик ва коррупция оқибатида жангариларга қурол ва маош етказиб бериш тизими издан чиққани ҳамда бунинг оқибатида ташкилот ҳарбий муваффақиятсизликка учраётгани таъкидланган. Бошқача айтганда, “жиҳод” баҳонасида бир ҳовуч етакчи жангарилар бойлик орттирмоқда.

Шунингдек, 2020 йил июнь ойида “Ҳайъат Таҳрир Аш-Шом” ташкилоти томонидан Сурияда “Тавҳид ва жиҳод” гуруҳи раҳбари Сирожиддин Мухторов (“Абу Салоҳ”) гуруҳнинг хазинаси - “байтулмол”даги маблағни ўзлаштиришгани сабабли қамоққа олингани, ҳозирда ҳам қамоқхонада ўтиргани юқоридаги фикрга далил бўлади. Қайд этилганлар ўзларини “ҳақиқий мужоҳид” деб танитаётган шахсларнинг асл юзларини очиб беради.

Масаланинг эътиборли жиҳатларидан бири шуки, “жиҳод” ҳақида оғиз кўпиртириб маъруза қиладиган “Абдуллоҳ Зуфар” ва унга ўхшаган кимсаларнинг ўзлари жонлари ширинлик қилиб, уруш кетаётган ҳудудга асло қадам босмайди. Нима учун бошқа мусулмонларнинг оқ ювиб, оқ тараб яхши ниятлар билан вояга етказган фарзандларини алдов билан ўқ ва бомба остига йўллаётган “Абдуллоҳ Зуфар” ўзи жанг кетаётган ҳудудларга бораётгани йўқ? Дарвоқе, бундай саволларга жавобан у гўёки қалам тебратиш орқали “уламолар жиҳоди”ни қилаётганини баҳона қилади.

Асл жавоб эса шуки, Сурия, Ироқ, Афғонистон ва бошқа “ислом олами”га мансуб, бугунги кунда қуролли тўқнашувлар кузатилаётган ҳудудларда ҳеч қандай жиҳод бўлаётгани йўқ. Балки ғаразли, мусулмон оламига душман бўлган кучлар ташаббуси билан бошланган катта ва қонли фитналар амалга оширилмоқда. Ғараз кучларга сотилган хоинлар уларга хизмат қилиб, диндошларини алдамоқда. Минглаб алданган, адашган мусулмонлар биродаркуш жангларда қурбон бўлмоқда. Миллионлаб мусулмонлар уй-жойидан, иш ва ўқишидан маҳрум бўлиб, ушбу фитналардан азият чекмоқда. Беқарорлик, сиёсий ва иқтисодий бўҳронлар оқибатида мусулмон мамлакатлари тараққиётда ортда қолмоқда.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда мусулмонлар фитнадан огоҳлантирилиб, айтилади: “Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилдилар: Яқинда фитналар бўлади. Унда ўтирган киши тик тургандан яхшидир. Тик турувчи юрган кишидан яхшидир. Юрувчи эса унда югурувчи (яъни югириши сабабли фитнани алангалантириб юборувчи) кишидан яхшироқдир. Ким фитнага қарши турса, фитна ҳам унга қаршилик қилур. Ким (фитнанинг ёмонлигидан) паноҳ топса, (ўша ерга) қочсин!” (3601-ҳадис).

Уламолар ушбу ҳадисни мусулмон одам жамиятда беқарорлик келтириб чиқарувчи фитналардан қанчалик узоқда бўлса, ўзи ва ислом жамияти учун шунчалик фойдали бўлади, деб шарҳлайдилар. Жумладан, Саудия Арабистонинг бош муфтийси Абдул-Азиз Оли Аш-Шайх Сурия ҳудудида фитналар бошланган даврда, 2013 йилдаёқ ёшларни ушбу мамлакатга жангларда қатнашиш учун бормасликка чақирган. Унинг “жиҳод бўлаётган жойни ўзича белгилаш ва жанговар ҳаракатларда қатнашиш жўнаб кетиш ман қилинади... . Қуролли жиҳодни фақат давлат бошлиғи рухсати билан ва унинг раҳбарлигида мумкин” экани ҳақида фатвоси мавжуд.

Шайх Абдулазиз Мансур дейди: “Агар “жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга кириш учун мажбурлаш учун жорий этилганида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлар эдилар. Яъни У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи бўлиб, Макка шаҳридаги мушрикларни катталари билан урушган, ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қилган бўлардилар. Бироқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай йўл тутмадилар. Аксанчи, мусулмон жамияти юзага келгач, унинг ҳимояси учунгина жиҳодга чиққанлар”.

Шу нуқтаи-назардан ёшларимиз “Абдуллоҳ Зуфар” сингари “ҳижрат”, “жиҳод” тушунчаларидан хўрак сифатида фойдаланиб, ижтимоий тармоқларда “қармоқ” ташлаб ўтирган, юзлаб мусулмонларнинг ҳаёти барбод бўлишига сабабчи бўлган миллат ва дин хоинларидан эҳтиёт бўлишлари лозим.

Мусулмонлар учун энг афзал амал ҳақида келган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ! Мусулмонларнинг афзали қайси кишидир?”. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонлар озор топмаган кишидир”, – деб жавоб бердилар” (Имом Бухорий, 11-ҳадис).

Зеро, жамиятимиз, динимиз, она-Ватанимиз равнақи чуқур билим, юксак ахлоқий тарбия ва ҳалол меҳнат устига қурилади.

 

Ўткир Ҳасанбаев,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 

Манбалар:

1 Мансур А. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. –Т.: Тошкент ислом университети, 2017. – 42, 179 б.

  1. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳи Бухорий: Ал-жомиъ ас-саҳиҳ (Ишонарли тўплам). 2 китоб. 1-китоб. 11, 2957, 3601-ҳадислар. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2008. – 12, 513, 644 б.
  2. Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий. 2-жуз. – Т.: “Hilol-nashr”, 2013. – 646, 648 б.
  3. Муҳаммад Саид Рамазон Бутий. Ал-Жиҳаду фил Ислам кайфа нафҳамуҳу ва кайфа нумаарисуҳу (Исломда жиҳод тушунчаси, уни қандай тушунамиз ва у билан қандай муомалада бўламиз). – Байрут: Дурул фикр, 1993. Биринчи нашр. - 115 б.
  4. Жалолиддин Суютий. Ал-Фатҳул кабир. –Байрут: Дурул фикр. 2003. Биринчи нашр. 2-жуз. 280 б.
  5. Жалолиддин Суютий. Ал-Фатҳул кабир. –Байрут: Дурул фикр. 2003. Биринчи нашр. 3-жуз. 54 б.
  6. Ислом ниқоби остидаги экстремистик ва террорчи уюшмалар (маълумотлар тўплами)/ масъул муҳаррирлар О.Юсупов ва б; ТИУ Исломшунослик илмий-тадқиқод маркази – Тошкент, “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2015 й. – 142 б.
Read 2794 times

Мақолалар

Top