Мақолалар

Насиҳат қилишнинг 18 одоби

Насиҳат қилишнинг ҳам ўзига хос одоблари бор. Насиҳат қилиш одоблари ҳақида фикр юритишдан олдин, “насиҳат нима” деган саволга жавоб бериб ўтсак.

         “Насиҳат” сўзи ўзбек тилига араб тилидан кирган сўз ҳисобланади. У "самимий маслаҳат", "ўгит", "хайрихоҳлик"  деган маъноларни  англатади.

          Бир инсоннинг бошқа инсонга холис ниятда маслаҳат бериши, уни ёмонликдан қайтариб, яхшиликка чорлаши насиҳат дейилади.

          Ҳар бир инсон насиҳат сўраб келган кишига холис насиҳат бериши лозимдир. Зеро, насиҳат қилиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг биродаридаги ҳақларидан биридир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмоннинг (бошқа) мусулмон зиммасидаги ҳаққи олтитадир: “Унга рўбарў келсанг, салом бер, сени (бирор нарсага) таклиф этса, уни қабул қил, сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил, агар аксириб, Аллоҳга ҳамд айтса, унга ташмит айт, бетоб бўлса, уни зиёрат қил, вафот этса, (жанозасига) эргаш (яъни қатнаш)дедилар (Имом Муслим ривояти).

                Насиҳат қилишнинг қуйидаги одоблари бор:

  1. Насиҳат сўраб келган кишини очиқ юз билан қарши олиш;
  2. Насиҳат сўраб келган кишидан ҳол-аҳвол сўраш;
  3. Насиҳат сўраб келган кишининг фикрини охиригача тинглаш;
  4. Насиҳат беришни яхши ният билан бошлаш;
  5. Насиҳат сўраб келган кишининг кўнглига тегмасдан унга чиройли насиҳат қилишга ҳаракат қилиш;
  6. Насиҳат ўзида дунё ва охират манфаатларини қамраб олиши;
  7. Насиҳатда ишонарли нақлий ва ақлий далиллар келтириш;
  8. Насиҳатда ҳаётдаги ибратли воқеалардан мисоллар келтириш;
  9. Насиҳатда кишининг хато ва камчиликларини ётиғи билан тушунтириш;
  10. Насиҳатда кишининг ижобий томонларини кўрсатиб ўтиш;
  11. Насиҳатни ўрни ва вақтини билиб, уни холис қилишга уриниш;
  12. Бирор кишини уялтириш учун унга кўпчилик орасида насиҳат қилишдан сақланиш;
  13. Риё учун бошқа кишига кўпчилик орасида насиҳат қилишдан сақланиш;
  14. Имкони борича насиҳатни махфий қилиш;
  15. Насиҳатни бирор ғаразли мақсаддан холи бўлишига эришиш;
  16. Насиҳат қилишда бировнинг айбини юзига солмаслик;
  17. Насиҳат якунида яхши хулосалар чиқариш;
  18. Насиҳатга келган кишига “Иншааллоҳ, ҳали ҳаммаси яхши бўлади”, деб яхши тилаклар билдириш.

 

Ҳар томонлама яхши ниятда, таъсирчан услубда, самимият билан қилинган насиҳат катта ажр-савобларга сабаб бўлади. У инсонлар ўртасида ёмонликни кетказади, яхшиликни бардавом бўлиши учун хизмат қилади.

 

Рухиддин АКБАРОВ,

ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими

Read 2049 times

Мақолалар

Top