Мақолалар

Даврий нашрларда: Ердаги юлдузлар

Бу муборак ҳадис олимларнинг уммат олдидаги қадрини намоён қиладиган энг улуғ ҳадислардан бири ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Дарҳақиқат, Ер юзидаги олимларнинг мисоли худди осмондаги юлдузларнинг мисоли кабидир…” (Имом Аҳмад ривояти).

Ер юзидаги олимлар билан осмондаги юлдузлар ўртасида қандай ўхшашлик бор? Аллоҳ таоло Қуръони каримда юлдузларнинг учта фойдали жиҳатини бизга хабар беради: «Ҳақиқатан, Биз (Ерга) яқин осмонни чироқлар (юлдузлар) билан безадик ва уларни шайтонларга отиладиган тошлар қилиб қўйдик» (Мулк сураси, 5-оят). 

«(Йўлларга) белгилар ҳам (қўйди). Юлдузлар билан ҳам улар йўл топурлар» (Наҳл сураси, 16-оят). 

Демак, юлдузларнинг биринчи фойдали хусусияти осмонни безаб турадиган чироқлар бўлганидир. Олимлар ҳам худди шундай Ер юзини безаб турувчи чироқлардир. Аввалги замонларда одамлар “олимлар”, “уламолар” деб ишлатаверишган. Аммо ҳозир биз “олимлар” сўзига “раббоний олимлар”, “адолатли имомлар”, “тўғри йўлда юрувчилар” каби илмига мувофиқ амал қиладиган сифатларни қўшиб айтишга мажбур бўляпмиз. Ана шундай сифатга эга бўлган олим воқеликда Ер юзининг кўрки, зийнати ҳисобланади. Чунки чинакам олимларнинг Ердаги ҳаётга бўлган таъсири жуда улкандир. 

Юлдузларнинг иккинчи фойдали хусусияти «шайтонларга отиладиган тошлар», яъни осмон соқчилари эканидир. Олимлар ҳам Ер юзидаги Ислом соқчилари бўлиб, улар Ислом ақидасини, ибодатларини, ахлоқини жоҳилликдан, шайтоний хуружлардан қўриқлаб туришади. Юлдузлар осмон сирларидан воқиф бўлиш учун яқинлашган шайтонларга отиладиган тошлар бўлгани каби Ер юзидаги олимлар ҳам инсон қиёфа сидаги шайтонларга отилади ган алангали тошлардир.

­Илмига амал қиладиган тақводор олимлар динни, одамларни турли бидъатчиларнинг фитналаридан, зарарларидан ҳимоя қилиб туришади. Чунки бундай бузуқ ниятли кимсаларни, уларнинг зарарларини фақатгина у билан замондош бўлиб, унинг маданияти ва менталитетини яхши биладиган илмига амал қилувчи, тақводор, фаросатли, зийрак олим кўра билиши ва даф қилиши мумкин. Айнан шундай олимлар ўз замонасида пайдо бўладиган бидъатчи ва адашганларга қарши тура олади. Хусусан, уларга қарши курашда оммавий ахборот воситаларидан ҳам кенг фойдаланишади. 

Юлдузларнинг учинчи хусусияти – одамлар улар орқали йўлларини топиб олишади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло мусофир йўловчилар манзилларига янглишмай етиб олишлари ҳамда Ернинг тўрт томонини ва қиблани аниқлаш учун осмонда Сурайё, Етти оғайни, Олтин қозиқ, Қутб юлдузларини аломат сифатида яратиб қўйган. 

Олимлар Ерга зийнат ва ҳимоячи бўлиш билан бирга, тўғри йўлни кўрсатиб турувчи йўлчи юлдуз ҳамдирлар. Тўғрилик ва ҳақ йўлни излаганларга олимлар доимо тўғри йўлни кўрсатиб беришган. Олимларга муҳаббатли, уларни ўзларига йўлбошчи қилиб олган инсонлар улардан таралаётган ҳидоят нуридан фойдаланиб бахту саодатга эришадилар. 

 

 Шайх Муҳаммад АВВОМА ҳафизаҳуллоҳ суҳбатлари асосида 

Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 23-сонидан

Read 1952 times

Мақолалар

Top