Мақолалар

Даврий нашрларда: Вафотидан сўнг васият қилган саҳоба

Собит ибн Қайс розийаллоҳу анҳу улуғ саҳобалардан. Ансорларнинг нотиғи. Уҳуд жанги ва Ризвон байъати қатнашчиси. Онаси: Ҳинд бинти Руҳм Тоиа. Бошқа бир ўринда: “Кабша бинти Воқид. Мўмина, оқила аёл бўлган”, дейилади. Она бир ака-укалари: Абдуллоҳ ибн Равоҳа, Амра бинти Равоҳа. 

Собит ибн Қайс розийаллоҳу анҳу ясрибликлар орасида Исломни биринчи қабул қилганлардан. Маккалик ўсмир Мусъаб ибн Умайр розийаллоҳу анҳу Қуръони каримни ёқимли овозда қироат қилганда Собитнинг қалби юмшаб, Исломга мойил бўлди ва имон билан шарафланди. 

Энди у Ясрибга асрлар оша кутилган Пайғамбар алайҳиссаломнинг ташриф буюришларига интиқ бўла бошлади. Ҳам руҳан, ҳам маънан тайёргарлик кўрди. 

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида Собит ибн Қайс у зот алайҳиссаломни мамнуният билан кутиб олди. Сўнг: “Эй Аллоҳнинг Расули, сизни ўзимиз ва фарзандларимиз каби ҳимоя қиламиз. Бунинг эвазига бизга нима берилади?” деб сўради. Набий алайҳиссалом: “Жаннат”, дедилар. Жаннат сўзини эшитган саҳобалар: “Биз розимиз, биз розимиз, биз розимиз!”, деб баралла айтишди. Шундан кейин Набий алайҳиссалом Собитни ўз воизлари этиб тайинладилар. 

Собит ибн Қайс розийаллоҳу анҳунинг тўнғич  фарзанди туғилганда, уни Набий алайҳиссалом ҳузурларига олиб келди. У зот алайҳиссалом боланинг танглайини кўтариб, унга Муҳаммад, деб исм қўйдилар. Шу кундан бошлаб Собит “Абу Муҳаммад” кунясини олди. 

Зуҳрий айтади: «Бани Тамим қабиласидан элчилар келиб, нотиқлари нутқ сўзлади ва ўз хутбасидан фахрланди. Шунда Набий алайҳиссалом Собит ибн Қайсга: “Тур, уларнинг нотиғига жавоб қайтар”, дедилар. Собит розийаллоҳу анҳу Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, сўнг уларга Ислом даъватини етказди. Унинг хутбасидан Набий алайҳиссалом ва мусулмонлар хурсанд бўлишди». 

Собит ибн Қайс саҳобалар орасида тақвоси, саховати, шижоати, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кучли муҳаббати билан, шунингдек, Аллоҳ таоло йўлида инфоқ­эҳсон қилишни яхши кўриши билан ажралиб турарди. Бир куни Собит мусулмонлардан бирининг уч кун узлуксиз рўза тутаётгани, ифторга бирон егулик тополмаётганини билиб қолди. Хотинига бориб, бу кеча уйга меҳмон олиб келишини, унга сездирмай чироқни ўчириб қўйишини айтди. Меҳмон ҳеч бир хижолатсиз таомга тўйиб олмагунига қадар ўзлари таомдан емасликларини  тайинлади. Боиси, уйларида бир ёки икки кишига етар­етмас таом бор эди. 

Кеч кириб, меҳмон келганда Собитнинг аёли ўзини гўёки пиликни тўғрилаётгандай кўрсатиб, уни ўчириб қўйди. Меҳмон олдида ҳаммалари таомга қўл узатишиб, ўзларини таомланишаётгандай кўрсатишди. Меҳмон тўйиб  олмагунига қадар, бирор луқма ейишмади. 

Эртасига Собит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борди. У зот алайҳиссалом: “Эй Собит, меҳмонингга қилган кечаги ишингдан Аллоҳ ажабланди”, дедилар. Шундан сўнг: «Ҳамда ўзларида эҳтиёж бўла туриб, (эҳсон қилишда бошқа муҳтожларни) ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар (охиратда) нажот топувчидирлар» (Ҳашр сураси, 9) ояти каримаси нозил бўлди. 

Ҳужурот сурасининг: “Эй имон келтирганлар! Амалларингиз ўзингиз сезмаган ҳолингизда зое бўлиб кетмаслиги учун сизлар овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан юқори кўтармангиз ва унга бир-бирларингизга баланд овоз (дағал сўз) қилгандек баланд овоз қилмангиз!” ояти нозил бўлганида Собит ибн Қайс Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қаттиқ яхши кўришига қарамасдан ҳузурларига бормай қўйди. Уйидан фақат жамоат намозларини адо этиш учун чиқадиган бўлди. 

Бу орада Набий алайҳиссалом Собитни суриштириб: “Ким бизга у ҳақида хабар олиб келади?” дедилар. Ансорлардан бири: “Ё Расулуллоҳ, мен билиб келаман”, деб Собитнинг уйига борди. Уни боши эгик, хафа ҳолда ўтирганини кўрди. Кейин: “Эй Абу Муҳаммад, аҳволинг қандай?” деб сўради. У: “Ёмон”, деб жавоб қилди. Ансорий: “Нима учун?” деб сўради. Собит: “Биласан­ку, овози баланд одамман. Кўп бор овозимни Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг овозларидан баланд кўтарганман. Бу ҳақда Қуръони каримда сен билган нарса нозил бўлди. Энди ўзимни дўзах аҳлидан деб ҳисобламоқдаман”, деди. 

Ансорий Набий алайҳиссалом ҳузурларига келиб, кўрган ва эшитганларини сўзлаб берди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ансорийга: “Собитнинг олдига қайтиб бор, унга дўзах эмас, балки жаннат аҳлидан эканини айт”, дедилар. 

Жаннат башоратини олса­да, Собит ибн Қайс розийаллоҳу анҳу илм, амал ва ибодатда пешқадамликни қўлдан бермади. Муҳаммад ибн Жарир ибн Язид айтади: «Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: “Кўрдингизми, кеча Қайс ибн Собит ибн Шамоснинг уйида чироқлар ўчмади?” дейишди. Набий алайҳиссалом: “Шояд Бақара сурасини ўқиган бўлса”, дедилар. Бу ҳақда Собитдан сўрашганда у: “Бақара сурасини ўқигандим”, деб жавоб берди». 

“Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18) ояти Собит ибн Қайсга қаттиқ таъсир этди ва йиғлай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан йиғиси сабабини сўраганларида у бундай жавоб берди: “Қавмимдаги энг ранги қора киши бўлишимга қарамай, мен гўзалликни яхши кўраман”, деди. Набий алайҳиссалом: “Сен оятда зикр қилинганлар тоифасига кирмайсан. Бахтли ҳаёт кечириб, яхшилик устида вафот этасан. Сўнг Аллоҳ таоло сени жаннатга киритади”, деб марҳамат қилдилар. Бу унинг иккинчи бор жаннат башоратини олиши эди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Собит ибн Қайс розийаллоҳу анҳудан рози ҳолда вафот этдилар. Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу халифалиги замонида ридда жанги бошланди. Бу орада Мусайлама Каззоб Ямомада ўзини пайғамбар деб эълон қилди. Собит ибн Қайс ҳам бошқалар қатори Ямомага – сохта пайғамбарга қарши жанг қилиш учун борди. 

Бир вақтлар Аллоҳнинг элчиси айтган башоратга эришиш учун ўлимга тик боқди. Жангга кираркан: “Ё Аллоҳ, улар (каззоблар) қилган ишларидан мени узоқ қил”, деб дуо қилди. Мардлик ва қаҳрамонликлар кўрсатиб, шаҳид бўлди. 

Собит ибн Қайс розийаллоҳу анҳу вафотидан сўнг саҳобалардан бирининг тушига кириб, бир одамда совути борлиги, уни сотиб, пулини камбағалларга эҳсон қилишини айтди. Саҳоба тушини Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳуга айтди. Халифа тушда айтилган кишига одам жўнатди. Ҳалиги одам совутни эътироф этди. Сўнг уни сотишиб, пулини эҳсон қилишди.

Шундай қилиб, Собит ибн Қайс вафотидан кейин васиятини айтган ягона инсон сифатида тарихга муҳрланди. 

Манбалар асосида Ромитан туманидаги “Мулла Нарзи” жоме масжиди имом-хатиби
Суннатуллоҳ ФАХРИЕВ тайёрлади.
“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 23-сонидан

Read 2085 times

Мақолалар

Top