Имом Мотуридий кураш олиб борган ботил тоифаларнинг аввалида, шубҳасиз, муътазилийлар турган. Ўша пайтда мамлакатда муътазилийлар ақидаси ёйилиб борар ва уларнинг сафдошлари кундан кунга кўпаяр эди.
Бунга асосан қуйидаги омиллар сабаб бўлган.
Тарихдан маълумки, халифа Мутаваккил муътазилийлар таъсирига тушиб, дастлаб уларни қўллаб-қувватлаган. Кейинчалик эса уларнинг эътиқоди нотўғрилигини тушуниб етгач, аҳли сунна ақидасига қайтган ва муътазилийлар тарғиб этган энг хавфли ақида – “Қуръони карим махлуқ” деган эътиқод ботил эканини эълон қилган. Шундан сўнг муътазилийлар марказдан қувилган. Уларнинг аксарияти шарқий минтақаларга кетганлар. Айниқса, уларнинг пешволари ва катта таъсир кучига эга Абулқосим Каъбий (ваф. 929 м/317 ҳ), Абу Зайд Балхий (ваф. 934 м/322 ҳ) Балхга келиб ўрнашиб олади. Балхдан туриб эса Мовароуннаҳр диёрларига таъсир ўтказиш мумкин эди.
Муътазилийларнинг хавфли жиҳати шунда эдики, улар ақида масалаларида Қуръон ва ҳадисни тан олишмай, салафи солиҳлар йўлидан оғиб, фақат ақлга таянувчи йўлни ишлаб чиққан эдилар. Баъзи ўринларда нақлни бекорга чиқариб, унинг ҳужжат бўлишини инкор қилдилар. Ақидавий масалаларнинг барчасида ақлга таяниб иш кўрдилар ва бу ишлари билан мусулмонларга бегона бўлган “асоларни” юзага чиқардилар.
Имом Мотуридий эса уларнинг бу услубини рад этган ҳолда биринчи ўринга нақлни қўйди. Ақлни эса нақлий ҳужжатларни тушунишдаги восита деб билди.2
Аждодларимиз барча соҳада илмнинг юксак даражаларига етганлар ва мавжуд муаммоларга ечим топишда биринчи галда илм-маърифатдан фойдаланганлар. Жумладан, Ислом динининг дастлабки босқичлари саналган милодий VII асрдаёқ юзага кела бошлаган фикрий бўлинишлар, ақидавий қарама-қаршиликларга жавобан Ислом олимлари томонидан муносиб чоралар кўрилган ва илмий баҳслар орқали уларнинг йўллари нотўғри экани исботлаб берилган.
Мотуридийлик ўз даврида ақидавий буҳронлар авж олган ва мусулмон жамиятининг якдиллиги хавф остида турган бир вақтда соғлом эътиқод тамойилларини тартибга солган ва ботил қарашларга барҳам бера оладиган даражадаги кучли таълимот сифатида юзага келди.
Таълимотнинг юксак аҳамияти шундаки, Имом Мотуридий Самарқандда мавжуд бўлган кўплаб ботил фирқалар билан маърифат воситасида кураш олиб борди ва уларнинг фикри нима учун хато ва ҳатто хавфли эканини аниқ кўрсатиб берди.3
Ҳозир юртимизда “Жаҳолатга қарши – маърифат” тамойили остида олиб борилаётган ишлар илдизи ҳам маърифат негизида қурилган мотуридийлик таълимоти асосларидан сув ичмоқда.
Мотуридия таълимотининг аҳамияти бугунги кунда жуда юксак. Ақидавий зиддиятлар жамиятнинг таназзулга юз тутишига олиб келувчи энг бирламчи омилдир. Қора ниятли кучлар ўз мақсадлари йўлида эркин ҳаракат қилишлари учун фойдаланадиган воситаларидан бири халқлар, миллатлар орасига эътиқодий қарама-қаршилик солишдан иборат.
Бугунги кунда ана шундай бўлиниш, миллатлар орасини бузиб юбориш сингари ишларнинг энг асосийси экстремизм кўринишида намоён бўлмоқда. Ислом дини ниқоби остида “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” сингари чақириқлар билан ёвуз мақсадларини кўзлаган кучлар миллатлар орасига рахна солишяпти. Диндор, содда одамлар бу алдовларга учиб, қўлларига қурол олмоқда, бир-бирлари ва тинч аҳоли умрига зомин бўлмоқда.
Эътиқодий бирдамликнинг нақадар муҳим эканини англаб етган Имом Мотуридий минг йил олдин ёзиб қолдирган асарларида тўғри ақида меъёрларини белгилаб берди ва улар орқали нафақат Ислом олами, балки бутун инсониятни ўзаро ҳамҳижат яшашга чорлади.
Усмонхон МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро
илмий-тадқиқот маркази
Илмий тадқиқотлар бўлими
катта илмий ходими