Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорат сиротға (Ўттиз тўққизинчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

 

НАЗМ

 

      

 

Аросат аҳликим, булардин ўтар,

Дўзах устида кўпругега етар.

Иничка қилдин, қиличдин итик,

Борчаға лозим андин ўтмаклик.

Жину инсону мўъмину кофир,

Бўлғай ул кўпруг устига ҳозир –

Ки, оёқ қўйса кофир, ул дамда

Ерини кўргай ул жаҳаннамда.

Ўткучи ўт ичида ғарқ ўткай,

Мўъмин андин мисоли барқ ўткай.

Баъзи эл елдегу гаҳе қушдек,

Баъзи элга кўрунгай ул тушдек.

Кимгаким бўлса заъфлиғ иймон,

Ўтмаги андин ўлмағай осон.

Бири эмаклабу бири юруб,

Йиқила, қўпа, бир пўйа уруб.

Баъзи аввал қадамда-ўқ боргай,

Баъзи ўртасиға етиб, ҳорғай.

Баъзи охир қадамда йиқилгай,

Йиқилиб, дўзах ичра тиқилғай.

 

НАСРИЙ БАЁН

 

Сирот (кўприги) баёни

 

Аросат  аҳли,  яъни  қиёмат  аҳли  бу  мавқелардан  ўтгандан  кейин, дўзах устига қурилган кўприкка етадилар. У кўприк қилдан ингичка, қиличдан ўткирдир, барчага ундан ўтиш лозимдир. Жинми, инсонми, мўъминми, кофирми – ҳаммалари у кўприк устига ҳозир бўладилар.

Кофир у кўприкка оёқ қўйса, ўша дамда жойини жаҳаннамда кўради. Ўтадиган киши олов ичида ғарқ бўлиб ўтади, лекин мўъмин киши ундан худди чақмоқдек (тез ва бехавф) ўтади. Баъзи мўъминлар елдек, баъзилари қушдек (елиб) ўтади, баъзиларга эса у худди тушдек кўринади (қандай тез ўтганини билмай қолади).

 

Кимнинг иймони заиф бўлса, у кўприкдан ўтиши осон бўлмайди. Бири эмаклаб, бири юриб, йиқилиб-туриб, бири пўйа уруб – йўртиб юриш билан  ўтади. Баъзилари биринчи қадамдаёқ қулайди, баъзилари ўртасига етганда ҳориб-чарчаб қолади. Баъзилари охирги қадамда йиқилади, йиқилиб, дўзах ичига тиқилади.

 

ИЗОҲ. Сирот хусусидаги ояти карима ушбудир (маъноси): «Сизлардан (Сиротдан ўтиб олиши учун) унга кирмайдиган (учрамайдиган) ҳеч ким  йўқдир.  (Бу)  Раббингиз  зиммасига  олган  қатъий  ҳукмдир»  (19/ Марям сураси, 71-оят).

 

Ибн Касир, II, 461-462;  Байзовий: «Бу ҳодисани: «Денгиз кўпригидан ўтиш учун денгизга кирмайдиган киши йўқ» деган шаклдаги бир мисол билан шарҳлаш мумкин. Йўқса: «Ҳар ким жаҳаннамга боради» дея олмаймиз. Бу ўриндаги ифода ҳар ким жаҳаннамга учрайди, фақат жойи ўша ер бўлганлар кўприкдан ўта олмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу оятнинг шарҳи сўралганида бундан кейинги оятни ўқиганлар» (“Файзул-Фурқон”).

 

Кейинги оят – Марям сураси, 72-оят маъноси: “Кейин муттақий бўлган (ибодат ва итоат билан гуноҳлардан сақланган) кишиларни қутқарурмиз (жаннатга киритурмиз).[1] Золимларни эса у ерда (жаҳаннамда) тиз чўккан ҳолларида қолдирурмиз”.

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

 

[1] Байзовий.

Read 2183 times
Tagged under

Мақолалар

Top