Мақолалар

Исломда аёлларнинг илм олишдаги ҳақлари

Илм ва аёл

 

 

Бир куни ҳузуримизга она ва қиз кириб келди. Она қизининг икки нафар фарзанди борлиги ва оиласи бузилганини айтиб, мендан маслаҳат сўради.

25 ёшларда бўлган бу аёл билан суҳбатлашдим. Айтишича, ота-онаси ўз пайтида мактабга юбормаган. Шу сабабли кейинчалик коллеж ёки лицейда ҳам ўқимаган. 20 ёшда эса турмушга беришган. Икки боланинг онаси бўлганда турмуш ўртоғи билан келишолмагани сабабли оиласи бузилган. Эндиликда бу аёл фарзандлари билан қизлик уйида яшамоқда. У фарзандларини боқишни, кийинтиришни, ота-онасига оғирлигини ташламасликни хоҳлайди. Лекин бирор ўқув даргоҳини тамомламагани ва ҳунари йўқлиги сабабли тушкунликка тушиб қолган. Унга илм олиш ва ҳунар ўрганиш учун ҳали кеч эмаслигини тушунтирдим.

Яна кунларнинг бирида бир аёл қўнғироқ қилиб, битта хонадонга совчиликка боргани ва у оилада ота қизларининг ўқиши, касб-ҳунар ўрганиши учун рухсат бермаслиги ҳақида гапирди. “Келажакда бу қизларнинг тақдири нима бўлади? Ислом динида аёл-қизларнинг илм олиши ва ҳунар ўрганиши учун рухсат берилмайдими?” деб сўради у аёл. Мен: “Аксинча, Ислом дини аёл-қизларни улуғлаб қўйган, улар илм олиш ва касб-ҳунар эгаллашда етарлича ҳақ-ҳуқуққа эгалар”, деб тушунтирдим.

Баъзи ота-оналар қизларини кўчага чиқармай, ҳеч қаерда ўқитмай, жойи чиқса, тезроқ турмушга бериш ҳақида ўйлашади. Модомики, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг покиза аёллари, муборак оналаримиз аёлларга илм ўргатиш, шариат ҳукмларини етказишда Расули акрам ёнларида туриб, у зотга кўмакдош ва маслакдош бўлганлар. У даврларда аёллар шариатнинг баъзи ҳукмларини, хусусан, эр-хотинлик, жунублик, нифос, ҳайз ва бошқа шунга ўхшаш масалаларни тўғридан-тўғри сўрашдан уялганлар. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу каби масалаларни очиқ-равшан сўзлашдан ҳаё қилар эдилар. Шундай ўринларда оналаримиз жавоб берар эдилар.

Ойша розийаллоҳу анҳо айтадилар: “Ансорийларнинг аёлларини Аллоҳ раҳмат қилсин, уларни шариат аҳкомларини билишдан ҳаё ман қилмади”. Бу аёллар кечалари Ойша онамиз олдиларига келиб, жунублик, ҳайзу нифос каби масалаларда шариат ҳукмини сўраб ўрганар эдилар.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида қилган барча ишлари, муаммо-ю юриш-туришларини нақл қилишда у зоти шарифнинг покиза аёлларининг ҳиссалари кўп эканини биламиз. Набий алайҳиссаломнинг аёлларидан кўплари шариат аҳкомларини ўргатувчи устоз, Қуръон ёд олган қория, ҳадисларини етказувчи муҳаддиса ва фақиҳа бўлиб, ўткир қобилиятлари, нодир заковатлари билан машҳур бўлганлар. Хусусан, Ойша онамиз мерос масаласида математикани пухта билганлари боис ҳаттоки баъзи машҳур саҳобалар ҳам мерос тақсимлашда улардан маслаҳат сўрар эдилар. Ислом келгунига қадар каср сон ҳақида кишиларда тушунча бўлмаган. Қуръони каримда мерос масаласида келган ҳукмларни эса Ойша онамиздек пухта биладиган ва тақсим қилиб берадиган фақиҳа бўлмаган.

Ҳозирда аёллар фақат уйда ўтиришлари керак, илм олмасалар ҳам бўлади, уй юмушларини қилиб, фарзанд тарбияси билан машғул бўлсин, дейдиганларга қарата Ислом мўмину мўминаларга баробар равишда илм олишни тарғиб қилади, деб баралла айта оламиз. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм олиш мўмин ва мўминага фарздир”, деб марҳамат қилганлар.

Шунингдек, уламолар ва фақиҳлар фарзи айн илмларда аёллар ҳам эркаклар каби тенг ҳуқуқли эканларига ижмо қилишган.

Ал­лоҳ таоло марҳамат қилади: “Ким, у хоҳ эркак бўл­син, хоҳ аёл, мўминлик ҳолида савобли ишлар қил­са, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хур­мо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай” (Нисо, 124); “Албатта, муслим ва муслималар, мў­мин ва мўминалар, итоатли эркаклар ва итоатли аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабр­ли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозели (камтар) эркаклар ва тавозели аёллар, садақа қилувчи эр­как­лар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эр­как­лар ва рўза тутувчи аёллар, авратларини (ҳа­ром­дан) сақловчи эркаклар ва (авратларини ҳаром­дан) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир”(Аҳзоб, 35).

Аёлларнинг таълим олиши фарзи айнлигига қуйидаги саҳиҳ ҳадислар ҳам далил бўлади. Имом Термизий ва Абу Довуд (лафзи Абу Довудники) ривоят қиладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимнинг уч қизи ёки учта ё олтита ёхуд иккита опа-синглиси бўлса ва уларга одоб бериб, уларга яхшилик қилса ҳамда уларни турмушга берса, унга жаннат бордир”. Бошқа бир ривоятда: “Қайси эркакнинг чўриси бўлса, у унга таълим бериб, таълимини чиройли қилса ва унга одоб бериб, одобини чиройли қилса, сўнгра уни озод қилиб, ўша аёлга уйланса, у кишига икки ажр бордир”, дейилади.

Бу ҳақда Имом Бухорий ва Муслимнинг саҳиҳ тўпламларида ҳам ҳадислар келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ у зотга ўргатган нарсаларни аёлларга ҳам ўргатиш мақсадида алоҳида кунни хослаб қўйганлар. Бир куни битта аёл: “Ё Расулуллоҳ! Эркаклар сизнинг олдингизга келиб, сўзингизни олиб кетадилар. Биз учун ҳам бирор кун белгиланг, биз ҳузурингизга келиб, Аллоҳ сизга ўргатган нарсаларни ўрганамиз”, деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фалон ва фалон куни жамланинглар”, деб айтдилар. Улар йиғилдилар. Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, уларга таълим бердилар.

Балозирийнинг “Футуҳул булдон” китобида бундай келади: мўминлар онаси Ҳафса бинти Умар розийаллоҳу анҳо жоҳилиятда Шифо исмли бир аёлдан ёзишни ўрганган эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамизга уйланганларидан кейин Шифони топиб, Ҳафса онамизга қандай ўргатган бўлса, бошқаларга ҳам худди шундай чиройли ёзишни ўргатишини талаб қиладилар.

Юқоридаги ояту ҳадислардан хулоса чиқарсак, Ислом дини аёл кишини илмли, маърифатли бўлишга буюради. Тарихдан маълум, аёллар ҳам Ислом раҳна­молигида илм ва маданиятнинг энг юқори даражасига кўтарилганлар. Аёллардан машҳур табиблар етишиб чиққан. Мисол учун турли кўз касалликларини аниқлаб, давосини топган Зайнаб ва Қози Абу Жаъфар Тоф­жолийнинг қизи Уммул Ҳусно араб дунёсининг машҳур табибаларидан ҳисобланган. Яна Карима Утрузия, Сай­йида Нафийса бинту Муҳаммад каби аёл муҳаддислар ҳам бўлган.

Юқори илмий даражага эришган бу хонимлар қаторида Имом Шофеъий, Имом Бухорий, Ибн Халдун ва Ибн Ҳиббон каби машҳур муҳаддислар, фақиҳлар, уламолар ҳамда адибларнинг муаллималари ҳам бўлишган.

Ўз юртимиз тарихига ҳам назар солсак, Нодира, Увайсий, Анбар отин, Бибихоним каби ҳам дунёвий, ҳам диний илмларда илғор бўлган аёлларнинг номларини санаб ўтиш мумкин.

Ёки самарқандлик олима Фотима бинти Муҳаммад Самарқандийни олайлик (вафоти тахминан 1186 йил). У аёл фақиҳалардан бири бўлган. Буюк фақиҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Алоуддин Самарқандийнинг қизи, “уламолар подшоси” деб лақаб олган Алоуддин Косонийнинг турмуш ўртоғи эди. Олима Туркистонда, Шошнинг орқа томонидаги Косон шаҳрида таваллуд топган. У отасидан ҳадис ва фиқҳдан таълим олган. Отасининг машҳур “Туҳфатул фуқаҳо” (“Фақиҳлар туҳфаси”) асарини ёддан билган.

Олиманинг бир қанча асарлар муаллифи экани манбаларда қайд этилган, аммо фиқҳ ва ҳадисга тегишли “Мажмаъул фавоид ли жаммил авоид шарҳ туҳфатил мулук” (“Подшоҳлар туҳфаси шарҳида расм-русумларни тўлдиришда қоидалар жамланмаси”) асаригина маълум.

Алоуддин Самарқандийнинг шогирди Алоуддин Абу Бакр Косоний (вафоти 1191 йил) устозининг “Туҳфатул фуқаҳо” асарига шарҳ ёзиб, унга тақдим этган. Алоуддин Самарқандий шарҳдан мамнун бўлганидан қизини шогирдига никоҳлаб берган.

Мана, азизлар, аёл-қизларимизнинг илм олишда ва ўргатишда ҳақ-ҳуқуқлари борлигини юқоридаги бир қанча далиллар орқали билиб олдик. Ўйлаймизки, ана шу илмни озгина ўрганиш билан юртдошларимиз қизларининг ҳам билимли бўлиши нақадар муҳимлигини англардилар. Шундай эмасми?!

 

Марямхон АБДУЛЛАЕВА

Read 2603 times
Tagged under

Мақолалар

Top