Мақолалар

Ҳаётимизнинг ғояси – Аллоҳнинг ризолигини қозониш

Шак шубҳасиз, қатъий тарзда биламизки,  ҳаётимизнинг ғояси Аллоҳнинг ризолигини қозонишдир.  Бу дунёга имтиҳон учун келганлигимизни биламиз. Имтиҳондан ўтган тақдиримизда,  имтиҳондан ўтиш учун қилган ҳаракатларимиз туфайли Аллоҳнинг севгили қули бўлишимизни биламиз. Аллоҳга  итоат этсак, амрларини бажариб, гуноҳлардан ҳазар этсак,  Аллоҳнинг жаннати, жамоли билан сийланганлардан бўлажагимизни биламиз.

Бош ғоя – Аллоҳ розилигини қозонишдир. Биз бу ғояни

الهی انت مقصودی و رضاک مطلوبی

«Илаҳий анта мақсудий ва ризока матлубий» жумласи билан ифодалаймиз ва уни айтамиз. Бу сўзлар ҳазрати пайғамбаримизнинг бир ҳадиси қудсийда тилга олган жумлаларидандир. Бизнинг ғоямиз Аллоҳу Таоло ҳазратларидир. Мақсадимиз, муродимиз, орзуимиз – Удир ва биз унинг ризосига эришмоқни истаймиз.

Ҳар ишда фақат шу истак бўлса, фақат шу ғояга кўра ҳаракат қилсак, қайси иш бўлмасин, мукаммал бўлади ва охирига етади.

Энди бу ғоянинг кенг кўламда тараққий этиши ва бу ғояга етишиш учун инсон тўғри йўлдан юрмоғи лозим. Тўғри йўлдан юрган инсонни ҳидоятга юраяпти деймиз. Унга Аллоҳдан ҳидоят тилаймиз.

Намоз ичида ўқиган «Фотиҳа» сурасини ҳисобласак, бир кунда камида  қирқ марта:

«Иҳдинас сиротол мустақийм» /«Фотиҳа»,  6/ – Ё раббим, бизни мустақим бўлган энг тўғри йўлга ҳидоят қил», – деймиз. Яна Қуръон оятларидан биламизки:

«Иннака ла таҳди ман аҳбабта ва ла кинналлоҳа яҳди майяшаъ – («Ал-қосос», 56.)

– («Эй Муҳаммад), аниқки сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят  қилур».

Демак, ҳазрати пайғамбаримиз истасалар ҳам, то Аллоҳу Таоло истамас экан, бирор кишини ҳидоят қилолмаслар, тўғри йўлга сололмаслар. Ҳидоят, тавфиқ  фақат Аллоҳдан... Буни Аллоҳ ҳатто пайғамбаримизга ҳам кўп таъкидлайди. Қуръон оятлари бунга гувоҳ. Мисол:

Амакилари Абу Толиб Пайғамбаримизни ёшликдан ардоқлаб тарбият қиладилар. Кейинчалик душманлардан ҳам ҳимоя қилиб юрадилар. Расулуллоҳ ҳам боққани, паноҳига олгани, пайғамбар бўлганларидан кейин ҳам қўллаб-қувватлагани, мушриклардан асраб, йиғинларини ҳимоя қилгани учун амакиларини яхши кўрардилар. Амакиларининг ўлими яқинлашгандан кейин унга юраклари ачиди. Абу Толибнинг мусулмон бўлишини жуда истадилар. Ундан «Амакижон, Аллоҳ бир, ундан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад унинг расулидир, дегин. Абадий саодатга эришасан. Аллоҳ изни билан  сени шафоат қилиш менга ҳам насиб этса...», деб ўтинадилар. Аммо бу сўзларнинг фойдаси бўлмади, амакилари имон келтирмай дунёдан ўтдилар.

Аллоҳ расулини хафа қиларми, Ҳабиби адибини мулзам қиларми... Қилмас. Аммо ҳар шахснинг Аллоҳ ҳузурида ўз жавобгарлиги бор... Унинг ўзи ҳидоят сари бир қадам ташлаши, бир ишора, бир ҳаракат қилиши керак... Қалбида бу ният пайдо бўлса, ўшандагина Аллоҳ ҳидоятга етаклайди. Аммо ўзида бу интилиш, бу ният, бу истак бўлмаса ўзганинг истаги билан ҳидоятга эришиб бўлмас!

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

 

Read 2064 times

Мақолалар

Top