Мақолалар

Аллоҳ таоло Қуръонни ёдлаб, унга амал қилган инсонни азобламайди

Қуръони карим илоҳий китоб. Қироатларнинг манбаи ваҳийдир. Бу ҳақда бир қанча оятлар ва ҳадислар келган.

Аллоҳ таоло “Юнус” сурасида шундай марҳамат қилади:

«Қачонки уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинганида, Бизга рўбарў бўлишдан умид қилмайдиганлар: «Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир», дедилар. Сен: «Мен уни ўзимча алмаштира олмасман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсагагина эргашаман. Албатта, мен Роббимга осий бўлсам, буюк Кун азобидан қўрқаман», деб айт» (15-оят).

Аллоҳ таоло «Нажм» сурасида шундай дейди:

«У ҳаводан нутқ қилмас. У (Қуръон) юбориладиган ваҳийдан ўзга нарса эмас. Унга шиддатли қувват эгаси таълим берди» (3-5-оятлар).

Аллоҳ таоло «Ҳаққо» сурасида марҳамат қилади:

«Ва агар у Бизга баъзи ёлғон сўзларни тўқиса... албатта, Биз уни қудрат билан тутамиз. Сўнгра, албатта, унинг шоҳ томирини кесамиз» (44-46-оятлар).

Ушбу оятлардан кўринадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларича Қуръони каримдан бирор нарсани ўзгартиришга қодир эмаслар. Шундай экан, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа бирор одам мутлақо ўзгартира олмаслиги турган гап.

Бу борадаги суннатда келган далиллар Қуръони каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши ҳақидаги мавзуда келтирилган. Бу ерда мазкур сарлавҳа остидаги маълумотлар доирасида келмаган бир ҳадисни эслаб ўтиш билан кифояланамиз.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Жаброил ва Микоил алайҳимассалом олдимга келишди. Жаброил ўнг тарафимга, Микоил чап тарафимга ўтирди. Шунда Жаброил алайҳиссалом:

«Қуръонни бир ҳарфда қироат қил», деди. Микоил эса:

«Ундан зиёда қилишини сўра, ундан зиёда қилишини сўра», деди. Ниҳоят етти ҳарфга етди. Ҳамма ҳарф шофий ва кофийдир» Имом Насаий ривоят қилган.

Ушбу ҳадисдан ҳам кўриниб турибдики, Қуръони каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам истаганларича ўқий олмайдилар. Балки фаришталар олиб келган ваҳий асосида қироат қиладилар. Бу борадаги ҳадислар мутавотир даражасига етгандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай бўлса, ўшандай ҳолида Жаброил алайҳиссаломдан қабул қилиб олганлар. У зотга Қуръони каримни Жаброил алайҳиссаломдан қабул қилиб олишни Аллоҳ таолонинг Ўзи ўргатганини аввал айтиб ўтдик.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан Қуръони каримни эшитиб, ўрганиш билан бирга у кишига ўқиб ҳам берар эдилар. У зот Қуръони каримни ҳар йили Рамазон ойида бир марта Жаброил алайҳиссаломга бошидан охиригача ўқиб берар эдилар. Вафот этадиган йиллари Қуръони каримни бошидан охиригача икки марта ўқиб берганлар.

Ўз навбатида саҳобаи киромлар ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай бўлса, ўшандай ҳолида қабул қилиб олар эдилар. Аста-секин саҳобаи киромларнинг ичида қироат бўйича кўзга кўринганлари зоҳир бўла бошлади. Улар бошқа саҳобаи киромларга Қуръони карим қироатидан дарс ҳам берадиган бўлдилар.

Қироатда устоз бўлган саҳобаи киромлардан ҳазрати Усмон, ҳазрати Алий, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абу Дардо, Ибн Масъуд ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳумни мисол тариқасида зикр қилишимиз мумкин. Катта саҳобийлар кичикларига ва кейинроқ Исломга кирганларга қироатни ўргатар эдилар. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Соиб ва бошқа саҳобаи киромларга қироатдан устоз бўлганлар.

Ўз навбатида саҳобаи киромлардан кейинги авлод тобеъинлар ҳам Қуръони каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай бўлса, ўшандай ҳолида қабул қилиб олдилар. Аста-секин тобеъинларнинг ичида қироат бўйича кўзга кўринганлари зоҳир бўла бошлади. Улар ҳам бошқаларга Қуръони карим қироатидан дарс берадиган бўлдилар.

Тобеъинларнинг вақтига келиб, Ислом кўп жойларга тарқалган, мусулмонларнинг сони кўпайган ва ҳар бир ўлка ўз қориларига эҳтиёж сезиб қолган эди. Шунинг учун ҳам тобеъинлардан қироатга моҳир ва устоз бўлганлари ҳақида маълумот олмоқчи бўлсак, уларнинг турли ўлкаларга бўлиб зикр қилинганини кўрамиз.

Тобеъинлардан ўзининг қироати ва Қуръон устози деган номи билан Мадинада машҳур бўлганлар: Ибн Мусайяб, Урва, Солим, Умар ибн Абдулазиз, Сулайман ибн Ясор, Ато ибн Ясор, Муъоз ибн Ҳорис, Абдурраҳмон ибн Ҳурмуз, Ибн Шиҳоб Зуҳрий, Муслим ибн Жундуб, Зайд ибн Аслам ва бошқалар.

Тобеъинлардан Қуръони карим қироати ва устозлиги билан Маккада машҳур бўлганлар: Убайд ибн Умайр, Ато ибн Абу Рабоҳ, Товус, Мужоҳид, Икрима, Ибн Абу Мулайка ва бошқалар.

Тобеъинлардан Қуръони карим қироати ва устозлиги билан Куфада машҳур бўлганлар: Алқама, Асвад, Масруқ, Убайда, Амр ибн Шураҳбил, Ҳорис ибн Қайс, Амр ибн Маймун, Абу Абдурраҳмон Суламий, Саъид ибн Жубайр, Иброҳим Нахаъий, Шаъбий ва бошқалар.

Тобеъинлардан Қуръони карим қироати ва устозлиги билан Басрада машҳур бўлганлар: Абу Олия, Абу Ражо, Наср ибн Осим, Яҳё ибн Яъмур, Ҳасан, Ибн Сирин, Қатода ва бошқалар.

Юзинчи ҳижрий санага келиб, ақоид, фиқҳ ва бошқа соҳаларда, жумладан, қироат бобида ҳам мусулмонларнинг сонлари, миллатлари, ирқлари, тиллари ва эҳтиёжларининг ҳаддан ташқари кўпайгани эътиборидан, алоҳида илмий асосга суянган йўналишлар пайдо бўлди. Бу давр ва шароит талаби эди.

Айни вақтда эса юртимизда ана шу буюк силсилани давом эттиришга қаратилган. Устоз Зайниддин қори Муҳаммад Юсуф хотираларига бағишланган «Қуръони карим мусобақаси – 1442» онлайн танлови кўтаринки руҳ ва юксак савияда давом этмоқда. Ҳифз ва тиловат йўналиши бўйича биринчи ўринни олган қорилар рамазон ойида бўлиб ўтадиган супер финалга йўлланмани қўлга киритадилар. Супер финал ғолибига “Спарк” автомобили насиб этади. Ҳали олдинда яна вақт бор. Имконият ҳам етарли. Мусобақа шартларига мувофиқ, мураттаб қориларимиз ҳифз йўналишида ҳафта давомида исталган вақтда @azonquronbot телеграм манзилида рўйхатдан ўтишлари мумкин. Ҳифз йўналиши қорилари билан чоршанба куни суҳбат жараёнлари бўлиб ўтади ва иштирокчилар аниқланади. Тиловат йўналиши иштирокчилари эса ҳар душанба куни соат 8:00 дан 13:00 гача рўйхатдан ўтишлари мумкин.

Каломуллоҳга муҳаббатлиларни “АzonTV” ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини кузатиб боришга чорлаб қоламиз.

Azon.uz

Read 2049 times

Мақолалар

Top