Мақолалар

Бир савол сўрасам: Тезак ёқиб пиширилган нонни ейиш мумкин-ми?

— Азалдан ота-боболаримиз тезак (таппи)ни тандирга ёқиб нон қилиб келган. Ҳозир ҳам баъзи қишлоқларимизда шундай қилишади. Лекин унинг шаръий ҳукми ҳақида эшитмаган эканман. Тезак ёқиб пиширилган нонни еса бўлади-ми?

— Ҳайвоннинг гўнги ва қуритилган тезагини ёқиб унда пиширилган таом ва нон ҳалол бўлади. Уламолар тезак ёқилиши билан у истиҳола бўлади, дейишган. Яъни олов сабабли моқияти ўзгаради.

Нажосатни поклашнинг бир қанча йўллари бор. Масалан, ювиш, артиш, ерга суртиш. Фуқаҳоларимиз ўзларининг фатво китобларида жумладан шундай дейдилар:

“Нажосатни поклашнинг яна бир йўли ёқишдир. Тезак ёқилса ва у кулга айланса, Имом Муҳаммаднинг наздида поклигига ҳукм қилинади. Шунга фатво берилган” (“Хулосатул фатаво”, “Фатавои Ҳиндия”).

Аллома Ҳаскафий эса бундай дейди: “Тезакнинг кули нажас ҳисобланмайди. Акс ҳолда барча диёрларда нонни (тезак билан пишириш оқибатида) нажас бўлиши келиб чиқарди” (Дуррул мухтор).

Агар тандир тезак билан қиздирилса, унда нон ёпиш макруҳ, агар тандирга сув сепилса, макруҳлик йўққа чиқади. (“Фатавои ҳиндия”, “Қуня”)

Демак, тезак ёқиб нон пиширилса, нон пок ва истеъмолга яроқли ҳисобланади. Қолаверса, бу иш азалдан одамлар орасида оммавий эҳтиёжга айланган. Валлоҳу аълам!

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Read 4062 times

Мақолалар

Top