Мақолалар

Даврий нашрларда: Номаи аъмолини биринчи оладиган зот

«Бас, ўз китоби (номаи ­аъмоли) ўнг томонидан берилган киши айтур: “Ма­на менинг китобимни ўқинг­лар”» (Ал-Ҳоққа сураси, 19-оят).

Ушбу ояти карима дастлаб Ҳабашистонга, сўнг Ясрибга ҳижрат қилган биринчи му­ҳожир Абу Салама ҳақида нозил бўлган.

Ибн Абу Осим Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда бундай келади: “(Қиёмат куни) номаи аъмолини ўнг томонидан оладиган биринчи киши Абу Салама ибн Абдул Асад розийаллоҳу анҳудир. Номаи аъмолини чап томонидан оладиган би­ринчи киши унинг акаси Су­фён ибн Абдул Асаддир”.

Тўлиқ исми: Абдуллоҳ ибн Абдул Асад Махзумий. Куняси: Абу Салама. Ислом­ни илк қабул қилган ўн са­ҳобадан кейин, Набий алай­ҳиссалом Дорул Арқамга киришларидан олдин имон келтирганлардан. Ота­си: Абдул Асад ибн Ҳилол. Онаси: Расулуллоҳ соллал­­лоҳу алай­ҳи ва салламнинг аммалари Барра бинти Абдул­мутта­либ. Турмуш ўртоғи: Умму Салама розийаллоҳу ан­ҳо. Абу Салама Набий алайҳис­саломнинг ҳам аммаларининг ўғли, ҳам эмикдошла­ридир. Абу Лаҳабнинг чў­ри­си Сувайба розийаллоҳу ан­ҳо иккалаларини эмизган.

Ҳидоят қуёши порлади

Абу Салама атрофида содир бўлаётган, соғлом қалб эгаси кўтара олмайдиган жоҳилият ишларини кўриб, юраги эзилар, оғриқ чекарди. Қанийди, бир тонг отсаки, жоҳилиятнинг бу зулматлари парчаланса... Қуёш нуридан бутун олам ёришса...

Ниҳоят кутилган тонг келди. Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар этиб юборилишлари билан ҳидоят қуёши жоҳилият зулматларини ёриб, ўз нурини ёя бошлади. Аввалида бу ҳидоят нуридан баҳраманд бўлганлар камчиликни ташкил этди. Абу Салама улар орасида эди.

Жоҳилият ҳаётидан яхшигина насиба олаётган баъзи мушриклар кўп йиллик обрў-эътибор ва мартабаларидан айрилишни исташмади. Шу боис мусулмонларни Исломдан узоқлаштиришни исташди. Мўминларни бу йўлдан қайтариш учун зулмнинг турли кўринишларини ишга солишди.

Набий алайҳиссалом са­ҳо­баларнинг азобланиш­ларини истамадилар. Мушрикларнинг жабр-зулми­дан сақланиш учуш Ҳабашис­тонга ҳижрат қилишни буюр­дилар. Абу Салама ва унинг оиласи ҳам биринчи муҳожирга айланди...

Интилганга толе ёр

Аллоҳнинг Ҳабибидан узоқда яшаш, соғинч ҳисси бошқа муҳожирлар қатори Абу Саламанинг ҳам қалбини ўртарди. Маккадан келган ҳар бир хабарни интиқлик билан кутди. Кейин эса Маккада вазият юмшагани, мусулмонлар сони кўпаяётгани ҳақидаги гап-сўзларга ишониб, Ҳабашистонда кўп вақт қололмади. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суҳбат­ларидан баҳра олиш учун оиласи билан яна Маккага қайтди.

Бироқ вазият у кутганидек эмас эди. Мушриклар, айниқса, ўз қабиласи Бани махзумликлар Абу Салама ва унинг оиласига тинч­лик бермади. Сабаби, Абу Жаҳл ушбу қабиланинг раи­си эди. Бунинг устига Абу Саламанинг ҳимоячиси – тоғаси Абу Толиб ҳам вафот этганди.

Ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёруғ деганларидек, Ясрибга ҳижрат бошланди. Абу Салама яна йўлга отланди. Унинг Ясрибга кўчиш ихтиёри Ҳабашистонга қайтиб кетишдан кўра кучлироқ эди. Чунки Ясриб билан Макка ораси Ҳабашистонгача бўл­ган масофадан кўра яқинроқ, у ернинг аҳолиси араблар бўлиб, тили бир, табиати бир-бирига мос эди. Ясриб аҳо­лисининг мусулмон бў­лаётгани, айниқса, у ерга Мусъаб розийаллоҳу анҳу­нинг динни ўргатиш учун юборилгани, ибодатларини хавотирсиз бажаришига, Ис­лом динини янаям кўпроқ ўр­ганишига имкон яратарди.

Ушбу омиллар сабаб Абу Салама оиласи билан Мади­на сари отланди. Би­роқ ҳижрат чоғида катта қийин­чиликларга дучор бўлди. Йўл-йўлакай аёли­нинг қариндошлари Умму Салама розийаллоҳу анҳо­­ни ҳибсга олишди. Қабиладошлари эса ўғли Саламани олиб қолишди. Абу Салама Мадинага ёлғиз ўзи сафар қилишга мажбур бўлди. Фақат бир йилдан сўнгги­на бутун оила Ясрибда жамланди.

Абу Салама аввалига Қу­бода мадиналик ансорий Мубашшир ибн Абдул Мунзир розийаллоҳу анҳу­нинг ­уйига келиб тушди. Кейинчалик Расулуллоҳ алайҳиссалом унга Бани Зуҳра қавмидан маскан ажратиб бердилар. Яна Саъд ибн Хайсама ансорий билан биродар тутинтирдилар.

Мадинада Абу Салама Набий алайҳиссаломнинг ҳар бир ишлари, хулқлари­ни ўрганиб, ўрнак олди, соя каби доимо эргашиб юрди. Расулуллоҳ соллал­лоҳу алайҳи ва салламга нисбатан муҳаббати кундан-кун зиёдалашиб борди. Натижада у зот учун жонини, мол-дунёсини фидо қиладиган ҳолга етди.

Ҳижратнинг иккинчи йили мусулмонлар билан Макка мушриклари ўртаси­да Бадр ғазоти бўлиб ўтди. Жангда оз сонли мусулмонлар орасида Абу Салама ҳам иштирок этди. Мусулмон­лар зафар қозонишди. Худ­ди шу йили Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ушайра ға­зотига кетаётиб, Абу Сала­мани Мадинада ўринбо­сар этиб қолдирдилар. Кейин­ги йили Уҳуд жангида Абу Салама қўлидан жароҳат­ланди...

Уҳуддан икки ой ўтар-ўтмас, Расулуллоҳ соллал­лоҳу алайҳи ва салламга Хувайлиднинг Тулайҳа ва Салама исмли икки ўғли ­мусулмонларга қарши уруш учун қавмидан одам тўплагани хабари келди. Набий алайҳиссалом 150 кишилик жангчи гуруҳ тузиб, Абу Саламани бошлиқ этиб юбордилар. Аскарлар билан душманни енгиб ортга қайтишди. Бу юришда Абу Саламанинг қўлидаги эски жароҳати яна очилиб, қон кета бошлади. Аҳволи оғирлашди.

Ўлим тўшагида ётаркан, бир вақтлар Набий алайҳис­саломнинг: «Сизлардан қай бирингизга мусибат етса: “Албатта, биз Аллоҳники­миз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз. Ё Аллоҳ, ­уш­бу мусибатимга Сен­дан ажр умид қилдим. Бас, менга мусибатим эвазига ажр бер. Унинг ўрнига яхшилик бер”, деб айтган таълимларини эслади ва: “Ё Раббим, мендан сўнг аҳ­лимга мендан кўра яхши­роқ ўринбосар ато этгин», деб дуо қилди.

Оламлар сарвари зиёратга келганларида Абу Салама эндигина жон таслим қил­ган, кўзлари очиқ қолган эди. Набий алайҳиссалом му­борак қўллари билан кўз­ларини юмдирдилар ва: “Руҳ қабз этилса, кўз унга эр­га­шади”, дедилар. Шу вақт унинг оиласидаги кишилар уввос солиб фарёд қи­ла бошлашди. Буни кўр­ган Набий алайҳиссалом: “Ўзингизга фақат яхшилик тиланг. Албатта, фаришталар омин деб туришади”, деб огоҳлантирдилар. Сўнг: “Ё Аллоҳ, Абу Саламани мағ­фират эт, Наъим жан­натларида унинг даражасини юқори қил. Бизни ҳам, уни ҳам мағфират айла, эй оламлар Рабби”, дея дуо қилдилар (Имом Муслим ри­вояти). 

Абу Салама вафот этганда Умму Салама розийаллоҳу анҳо истиржо айтди. Ушбу дуо ижобатидан кейинчалик Набий алайҳиссаломга турмушга чиқиб, мўминлар онаси шарафига эришди.

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси

Ҳафиза БАХТИЁР қизи тайёрлади.

Read 2024 times

Мақолалар

Top