Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорат биҳиштға (Қирқ учинчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

     

Даража жаннат ичрадур секкиз,

Тенгри гар лутф қилса, еткайсиз.

Тенгри жаннатқа кимниким тергай,

Амалиға яраша ер бергай.

Анда ҳуру қусуру ғилмондур,

Неча лаззатки, ақл ҳайрондур.

Ҳар фароғатки эл хаёл этар,

Андин ортиқ биҳишт элига етар.

Жовидон ерларида бўлғайлар,

Ғам била ғуссадин қутулғайлар.

Барчадин яхши лаззати дийдор,

Бизга қилғай насиб, ё Ғаффор!

 

НАСРИЙ БАЁН

 

Жаннат (ҳақлиги) баёни

 

Жаннат ичида саккизта даража бор, агар Аллоҳ лутфу карам қилса, унга етгайсизлар. Аллоҳ жаннат учун кимни танласа, унга амалига яраша (жаннатдан) жой беради. У ерда ҳурлар, қасрлар, ғилмонлар бор, яна ақл ҳайрон қоладиган неча лаззатлар бор.

 

Одамлар хаёл қилган ҳар неки фароғат – роҳат-ҳаловат бор бўлса, жаннат аҳлига ундан ортиқроғи тегади. (У мўъминлар) жаннат ерларида абадий қоладилар, ғам ва ғуссадан (мангу) қутуладилар.

 

Ҳаммасидан яхшиси Аллоҳнинг дийдори лаззатидир. Эй Ғаффор – мағфирати чексиз бўлмиш кечиримли Зот! Бизга ҳам у неъматни насиб айла!

 

ИЗОҲ. Аҳли суннат эътиқодига кўра, мўъминлар охиратда Аллоҳни кўрадилар, кофирлар кўрмайдилар (Байзовий). “Барчадин яхши лаззати дийдор” сатрига далил ушбу ояти карималардир:

 

Қиёмат сураси, 22-23-оятлар Маъноси: «Бир қанча юзлар у кун Раббилари (жамоли)га боқиб, ял-ял яшнаб тургувчидир».

 

Юнус сураси, 26-оят маъноси: «Яхшилик қилувчилар ва гўзал ҳаракат этувчилар учун янада гўзалроғи ва зиёдаси (Аллоҳнинг жамоли) бордир». 

 

“Бу ояти каримадаги «зиёда» сўзи Аллоҳни (охиратда) кўз билан кўрмоқ деган маънода тафсир қилинган” (Муҳаммад Зоҳид Қўтқу ибн Иброҳим ал-Бурсавий: «Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди», 1-китоб, с. 39).

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК.

Read 1981 times
Tagged under

Мақолалар

Top