— Кўпинча овқатлангандан сўнг “едик, ичдик, савобларини ўтганлар руҳига бағишладик”, деб дуо қилинади. Инсон овқат тановул қилса ҳам савоб бўладими, бунинг ҳикмати нимада? Аслида дастурхонга нима деб дуо қилиш керак?
— Қилинган барча яхшиликнинг савобини ўтганларга бағишлаш жоиз. Шунингдек, таом бериш каби яхшиликлардан ҳосил бўлган савобни бағишлаш шариатимизда бор. Таомдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича дуо қилар эдилар. Шуниси суннат.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачон дастурхонлари йиғиштирилса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга кўп, пок, муборак ҳамд бўлсин. Ундан ўзга кифоячи йўқ. У тарк қилинган ҳам эмас. Ундан беҳожат ҳам бўлинмас. Роббимиз”, дер эдилар” (Бешовларидан фақат Имом Муслим ривоят қилмаган).
Имом Бухорийнинг ривоятида: “Бизга кифоя қилган ва бизни қондирган, Ундан ўзга кифоячи йўқ ва инкор ҳам қилинмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, дейилган.
“Сунан” соҳибларининг ривоятида: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон таомларидан фориғ бўлсалар: “Бизни едирган, ичирган ва мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, дер эдилар”, дейилган.
Муъоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таом еса-ю, кейин: “Шуни менинг куч-қувватимсиз менга таом қилиб, ризқ қилиб берган Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, унинг аввалги гуноҳлари мағфират қилингай”, дедилар” (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ