Мақолалар

Ғафлатда қолманг! Бароат кечаси: тақдирлар, воқеа-ҳодисалар, қисматлар белгиланади

Эслатма! Шаъбон ойининг 14-дан 15-га ўтар кечаси энг фазилатли тунлардан бири Бароат кечасидир. (Милодий ҳисобда 2021 йил 28 мартдан 29 мартга ўтар кечасига тўғри келади иншааллоҳ)

 

Бароат кечаси қайси кунга тўғри келади?

Бароат кечаси Шаъбон ойининг 14-дан 15-га ўтар кечасига тўғри келади.

 

Бароат сўзни қандай маънони англатади?

“Бароат” сўзи араб тилида “озод бўлиш”, “нажот топиш” деган маъноларни англатади. Бу кечанинг бароат, яъни нажот топиш, озод бўлиш кечаси дея номланишига сабаб, унда Аллоҳ таолонинг раҳмати сабабли беҳисоб инсонлар дўзахдан нажот топадилар. У Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасига тўғри келади.

 

Бароат кечаси қандай кеча?

Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан: “Эй Оиша бу кеча қандай кеча эканини биласизми?” деб сўрадилар. Мен: “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ азза ва жалла бу кеча бандаларига раҳмат назари билан қарайди ва мағфират сўровчиларни мағфират этади, раҳм сўровчиларга раҳм қилади, дилларида мусулмонларга нисбатан гина, адоват сақловчи кишиларни қандай бўлса, шундай ҳолатда қўйиб қўяди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

Бу кечада нималар содир бўлади?

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу кечада (шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида) нималар бўлишини биласизми?” дедилар.

Оиша розияллоҳу анҳо: “Ё Аллоҳнинг Расули, бу кечада нималар бўлади?” дедилар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У кечада Одам болаларининг бу йилда туғиладиганлари ва бу йилда вафот этадиганлари ёзилади ва у кечада уларнинг амаллари кўтарилиб, ризқлари нозил бўлади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти). 

 

Бу кеча гуноҳлар мағфират қилинади

Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси дунё осмонига (Ўзининг шаънига мувофиқ) тушади ва Аллоҳга ширк келтирган ва қалбида гина, кудурат бор кишидан бошқа барчани мағфират қилади” (Имом Байҳақий ривояти). 

***

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида раҳмат назари билан қараб, ширк келтирувчи ва қалбида бирорта мусулмонга нисбатан гина-адоват сақловчи кишилардан бошқа барча махлуқларини мағфират қилади” (Имом Ибн Можа, Имом Байҳақий ривояти).

***

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат назари билан қарайди. Иккита шахсдан бошқа барчани мағфират қилади: бири гиначи, бошқаси ноҳақ одам ўлдирувчи”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти). 

 

Бу кеча дуолар қабул бўлади

Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, (Аллоҳ таоло тарафидан) бир нидо қилувчи нидо қилади: “Бирорта мағфират сўровчи борми, Мен уни мағфират қиламан! Бирор нарса сўровчи борми, Мен унга бераман”, дейди. Шу вақтда ким сўраса, унга берилади. Зинокор ҳотин ва мушрикдан бошқа".

 

Бу кеча одамлар дўзахдан озод қилинади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Жаброил алайҳиссалом менинг олдимга келиб: “Бу Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ таоло бу кечада кўп одамларни дўзахдан озод қилади. Уларнинг адади Калб қабиласи қўйларининг жунларидан ҳам зиёда бўлади. Фақат бу кечада Аллоҳ таолога ширк келтирган, гиначи ва қариндошлик алоқаларини узувчи, изорини (манманлик билан) тўпиғидан пастга тушириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлувчи ва хамр ичувчи кишиларга раҳмат назари билан қарамайди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

Бу кеча қандай амалларни бажариш лозим?

  1. Хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан адо этинг;
  2. Тавба ва истиғфор айтишга эътибор қилинг;
  3. Ўзингиз ва барча уммат учун хайрли дуолар қилинг;
  4. Тоқатингиз етганича зикрлар, нафл ибодатлар, Қуръон тиловати қилинг;
  5. Имкон топсангиз Шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутинг.

 

Ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Аллоҳ то тонг отгунича: “Қани, истиғфор айтувчи борми, уни мағфират қиламан. Қани, ризқ сўровчи борми, унга ризқ бераман. Қани, балога учраган борми, унга офият бераман. Қани фалон, фалон” дейди” (Имом Ибн Можа ривояти). 

 

Бу кечани бедор ўтказганга жаннат вожиб бўлади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бешта кечани бедор ўтказса, жаннат унга вожиб бўлади – тарвия, арафа, қурбонлик, фитр ва Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаларидир”, дедилар.

 

Аллоҳ таоло бу ойда холис ниятлар ила қиладиган жамики амалларимизни қабул этсин. Ўзи дуоларни ижобат этувчи ва гуноҳларни мағфират қилувчи Зотдир.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 2652 times

Мақолалар

Top