Мақолалар

Тарих ва бугун ёхуд Қуръон ўқинг!

Ниқоб (маска) тақиш қачондан бошланган?

Қадимда, ун сотувчилар ва нонвойлар бозорига ниқоб тақиб кириш шарт бўлган. Бу иш соғлиқни сақлаш мақсадида амалга оширилган бўлиб, муҳтасибнинг назорати остида олиб борилган. Бу иш дастлаб, Андалусия давлатига хос бўлган.

Ибн Абидийн Тужайбий Андалусий ўша вақтда ун ва нон сотувчиларини назорат этувчи муҳтасибнинг сўзларини келтириб, шундай дейди: «Бирортангиз хамир қораётган вақтида акса ургани ёки гапирганида оғзидан бирор нарса учиб ун ёки хамирга аралашиб кетмаслиги учун оғиз-бурнини ёпган ҳолда ниқоб тақиб олсин. Шунингдек, юзидан оққан тер хамир устига оқмаслиги учун пешонасига оқ дурра, латта танғиб олсин».

Ибн Абдун қаламига мансуб «Рисалатун фил ҳисба» асаридан (16- аср).

Изоҳ: Муҳтасиб арабчада - назорат қилувчи деган маънони англатади. Ўрта аср мусулмон давлатларида Ислом маросимлари, урф-одатлар ва қонунларнинг бажарилиши, одамларнинг жамоат жойларида юриш-туриши устидан назорат қилувчи амалдор. Ўрта Осиёда улар раис деб аталган.

Биз мусулмонлар доимо асл ҳақиқатни Исломдан қидирамиз. Акса уриш ҳақида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ таоло акса урганни яхши кўради. Эснашни эса кариҳ кўради. Сизлардан бирингиз акса уриб, «Алҳамдулиллаҳ», деб Аллоҳга ҳамд айтса, ҳар бир эшитган мусулмон кишига «Ярҳамукаллоҳ», яъни «Аллоҳ сенга раҳм қилсин», деб айтмоғи шарт бўлади. Аммо эснаш шайтондандир. Агар сизлардан бирингиз эснайдиган бўлса, қодир бўлганича уни қайтарсин. Чунки эснаган кишига шайтон кулади», дедилар.

Имом Бухорий ривоятлари.

Бугун яна телевидение, радиода, ижтимоий тармоқларда инсонларни кайфиятини туширадиган, бутун дунё азият чекаётган коронавирус ҳақида турли нохуш хабарлар урчишни бошлади. Агар биз мўмин мусулмонлар ўзимизга тасалли истасак, энг яхши давони, қалбларга хотиржамлик берувчи, руҳиятимизга сокин туйғуни Аллоҳ таолонинг каломи, Қуръони каримдан оламиз...

Барча ташвишларни бир четга суриб, Қуръони Каримни очсангиз, у сизга шундай тасалли бера бошлайди:

– «Аллоҳ танглик-камбағалликдан кейин енгиллик-бойликни ҳам (пайдо) қилур», (Талоқ сураси, 7-оят).

– «Айтинг: Сизларга у (бало)лардан ҳам, барча ғамлардан ҳам Аллоҳнинг ўзи нажот берур. Сўнгра сизлар яна ширк келтирурсиз!» (Анъом сураси, 64-оят).

– «Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган Зотми?!» (Намл сураси, 62-оят).

– «Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарсалар (бор)», (Зарият сураси, 22-оят).

Тафаккур қилар эканмиз, қуйидаги оят маъносини янада чуқурроқ ҳис қиламиз: «Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур», (Раъд сураси, 28-оят).

Бобур Аҳмад
тайёрлади

Read 1915 times

Мақолалар

Top