Мақолалар

Наврўзи олам шукуҳи

Гўзал юртимиз истиқлол шарофати ўлароқ халқаро майдонда тенг ҳуқуқли мустақил давлат сифатида муносиб ўринни эгаллаб жаҳонга юз тутди. У ўз овозига, давлат тизими ҳамда Конституциясига, миллий пули, миллий армияси, миллий ва диний байрамларига эга бўлди. Айтиш мумкинки, ер юзида умр кечираётган ҳар бир миллатнинг ўзига хос шундай миллий ва диний қадрият ва анъаналари мавжудки, у миллатнинг тарихини, улуғлигини, буюклигини намоён этиб туради.

 Улуғ халқимизнинг тарихи ва маданиятининг узвий қисми бўлган миллий, тарихий халқ байрами Наврўзи олам ҳам қадимий бўлиши билан бир қаторда, йилнинг баҳорида биз билан бирга янгиланиб, қадр топиб бораётган улуғ ва навқирон айёмидир.

  Наврўз байрамини тарихий, миллий байрам эканлиги ҳақида илмий маълумотларга таяниб айтадиган бўлсак, улуғ муаррих Абдулқосим Фирдавсий ўзининг “Шоҳнома” асарида Наврўз байрами ҳақида алоҳида фикрлар беради. Шу каби Абу Райхон Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида Наврўз байрами ҳақидаги маълумотларни келтиради. Умар Ҳайёмнинг “Наврўзнома” асарида ҳам тарихий маълумотлар баён қилинган. Бундан ташқари Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғатит-турк” асарида Наврўзга бағишланган халқ қўшиқлардан намуналар келтирилган. Машҳур тарихчи Ўрта Осиёлик олим Абу Бакр Наршаҳий ўзининг “Бухоро тарихи” асарида Наврўз кунидаги воқеаларни бир неча минг йиллик тарихга эга эканлигини айтиб ўтган. Дарҳақиқат, Наврўзи олам миллатнинг тарихини, унинг илмий ёндашиш тарзини, фан ва маданиятини, дунёқарашини, фалсафий, ижтимоий ва сиёсий жиҳатларини ўзида мужассам этувчи анъанавий айём десакмуболаға қилмаган бўламиз.

  Мушоҳада қилсангиз, Наврўзи олам мазмуни янги кун, янги фасл, янги йил ёки халқ тилида йилаввали деган маъонларни ифода этади. Аслида Наврўзни қайси ном билан аталмасин, у миллатнинг улуғ куни, янгиланиш, покланиш, яшариш, юксалиш байрами деб қараш мақсадга мувофиқдир. У байрам бўлиши билан бир қаторда йил вақтини белгилаб, кун билан туннинг тенг келганлигини ҳам таъриф этади. Тарихда йил тақвими, яъни фасллар алмашинуви, қутблар орқали билиш кишилар ҳаёт тарзида салмоқли ўрин олган. Таъкидлаш жоизки, аждодларимиз ой, юлдуз, қуёш каби осмон жисмларидаги ўзгаришларни кузатиб, улар тўғрисида муайян билим ва салоҳиятни ўзлаштирганлар. Сабаби, улар кундалик ижтимоий-сиёсий, хўжалик ва ҳаётий юмушларининг режаларини ана шу хисоб-китоб билан белгилаб борганлар.

  Ҳозирда Наврўзи олам билан боғлиқ миллий тадбирларга назар солсангиз амин бўласизки, бу аждодлар руҳониятига бўлган эҳтиром бўлиб, уларнинг қилиб ўтган воқеаларини тарихий анъна сифатида қабул қилишдир. Айнан шунинг учун ҳам Наврўз кунлари  қабристонларнинг зиёрат қилиниши, аждодларни дуоларда эсланиши уларнинг руҳига бўлган ҳурматимизнинг ифодасидир. Наврўз нафақат табиатни ўзгариши, янгиланиши, балки, у инсон қалби ҳамда руҳияти ва онг-шуъур тарзини тараққий этиши ва янгилашидир. Табиийки, атроф-муҳит ва табиатнинг янгиланиши инсон қалбига нур бахш этади. Ана шу нур эвазига инсонга келажакка бўлган умид ва истаги ҳамроҳ бўлади. Айнан шу боис Наврўз айёми тарихда ҳам ҳозирда ҳам тинчлик-осойишталик, тотувлик, дўстлик ҳамда ўз юртига бўлган муҳаббат туйғусини бахшида этади.

  Наврўз айёми тинчлик-осойишталик, тотувлик, дўстлик ҳамда ўз юртига бўлган муҳаббат туйғусини халқимизга бахшида этган бўлсада, афсуслар бўлсинки, шўролар даврида бу байрам буткул қувғин қилинди. Улуғ миллат ҳаёти ва хотирасидан ўчириб ташлаш мақсадида унинг байрам  сифатида нишонлашликни ман этилди.

  Шукрлар бўлсинки, ҳозирда Ўзбекистон юртида,  унинг озод ва обод  заминида Наврўз куни умумхалқ байрамларидан бири сифатида нишонланмоқда. Наврўз куни дам олиш куни деб эълон қилинган. Ҳар йили шу куни байрам сайиллари ташкил қилинади. Байрам куни эрта тонгдан карнай-сурнайлар чалинади. Сайилгоҳларнинг баъзиларида курашчилар, бахшилар, чавандозлар, қўшиқчи-ҳофизлар байрам сайлига ташриф буюрганларга ўз маҳоратларини намойиш этишади. Жойларда Наврўзга бағишлаб тадбирлар ўтказилади, сумалак, ҳалим ва бошқа миллий тансиқ таомлар тайёрланади. Хайриялар ташкил этилиб, эҳтиёжи чекланганлар ҳолидан хабар олинади. “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйлари, ёлғиз кексалар, уруш ва меҳнат фахрийлари ҳузурига ташриф буюриб,совға-саломлар билан қутлаб, қалбларига сурур бахш этилади.

  Хулоса қилиб айтиш жоизки, баҳор байрами Наврўзи олам ҳақидаги байрамона томошалар, ҳалқ сайллари, тадбирлар халқимизнинг қадим тарихи ва руҳияти билан узвий боғлиқ эканлигига гувоҳ бўласиз.

  Бир сўз билан айтганда, юртимиз йилдан йилга обод, халқимиз фаровонлиги кун сайин ортиб бормоқда. Миллий ва диний қадриятларимиз  чирой очмоқда. Ўлкамиздаги миллий байрамимиз Наврўзи олам шукуҳи эса бизлар учун тинчлик ва осойишталик рамзи, халқимизнинг бирлиги, Ватанга бўлган садоқати, она заминимизга қут-барака воситаси бўлса ажаб эмас.

Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби

Read 2336 times

Мақолалар

Top