Мақолалар

Лола тухмича ғайратинг йўқму?

Замҳарир қишнинг қаҳратон кунлари чекиниб, юртимизга фасллар келинчаги баҳор ташриф буюрди. Бу фаслни халқимиз интиқиб кутиб, яшариш, яшнатиш айёми сифатида жуда қадрлайди. Ҳатто ёши улуғ инсонлар баҳорга етказсин, деб бежиз дуога қўл очишмайди. Чунки баҳорнинг шифобахш неъматлари танга мадор, руҳга қувватдир.

Юртимизда қадимдан боғ барпо этиш, дарахтлар экиш, гулзорлар ўстириш эзгу анъана сифатида авлоддан-авлодга ўтиб, бу эзгу амаллар айнан баҳор фаслида кўпроқ амалга оширилади. Ҳар йили баҳор бошланиши билан, халқимиз таъбирича, “Ҳамал келди – амал келди” бўлса, қишлоқларда қимирлаган жон борки, далага ошиқади. Эзгу ниятлар билан ерга ниҳол қадайди. Айниқса, ўғил фарзандли бўлган оталарнинг хайрли ниятлар билан тераклар экиши миллат давомийлигини таъминлайди.

Шугина эмас, балки баҳор бебаҳо қадриятларимизнинг наслдан-наслга безавол ўтишини таъминловчи фаслдир. Эътибор берган бўлсангиз, отахонлар ҳашарлар уюштириб, фарзадларига, набира-абираларига дарахтларни қандай буташни, оқлашни, ерга ниҳол қадашни ўргатишади. Бу халқимизга хос катта мактаб.

Ҳашарлардаги дийдорлашувнинг файзи ўзгача: бу жараёнда ёшлар нуронийлардан ҳаёт сабоқларини олишиб, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, хайру саховат каби фазилатларни ўрганишади. Яна бир муҳим жиҳати шуки, ҳашар туфайли халқимиз, ўртасида бирдамлик, ҳамжиҳатлик ёрқинроқ намоён бўлади. Ҳашар қўлни-қўлга бериб, бир ёқадан бош чиқариб ишлашга ундайди.

Шунингдек, ҳашар замирида улкан рамзий маъно мужассам. Сўнгги йилларида чинакам қадрият даражасига кўтарилган ҳашарда атроф-муҳит, маҳалла-кўй, шаҳарларимиз обод бўлиши баробарида кўнгли ўксик инсонларнинг ҳам қалблари шод бўлади: уларга совғалар улашилади.

Муқаддас динимизда ҳам зироат, яъни деҳқончилик қилиш улуғланади. Ердан униб чиқаётган ўсимликлар Аллоҳ таолонинг мўъжизасидир. Қуръони каримда: «Сизлар экаётган зироатларингизни (ўйлаб) кўрдингизми?! Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?!» (Воқеа сураси, 63–64-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади” (Имом Муслим ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Бу ҳадис кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғли улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади.

Бошқа бир ривоятда “Агар мусулмон банда бирор туп кўчат экадиган бўлса, ундан инсон, ҳайвон ёки қуш еса, бу ўша бандага қиёмат кунигача садақаи жория бўлади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).

Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир киши Дамашқ кўчаларидан ўтаётса, кўчат экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қилаяпсиз, ахир, сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Шошма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деганларини эшитганман”, дебди» (Имом Аҳмад ривояти).

Аждодларимиз: “Бизлардан олдин ўтганлар кўчат экишди, биз ундан едик. Энди эса, биз экамиз, уни кейинги авлодлар ейди”, дейишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига деҳқончилик, хусусан кўчат экишга тарғиб қила туриб бундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Имом Бухорий ривояти).

Муқаддас динимизнинг ана шу буйруқлари миллатимизнинг ққадриятлари қаторидан жой олиб, истиқлол туфайли янгича маъно-мазмун касб этаётгани айни ҳақиқат.

Заминимиз серунум, ерга чўп тиқсак, ниҳол бўлиб кўкка бўйй чўзишини тажрибада кўп марта кузатганмиз. Лекин афсуски, айримларнинг ҳайҳотдек томорқаси йил бўйи бўш ётиши киши дилини хуфтон қилади. Бундай ҳолатларни кўриб, ҳатто башарияят отаси Одам алайҳиссалом ҳам ердан унумли фойдалангани, деҳқончилик блан шуғуллангани эсимизга тушади. Аллоҳнинг эрка бандаси ҳам серғайрат бўлгани бизга намунадир.

Ён-атрофимизни, ҳашаротларни кузатиб, ибрат олишимиз керак. Бежиз Алишер Навоий ҳазратлари:

Тухум ерга кириб, чечак бўлди,

Қурт жондин кечиб, ипак бўлди.

Лола тухмича ғайратинг йўқму?!

Пилла қуртича ҳимматинг йўқми?! демаганлар.

Демак, кўчат экиш, экин-тикин қилиш, томорқалардан унумли фойдаланиш савобли амаллар сирасига киради. Киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам унинг ҳақига муттасил равишда савоб бориб туриши учун ерга ниҳол қадаши керак. Шундай экан, бу эзгу ишдан четда қолмайлик.

 

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Read 1835 times

Мақолалар

Top