Мақолалар

Даврий нашрларда: Исломда меъёр масаласи

Алихонтўра Соғуний ҳазратлари: “Ҳар бир инсоннинг муқаддас тўрт нарсаси бўлади. Булар: озодлиги, меҳнати билан топган молига эгалик қилиши, туғилиб ўсган она юрти, асрлар давомида асраб[1]авайлаб келаётган муқаддас дини. Шу ўринда тўрт нарсага эга бўлмаган инсон инсонийлик шарафидан маҳрумдир”, деганлар.

Сўнгги вақтларда жамият ҳаётида олиб борилаётган ислоҳотлар киши руҳиятини кўтаради. Лекин айримларнинг ўзини тутиши, хурмача қилиқлари киши асабини бузади. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг: “Дилинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин”, деган ҳикматининг замирида меъёр масаласи мужассам. Исломда “ўрта уммат” атамаси биз юритаётган фикрга ҳамоҳангдир. «Ана шундай қилиб, одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Расул устингиздан гувоҳ бўлиши учун сизларни ўрта уммат қилдик. Сен аввал юзланган қиблани орқасига қайтадиганлар ким-у, Расулга эргашувчилар ким эканини билишимиз учунгина қилганмиз. Бу, албатта, Аллоҳ ҳидоятга солганлардан бошқаларга оғирдир. Аллоҳ имонингизни зое қилмас. Албатта, Аллоҳ одамларга ўта шафқатлидир, ўта раҳмлидир» (Бақара сураси, 143-оят).

“Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларни ўрта уммат эканини эълон қилмоқда. Биз “ўрта” деб тар[1]жима қилган сўз араб тилида “васат” дейилади. Бу сўз “яхши”, “ўрта”, “марказ” ва “адолатли” деган маъноларни англатади.

Кўпроқ “ўрта” маъносида ишлатилгани учун таржимада шу сўз олинган. Ўртанинг яхши дейилаётгани боиси шуки, четлар чет бўлгани учун ҳам ҳар хил таъсирларга кўп учрайди ва бузилиш эҳтимоли кўпроқ. Аммо ўрта бузилмай, яхши ҳолича қолади. “Ўрта”га адолат маъноси берилишининг сабаби эса, ўрта атрофларга нисбатан бир хил туради, бирор томонга оғиб, адолатни бузмайди” (“Тафсири ҳилол”).

Ўз навбатида, меъёрнинг тагзаминини, миллий-ахлоқий қадриятларимиз, Қуръони карим ва ҳадиси шарифдаги илоҳий илм неъматларини жаҳон ва миллий адабиётимиз асосида ҳар бир ёшнинг онгига сингдириб бориш, яъни замонавий билимларни диний-ахлоқий меъёрлар билан боғлаб ўрганиш фойдадан холи бўлмайди.

Ҳар бир неъматдан фойдаланишда меъёр муҳимдир. Исломда ибодатда ҳам меъёр бўлиши, меъёрни бузиш, аввало, мўминга оғир келиши таъкидланади. Ойша онамиз розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадис бунинг далилидир: «Бани асадлик бир аёл ҳузуримда ўтирган эди. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйга кириб келиб: “Бу аёл ким?” деб сўрадилар. “Бу – ўша, кечаси ухламай намоз ўқиб чиқадиган аёл”, дедим. Сўнг мазкур аёлнинг қанақа намоз ўқиши ҳақида сўзлашдик. Шунда Расулуллоҳ: “Бундай қилманглар, солиҳ амалларни қурбингиз етганича адо этинглар, қанча ибодат қилсангиз ҳам, то сизлар малолланмагунингизча Аллоҳга малол келмайди”, – дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Албатта, халқимиз менталитетида Исломнинг ўрни беқиёс. Лекин муқаддас динимизни яхши билмаслик ёки нотўғри талқин этиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Ваҳо[1]ланки, динимиз ҳар бир ишда мўътадил бўлишни, меъёрни билишни ва унга амал қилиш[1]ни адолат мезонларидан деб ҳисоблайди.

Ихтиёр ЭРГАШЕВ,

фалсафа фанлари номзоди

 

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 12-сонидан олинди

Read 1821 times

Мақолалар

Top