Мақолалар

Қабри Мадина шаҳрида бўлган Бухоро хонлари

Марказий Осиё давлатчилиги тарихидан маълумки, давлат ҳукмдорлари кўп ҳолларда тахтдан воз кечса ёхуд туширилса, охират амалларини бажариш, шариат арконларидан бирини адо этиш учун Макка ва Мадинага йўл оладилар. Улар ўша ерда вафот этиш орзусида Макка ва Мадинада умрларининг охирларига қадар фақирликда, тоат-ибодатда ҳаёт кечирадилар.

Тахтдан туширилган ҳукмдорларга Ҳаж зиёратига бориш таклифи кўп ҳолларда фитна ниятида ҳам билдирилганлиги тарихдан маълум. Масалан, 1449 йил Мирзо Улуғбекка қарши шундай фитна уюштирилган эди. Ўрта Осиё давлатларидан ўнлаб ҳукмдорлар маълум муддат Макка ёки Мадинада яшаб, шу ерда вафот этиб, дафн этилган.

Масалан, Бобурийлар давлатида Ҳумоюн ва Комронмирзо ўртасида узоқ курашлардан кейин, 1555 йил Бобурийларнинг Афғонистон ҳудудидаги ҳукмдори, Бобурнинг иккинчи ўғли Комронмирзо суюрғоллардан маҳрум этилиб, кўзлари кўр қилиниб, Ҳаж зиёратига юборилган. 1557 йилда Маккада вафот этган шаҳзода, шу ерда дафн этилган.

Бухоро хонлигида ҳукмронлик қилган аштархоний ҳукмдорлар – Боқи Муҳаммад, Вали Муҳаммад, Имомқулихон, Надр Муҳаммадхон, Абдулазизхон, Субҳонқулихон, Убайдуллахон, Абулфайзхон, Абдулмўминхонларнинг икки нафари Мадинада, бири эса Эронда вафот этган. Бироқ уларнинг ҳар учаласи ҳам Мадинада дафн этилган.


Дин Муҳаммадхон ибн Жонибекхоннинг ўғли, Бухоро хони Имомқулихон (1611–1642 йилларда ҳукмронлик қилган) 1642 йил укаси Надр Муҳаммадхон фойдасига тахтдан воз кечиб, Ҳаж зиёрати учун Макка ва Мадинага йўл олади.

Мадинада икки-уч йил яшаб, шу шаҳарда Мовароуннаҳрдан борган зиёратчилар дам олиб кетишлари учун Чорбоғ, Маккадаги Каъбага киравериш дарвозаларидан бирига олтин ва кумуш тутқичли ёғоч зина қурдиради. Вафот этгач, Мадинадаги Бақиа қабристонида дафн этилади.

Унинг укаси Надр Муҳаммадхон (1642–1645 йилларда ҳукмронлик қилган; 1651 йилда вафот этган) Бухоро тахтидан маҳрум бўлгач, Балх ва Бадахшонда ҳукмронлик қилди. Эрон сафавийлари ёрдамига таянган ҳолда Бухоро ҳокимиятини қайтариб олишга ҳаракат қилди.

Унга сафавий шоҳларининг ёрдам беришига сабаб Надр Муҳаммаднинг онаси Машҳад саййидларидан бўлганлиги, Эрон сафавийлари хонадонига ҳам қариндошлигида эди. Балх ва Бадахшонда узоқ вақт ҳукмронлик қилган хон Макка ва Мадина зиёратини ихтиёр қилиб, ўша ерда умрининг сўнггигача қолиш учун шу шариф шаҳарлар томон йўл олади.

Лекин йўлда, Эроннинг Симнон вилоятида тўсатдан вафот этади. Унинг жасадини Эрон шоҳи эҳтиром билан Мадинага олиб бориб дафн этишни буюрган.

Шу тариқа, Надр Муҳаммаднинг жасади Мадинага, Бақиа қабристонига, акаси Имомқулихон қабри ёнига дафн этилган.

Аштархонийларнинг бешинчи хони Абдулазизхон (1613–1682 йилларда яшаган; 1645–1681 йилларда ҳукмронлик қилган) 1681 йил ўз укаси Субҳонқулихонни Бухоро тахтига чиқариб, ўзи Умра зиёрати учун Макка ва Мадина шаҳарларига йўл олган.

У 1682 йил Мадинада 70 ёшида вафот этган ва амаки бобоси (отаси Надр Муҳаммаднинг акаси) Имомқулихон мақбараси ёнида, Бақиа қабристонига дафн этилган.

Акбар Замонов,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

(“Ўрта аср тарихий шахслари ҳаётининг айрим номаълум саҳифалари” китобидан олинди)

Read 2140 times

Мақолалар

Top