Мақолалар

Нафсингни бўйсундириб, яхшилик йўлига солиб қўйсанг, оламда сендек шижоатлик зот йўқ
  1. Беша шерин гар забун

қилсанг шижоъатдин эмас,

Нафс итин қилсанг забун,

оламда йўқ сендек шужоъ.

 

“Агар ўрмоннинг шерини забун қилиб – мағлуб қилиб, ўзингга бўйсундириб, ўз хизматингга солиб қўйсанг, бу шижоат саналмайди. Лекин нафсинг итини мағлуб қилиб, бўйсундириб, яхшилик йўлига солиб қўйсанг, у ҳолда оламда сендек шижоатлик зот йўқ!”

 

Агар инсон илоҳий таклифни – Аллоҳнинг амр-фармонларини унутса, нафсига эргашса ва ақлини бутга айлантириб, ишларини Аллоҳнинг амр ва тақиқларига мослаб эмас, балки ўз ҳавойи нафсига қараб бажарса, у ҳолда у – ҳам золим, ҳам жоҳил саналади.

 

Нафс нима? “Тасаввуф ва гўзаллик” китобида айтилади: “Инсон учун ё Аллоҳнинг сўзига, ёки аксинча, ўз нафси сўзига юрмоғи бор. «Ўз» сўзи эса арабчада «нафс» деган нарсадир. Биз, ўз нафсимизнинг сўзини, фикрини, қаноатини, ақлини, орзу-истагини эмас, балки Аллоҳнинг амрини, буйруғини таржиҳ этган – устун қўйган бўламиз. Бу муҳим бир ишдир. ...Биз бу маънони теран тушунмоғимиз лозим. Яъни, ўз нафсимизнинг сўзига эмас, Аллоҳнинг сўзига юрайлик.

 

Ҳолбуки, ғарб маданиятида инсоннинг ўзи «эгоси» марказдир, яъни, гўё биринчи даражададир. «Эго» дегани «нафс» сўзининг Ғарб тилларидаги айнан муқобилидир. Ғарбда шу нафс асосдир, кишининг шахсияти асосдир, ўз хоҳиш-истагини бажара олиши асосдир. Ҳатто, ҳуррият ҳам уларга шунинг учун керак. Инсон ҳар қандай истагини бажарса, орзулари ушалса, бас! Ғарбдаги ҳурриятлар, эркинликлар ва ҳоказолар шундан келиб чиққан. Биз эса бу тамал нуқтада, бу асос масалада улардан фарқланамиз. Биз, «Йўқ, мен ўз хоҳиш-истагимга юрмайман! Ўзимни енгаман! Ўзимни қўлга оламан. Аллоҳ нима деса, шуни бажараман!» деймиз. Бу жуда муҳимдир” (“Тасаввуф ва гўзаллик”).

 

Хулоса шуки, Аллоҳнинг амр-фармонларини қўйиб, доим ўз нафси истакларини бажариб юрувчи инсон мушрик саналади, яъни ўз нафсини ўзига Худо қилиб олган бўлади. У Аллоҳга эмас, нафсига қул бўлган саналади. Қуръони каримда икки ўринда: “Ўз ҳавойи нафсини ўзига илоҳ қилиб олган кимсани кўрмадингизми?” деган маънода оят келади. 

Нафснинг хоҳиш-истакларига кўра яшаш, ўз нафси талабларини ҳукмрон қилиб олиш ширкнинг бир туридир. Далилларга ўтамиз:

Фурқон сураси, 43-оят маъноси: (Аллоҳни ва Унинг ҳукмларини унутиб) ўз ҳавойи нафсини ўзига илоҳ қилиб олган кимсани кўрдингизми?! Энди сиз унга вакил (қўриқчи) бўл(иб уни асрай ол)урмисиз?!

 

Жосия сураси, 23-оятида ҳам шу ифода келади. Аш-Шаъбий айтадилар: “Нафс хоҳишларининг ҳаво дейилиши инсонни жаҳаннамга олиб бориши сабаблидир” (“Руҳул-баён”, 8-жилд, 43-саҳифа). Ҳавойи нафс ҳоким бўлган жойда гумроҳлик бор. Инсон ўз ҳавои нафсига қанча эргашса, шунча гумроҳликдадир (“Файзул-Фурқон”).

 

Ҳавойи нафс – Қуръонга қарши бориб, Аллоҳнинг илоҳлиги ва Рабблигини қабул қилмайдиган кимсаларнинг энг катта бутидир. Исломга мувофиқ келмайдиган ҳар қандай орзу-истак ва иш-ҳаракат ҳавойи нафсдир (“Файзул-Фурқон”).

 

Шунинг учун ҳазрат Навоий айтмоқдалар: “Агар ўрмоннинг шерини забун қилиб – мағлуб қилиб, ўзингга бўйсундириб, ўз хизматингга солиб қўйсанг, бу шижоат саналмайди. Лекин нафсинг итини мағлуб қилиб, бўйсундириб, яхшилик йўлига солиб қўйсанг, у ҳолда оламда сендек шижоатлик зот йўқ!”

 

 

Мирзо Кенжабек

“Навоий муҳаббати”

китобидан.

Read 1976 times

Мақолалар

Top